Жорий мавсум Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Андижон» жамоаси бўлажак чемпионатга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўришга интилмоқда.
Жамоа раҳбарияти мураббийлар штабига тажрибали мутахассисларни жалб этишга қарор қилди.
Хусусан мамлакатимиздаги таниқли футбол мутахассисларидан бири бўлган Жалилов Виктор Романович «Андижон» футбол клубида спорт директори сифатида фаолиятини бошлади.
Ўз вақтида мураббий сифатида «Навбаҳор», «Машъал», «Пахтакор» сингари мамлакатимизнинг номдор жамоаларини бошқариб, сезиларли ютуқларни қўлга киритган Виктор Романович эндиликда «Андижон» жамоасининг равнақи йўлида астойдил мехнат қилиш учун бел боғлади. Жалилов ҳозирда бош мураббий Илдар Сакаевга селекция ишлари бўйича кенг кўламда ёрдам бераётганини айтиш лозим.
Шунингдек бош мураббийга янги мавсумда яна бир таниқли мутахассис Амет Мемет яқиндан ёрдам берадиган бўлди. Ўз вақтида маълум муддат бош мураббий сифатида «Андижон»ни бошқарган Амет Абдуллаевич эндиликда катта мураббий лавозимида фаолият юритадиган бўлди. Бир неча йиллардан буён, Украинада истиқомат қилиб келаётган Мемет ҳозирда «Андижон»га юқори савиядаги легионерларни жалб этиш юзасидан иш олиб бораётганини таъкидлаш лозим. Тез кунларда Амет Мемет Андижонга ташриф буюради.
Маълумот учун «бургутлар» декабр ойидаги ўқув-йиғин машғулотларини ўз қароргоҳида олиб боради. Жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик режаси ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
«Андижон» матбуот хизмати.