Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ғуломҳайдар Ғуломов: «Мен ўйнаган жамоаларда келишилган ўйинлар бўлишини ташқаридан эшитганман»

Баҳо:
+ | -

Олмалиқнинг АГМК жамоаси ўзбек футболи тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди ва ОЧЛга чиқиш имкониятини қўлга киритди. Жамоанинг бундай ютуқларига Ғуломҳайдар Ғуломов ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биз футболчи билан боғланиб Суперлиганинг бу йилги баҳслари ва фаолияти борасида суҳбатлашдик.

Бу йилги Суперлига баҳслари АГМК учун қанчалик омадли бўлди?

-АГМК жамоаси учун чемпионат баҳслари омадли ўтди, деб айта олмайман. Сабаби, чемпионат баҳсларида кўплаб очколарни йўқотдик ва плей-офф босқичида Суперлигада қолиш учун Про-лига жамоасига қарши баҳс олиб бордик. Ўзбекистон кубогида ғалаба қозониб ОЧЛнинг плей-офф йўлланмасини қўлга киритган жамоага бундай натижа ярашмайди. Агарда плей-офф босқичида мағлуб бўлганимизда Про-лигага тушиб кетар эдик. Ўзбекистон кубогини қўлга киритганимиз бизни хурсанд қилди. Ўзбекистон кубоги финал босқичида “Пахтакор“ жамоасига қарши руҳан тайёр эдик. “Пахтакор” бизга қарши ўйинда бизни менсимай ўйнади, деб айтмаган бўлардим. Биз ушбу ўйинга боримизни бергандик. Чунки ортга йўл йўқ эди.

Жамоада қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

-Жамоада ўзгаришлар бўлиши мумкин. Мени клуб билан тузган шартномам йил сўнгида якунланади. Жамоада қоламанми йўқми, билмайман. Барчасини раҳбарият ҳал қилади.

12 февраль куни Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоасига қарши ОЧЛ плей-офф босқичида майдонга тушасизлар. Ушбу учрашув олдидан қандай фикр билдирасиз?

-“Истиқлол” жамоаси биздан кучсизроқ, деб айтмаган бўлардим. Сабаби, “Истиқлол“ ҳар доим ОФК чемпионатларида қатнашиб келади. Билсангиз, ҳамюртимиз Жаҳонгир Абдумўминов “Истиқлол” жамоасида фаолият олиб боради. Жаҳонгир билан алоқада бўлиб турамиз. “Истиқлол” жамоаси билан кучимизни тенг деб баҳолашим мумкин. Кўпчилик, “Истиқлол“ни бемалол мағлуб этамиз, деб ўйлайди. Аксинча ундай эмас. Жаҳонгир Абдумўминов “Истиқлол” клуби қандай кучга эканлиги ва жамоада кимлар ўйнаши ҳақида анча олдин айтганди.

Бу йилги чемпионат аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилди?

-Бу йилги чемпионатда у даражада катта ўзгариш бўлмади. Чемпионат тизимида тезкор ўзгаришлар бўлганлиги сабабли бироз тушунмовчиликлар юзага келди. Янги тизим жорий этиш учун секин-аста тайёргарлик кўриш керак. Чемпионат ўртасида регламент ўзгартирилди. Клублар сони камлиги ҳисобига 2та жамоа ўзаро 4 маротаба тўқнаш келди. Кучли чемпионатларда бундай эмас. 2та жамоа ўзаро 4 маротаба ўйин ўтказганини қаерда кўргансиз? Ҳеч қаерда йўқ. Бизнинг мақсадимиз ички чемпионатимизни кучайтириш. Эктор Купер ҳам ўз интервьюсида ички чемпионатни кучайтириш ҳақида айтиб ўтганди. Бу йилги Суперлига баҳслари менга унчалик ёқмади.

Бу йилги Суперлига Қанчалик фойда бўлди?

-Фойда бўлди деб айта олмайман. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, чемпионат ўйинларида ҳеч қандай ўзгариш сезмадим. Суперлига баҳслари ёмон бўлгани йўқ, лекин ўзгариш ҳам бўлмади. Чемпионат бошида барча жамоалар кучли олтиликка кириб олиш учун бор кучи билан кураш олиб борди. Учрашувлар ҳам мухлислар учун қизиқарли бўлаётган эди. Лекин, чемпионлик кураши ва Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жамоалар ажратилганида Суперлига ўйинларига қизиқиш бироз пасайди. Қуйи лигада пастги ўриндаги жамоалар Суперлигада қолиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Лекин Кучли олтиликда эса умуман бошқача вазият бўлди. 5-6 поғонани эгаллаган жамоалар барча учрашувларда мағлубиятга учраса ҳам қуйи лигага тушиб кетмайди. Шундай экан улар ҳеч нимадан қўрқмасдан ҳаракат қилишди. Жон сақлаб қолиш учун кураш олиб борган жамоалар эса Суперлигада қолиш учун бир-бирини гўштини еди.

