Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) қитъада йилнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилди.
Қувонарлиси, бир неча йўналишларда ҳамюртларимиз энг яхши бўлиш учун кураш олиб борадилар.
«Йилнинг энг яхши боксчиси» номинациясида икки нафар спортчимиз давогарлар қаторида қайд этилди. Жакартадаги Осиё ўйинлари ғолиблари Исроил Мадримов ва Иқболжон Холдоров бу борада энг яхши бўлиш учун номзод бўлишди.
Аргентина Олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби Абдумалик Халаков қитъада «Йилнинг энг яхши ёш боксчиси» бўлиши мумкин.
Бутунжаҳон бокс сериясида иштирок этган энг яхши осиёлик боксчи бўлиш учун номзодлар қаторида Баҳодир Жалолов ва Шаҳобиддин Зоиров қайд этилди.
«Осиё боксида йил кашфиёти» номинациясида Осиё ўйинлари ғолиби Миразизбек Мирзаҳалилов, шунингдек кумуш медаль соҳиби Шунқор Абдурасулов ҳам кураш олиб боради.
«Осиёда йилнинг энг яхши техник мутахассиси» бўлиш учун яна бир ҳамюртимиз Дилшод Казаков давогарлик қилмоқда.
Қитъамизнинг энг яхши ҳаками бўлиш учун ҳамюртимиз Александр Ҳамидов кураш олиб боради.
Осиё ўйинларида 7 та имкониятдан 7 та медаль жамғара олган Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам қитъада йилнинг энг яхши федерацияси бўлиш учун номзод бўлди.
Сиз ушбу ҲАВОЛАга ўтиш орқали ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашингиз мумкин.