26 ноябрь куни Тошкентдаги «Тошкент савдо маркази»да (собиқ «Туркуаз») офислардан бирига ҳужум қилиниши натижасида MMA жангчиси Мурод Хонтўраев жароҳат олгани ва касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. 28 ноябрь, чоршанба куни спортчи ўзининг Instagram’даги саҳифасида ҳозирги аҳволи акс этган сурат билан бўлишди, деб ёзади Repost.
Қайд этиш жоиз, ҳужум натижасида Хонтўраев «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9 та), иккила кўкрак усти соҳаси сидирилган жароҳати, чап тирсак соҳаси кесилган жароҳат» ташхиси билан 1-шаҳар касалхонасига ётқизилганди.
Спортчига ҳужум қилган шахслар ҳали аниқланганича йўқ; ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган арсаларни (қурол сифатида) қўллаб безорилик содир этиш») билан жиноят иши қўзғатилган (бу модда бўйича айбдор деб топилганлар уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин).
Эслатиб ўтамиз, Мурод Хонтўраев жорий йилнинг 21 июнига ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клубда рўй берган можаро иштирокчиси бўлган, у кўкрак қисмига пичоқ билан берилган зарбадан жароҳат олганди. Кейинроқ шифохонадан ҳуқуқ-тартибот органларига сўроқ бериш учун олиб кетилган, суд ҳукми билан қамоққа олинганди.
Суд уни Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди («такроран ёки хавфли рецидивист томонидан безорилик содир этилиши») бўйича айбдор деб топган («Осиё айиғи» лақаби билан машҳур Мурод Хонтўраев илгари ҳам судланган).
Аввалига унга 3 йиллик қамоқ жазоси хавф солаётганди. 12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Мурод Хонтўраевга жарима тарзидаги жазони қўллади. Спортчи энг кам иш ҳақининг 94 баравари миқдорида жарима (16 190 560 сўм) тўлаб, озодликка чиқди.