Виктор Кумиков ва Бахтиёр Ашурматов қандай мураббийлар сирасига киради, Ашурматовнинг ўйин услубига кўникиб кетиш қийинчилик туғдирмадими?

-Футболда ҳар бир мураббий қатиқ қўл бўлиши керак. Кумиков ҳам қатиқ қўл мураббийлар сирасига киради. Кумиков асосан ҳимоявий футболни яхши кўрарди. Биринчи навбатда ҳимоя бўлса ҳужумда барчаси рисоладагидек бўлади, деб айтарди. Ашурматов эса ҳимоядан ташқари ҳужумда кўпроқ ишлашимизни талаб қиларди. Финал босқичида мана шу нарса бизга қўл келди.

Бахтиёр Ашурматов келганидан сўнг жамоа ўйинида қандай ўзгариш бўлди?

-Ўйин томондан ўзгариш бўлди. Бир мураббий мавсумнинг ярмида келиб жамоани ўзгартириши қийин. Хосеп Гвардиола, жамоани юксак даражага олиб чиқиш учун 4 йил вақт керак бўлади, деб айтганди. Бундан аввалги бош мураббийимиз Виктор Кумиков кўпроқ ҳимоявий тактикада ўйнатарди. Бахтиёр Ашурматов келиб тўп билан кўпроқ муомала қилишимизни айтди. Ўйинимиз ёмон эмас эди. Энг асосийси натижа кўрсата олдик. Агарда олтиталик бўлмаганида “Насаф“, “Қизилқум“, “Қўқон-1912“ АГМК каби жамоалар юқори ўринлар учун кураш олиб борарди.

Ўзбекистон кубогини қўлга киритишда кимнинг ҳиссаси катта, мураббийними ёки футболчиларними?

-Ҳар бир спортчи ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Ўзбекистон кубогини қўлга киритишимизда барчанинг ҳиссаси бор. Футбол жамоавий ўйин. Кубокни қўлга киритишимизда ошпазларимизнинг ҳам ҳиссаси бор. Барчаси бир-бири билан боғлиқ.

АГМК жамоаси билан тузган шартномангиз йил ўнгида ўз якунига етади. Бошқа жамоалардан таклифлар борми?

-Ҳозирча ҳеч қандай таклифлар йўқ. Клуб бизга дам берган. Айни пайтда оилам даврасидаман.

Суперлигадаги энг мураббий ўйин сиз учун қайси бири бўлди?

-Қаршида “Насаф”га қарши бўлган ўйин мен учун жуда ҳам оғир бўлди. Чунки ушбу ўйиндаги очко бизга сув ва ҳаводек зарур эди.

Бу йилги чемпионатимизда ҳакамлик қилган ҳакамлар ҳақида қандай фикрдасиз?

-Ҳакамлар кўп хато қилди. Ҳакамлар майдонда хато қилса улар биз учун душман бўлиб қолади. Улар ҳам инсон, робот эмас. Ҳакамлар ҳам хато қилишади. Агарда ҳакамлар атайлаб хато қилса бўлса, бу уларнинг виждонига ҳавола.

Бу йил келишилган ўйинлар деярли сезилмади. Сиз аввал “Машъал”, “Қизилқум” ва “Шўртан” жамоаларида фаолият юритгансиз. Ўша пайтда келишилган ўйинларда иштирок этганмисиз?

-“Машъал”, “Қизилқум” ва “Шўртан” жамоаларида ўйнаган пайтларим ёш бўлганман. Келишилган ўйинларда иштирок этмаганман. Мен ўйнаган жамоаларда келишилган ўйинлар бўлишини ташқаридан эшитганман. Исботингиз бўлмаса буни ҳеч кимга исботлаб бера олмайсиз. Лекин ўзим ҳеч қачон бундай ўйинларга аралашмаганман.

Балки келишилган ўйинларнинг бирортасида иштирок этган бўлсангиз керак?

-Ўзим билмаган ҳолда қайсидир келишилган ўйинда иштирок этган бўлишим мумкин.

Абдуллоҳ суҳбатлашди.

Манба: Penalti
Киритилди: 22:28, 11.12.2018.
Ўқилди: 2554 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.