26 ноябрь куни ўзбекистонлик аралаш қоидали жанглар устаси Мурод Хонтўраев Тошкент савдо мажмуасида пичоқлаб кетилган эди.
Спортчи шундан сўнг, 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган, кичик операцияни бошидан ўтказган.Биз эса ушбу мудҳиш воқеага оид янги маълумотларни аниқладик.
Маълум қилинишича, Мурод Хонтўраев 26 ноябрь куни Шайхонтоҳур тумани, Чорсу майдони, 3-А уй “Тошкент савдо маркази”да жойлашган офисида танишлари – фуқаро 1984 йил 25 декабрда туғилган, муқаддам судланган А.Р. ва 1988 йил 15 майда туғилган, муқаддам судланган Икром Саидов билан ўтирган вақтида, бинога ниқобланган, қора махсус кийимлардаги 6-8 киши кириб келади. Номаълум шахслар йигитларга “ерга ёт” буйруғини бергач, Хонтўраев ва унинг танишлари ниқобланган кишиларни давлат идораси ходимлари деб ўйлаб, ерга ётади.
ВИДЕОНИ КЎРИШДА МУАММОГА ДУЧ КЕЛДИНГИЗМИ? УНДА БУ ЕРГА БОСИНГ.
Номаълум шахслар ўзлари билан олиб келган ўткир тиғли жисмлар – темир (арматура) бўлаклари, резина таёқлар (дубинка), пневматик ўқотар қуроллардан фойдаланиб, Мурод Хонтўраев ва унинг таниши И.С.ни уриб, тан жароҳати етказиб, воқеадан жойидан ғойиб бўлади.
ВИДЕОНИ КЎРИШДА МУАММОГА ДУЧ КЕЛДИНГИЗМИ? УНДА БУ ЕРГА БОСИНГ.
Шифокорлар Мурод Хонтўраевга қуйидагича ташхис қўйган:
Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси, кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9 та) иккала кўкрак усти соҳаси сидирилган жароҳати, чап тирсак соҳаси кесилган жароҳати.
Айни дамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот ўрнида, спортчи Мурод Хонтўраев 1987 йилда туғилган. У муқаддам 2011 йилда Мирзо Улуғбек тумани ЖИБ суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “б” банди ва 104-моддаси, 3-қисми “г” банди билан судланган.