Наманганнинг «Навбаҳор» клуби якунига етган мавсумда 14 йиллик танаффусдан кейин яна сов-риндорлар сафидан ўрин олиб, бронза медали соҳибига айланди. Албатта, ушбу муваффақиятда жамоа етакчиларидан бири бўлган ярим ҳимоячи Аъзамжон Алиевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу йилги Суперлига баҳсларида Алиев «лочинлар» иштирокидаги барча 32та ўйинда майдонга тушиб, 4та голга ассистентлик қилди. Биз якунланган мавсум борасида маҳоратли хавбек билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.
- Аъзамжон, якунланган мавсум сизда қандай таассурот қолдирди?
- Умуман олганда, Суперлига баҳс-лари борасидаги таассурот ижобий. Аммо шахсий фикрим бўйича, ортда қолган мавсум ўртача кечди.
- Жамоангизнинг якунланган мавсумдаги ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Айрим хатоларни инобатга олмаганда, клубимизнинг якунланган мавсумдаги натижасидан қониқдим. Ҳар ҳолда, кўп йиллик танаффусдан кейин бронза медали соҳибига айландик.
- Сиз Суперлига баҳсларида барча 32та учрашувда майдонга тушган камсонли футболчилардан бирисиз. «Навбаҳор»да эса бу борада ягонасиз. Бунга қандай эришдингиз?
- Бу клубимиз мураббийларининг менга билдирган ишончлари ҳосиласи. Шу сабабли ҳам, 32та баҳсда майдонга тушишга муваффақ бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Менимча, ўзимга билдирилган ишончни оқладим. Акс ҳолда, бундай ижобий натижани қайд этолмасдим.
- Pepsi Суперлиганинг бу йилги формати борасида қандай фикрдасиз?
- Янги формат жамоамиз учун анча фойдали бўлди. Боиси, таъкидлаганимдек, 14 йиллик танаффусдан кейин 3-ўринни қўлга киритдик. Бундан ташқари, Суперлиганинг ҳар бир баҳси курашларга бой тарзда ўтди.
- Мухлислар учун яратилган шароитлар ва онлайн телетрансляция-лар борасидаги фикрингиз?
- Албатта, Pepsi Суперлига баҳсларининг телевидения орқали тўғридан-тўғри намойиш этилиши кўпчиликка маъқул келди ва футболимиз ривожи учун туртки берди. Учрашувларнинг мухлислар бўш вақтларига тўғри келганлиги эса янада яхши бўлди.
- Бу йилги Суперлига баҳсларида жамоангиз учун энг қийин баҳс қайси бўлди?
- 30-тур доирасидаги ўз майдонимизда «Бунёдкор» клубига қарши кечган учрашув бизга қийинчилик туғдирди. Боиси, мазкур ўйин бронза медали тақдирини ҳал қиларди. Шунинг учун ўша учрашувни 6 очколик ўйин деса ҳам бўлаверарди. Хайриятки, якунда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 3-ўринни деярли нақд қилдик.
- Бу йил «Навбаҳор» сафида кўплаб хорижлик футболчилар тўп суришди. Сизнингча, улардан қайси бири легионер номини оқлади?
- Хорижлик жамоадошларимнинг ҳар бири ўз имконияти даражасида тўп суришди. Шунинг учун уларнинг ўйин-лари борасида бирор фикр билдира олмайман.
- «Навбаҳор»нинг айни пайтдаги устози Андрей Канчельскис бошқа мутахассислардан машғулотлар олиб бориш, ғалабага руҳлантириш борасида қандай сифатлари билан ажралиб туради?
- Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. Шулар қаторида Андрей Антанасович ҳам биз - футболчиларни бўлажак ўйинларга ўзига хос тарзда тайёрлади. Унинг кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор қаратишини таъкидлаш жоиз.
- «Навбаҳор» бу йил бронза медали соҳибига айланди. Нима деб ўйлайсиз, мазкур муваффақият қониқарлими ёки жамоа бундан ҳам юқорироқ ўринни эгаллашга қодирмиди? Қодир бўлса, бунинг учун «Навбаҳор»га нима етишмади?
- Албатта, жамоамизда ўтган мавсумга қараганда анча ўсиш бўлди. Чунки бу йил совринли ўринлар кураш олиб бордик ва якунда 3-ўринни қўлга киритдик. Тўғри, бу ҳам ижобий кўрсаткич. Аммо бундан-да яхшироқ натижани қўлга киритишга ҳам қодир эдик. Менимча, бунинг учун бизга бироз омад етишмади.
- Клубингиз таркибида ким бу йил яхши ўйин намойиш этди?
- Жамоадошларимнинг ҳар бири ўз вазифасини сидқидилдан бажарди. Барчамизнинг ягона мақсад йўлида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилганимиз муваффақият омили бўлди. Шунинг учун жамоадошларимдан ҳеч бирини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Уларнинг барчалари жуда яхши ўйин намойиш этишди.
- 14 декабрь куни бу йилги мавсум лауреатлари аниқланади. Сизнингча, якунланган мавсумда Суперлиганинг энг яхши мураббийи ва футболчиси ким бўлади?
- Менимча, «Локомотив» устози Андрей Фёдоров энг яхши мураббий, «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси ва сардори Жавлон Иброҳимов энг яхши футболчи номига лойиқ.
- «Навбаҳор»нинг муваффақиятида мухлисларнинг ҳиссаси қанчалик аҳамиятга эга бўлди?
- Албатта, бронза медалини қўлга киритишимизда мухлисларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Ишқибозлар жамоамизнинг ҳар бир учрашувида бизни қўллаб-қувватлаб, ғалабаларимизга ўз ҳиссаларини қўшишди.
- Келаси мавсум ҳам «Навбаҳор»даги фаолиятингизни давом эттирасизми?
- Насиб қилса, шундай бўлади.