Наманганнинг “Навбаҳор” клуби якунига етган мавсумда 14 йиллик танаффусдан кейин яна совриндорлар сафидан ўрин олиб, бронза медали соҳибига айланди. Албатта, ушбу муваффақиятда жамоа етакчиларидан бири бўлган ярим ҳимоячи Аъзамжон Алиевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу йилги Суперлига баҳсларида Алиев “лочинлар” иштирокидаги барча – 32та та ўйинда майдонга тушиб, 4та голга ассистентлик қилди.
Биз якунланган мавсум борасида маҳоратли хавбек билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
Аъзамжон, якунланган мавсум сизда қандай таассурот қолдирди?
Умуман олганда, Суперлига баҳслари борасидаги фикрим ижобий. Аммо шахсий фикрим бўйича, ортда қолган мавсум ўртача кечди.
Жамоангизнинг якунланган мавсумдаги ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
Айрим хатоларни инобатга олмаганда, клубимизнинг якунланган мавсумдаги натижасидан қониқиш ҳосил қилдим. Ҳар ҳолда, кўп йиллик танаффусдан кейин бронза медали соҳибига айландик.
Сиз Суперлига баҳсларида барча 32та учрашувда майдонга тушган кам сонли футболчилардан бирисиз. “Навбаҳор”да эса бу борада ягонасиз. Бунга қандай эришдингиз?
Бу клубимиз мураббийларининг менга билдирган ишончлари ҳосиласи. Шу сабабли ҳам, 32 та баҳсда майдонга тушишга муваффақ бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Менимча, мен ҳам ўзимга билдирилган ишончни оқладим. Акс ҳолда, бундай ижобий натижани қайд этолмаган бўлардим.
Pepsi Суперлиганинг бу йилги формати борасида қандай фикрдасиз?
Янги формат жамоамиз учун анча фойдали бўлди. Боиси, таъкидлаганимдек, 14 йиллик танаффусдан кейин 3-ўринни қўлга киритдик. Бундан ташқари, Суперлиганинг ҳар бир баҳси курашларга бой тарзда ўтди.
Мухлислар учун яратилган шароитлар ва “онлайн” телетрансляциялар борасидаги фикрингиз?
Албатта, Pepsi Суперлига баҳсларининг телевидения орқали тўғридан –тўғри намойиш этилиши кўпчиликка маъқул бўлди ва футболимиз ривожи учун туртки берди. Учрашувларнинг мухлисларнинг бўш вақтларига тўғри келганлиги эса янада яхши бўлди.
Бу йилги Суперлига баҳсларида жамоангиз учун энг қийин баҳс сизнингча, қайси ўйин бўлди?
30-тур доирасидаги ўз майдонимиздаги “Бунёдкор” клубига қарши кечган баҳс биз учун қийинчилик туғдирди. Боиси, мазкур ўйин бронза медали тақдирини ҳал қиларди. Шунинг учун ўша учрашувни 6 очколик ўйин деса бўлади. Хайриятки, мазкур баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб,
3-ўринни деярли нақд қилдик.
Бу йил “Навбаҳор” сафида кўплаб хорижлик футболчилар тўп суришди. Сизнингча, улардан қайси бири легионер номини оқлади?
Хорижлик жамоадошларимнинг ҳар бири ўз имконияти даражасида тўп сурди. Шунинг учун уларнинг ўйинлари борасида бирор фикр билдира олмайман.
“Навбаҳор”нинг айни пайтдаги устози Андрей Канчельскис бошқа мутахассислардан машғулотлар олиб бориш, ғалабага руҳлантириш борасида қандай сифатлари билан ажралиб туради?
Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. Шулар қаторида Андрей Антанасович Канчельскиснинг ҳам биз – футболчиларни бўлажак ўйинларга ўзига хос тайёрлаш услуби бор. Унинг кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор қаратишини таъкидлаш жоиз.
“Навбаҳор” бу йил бронза медали соҳибига айланди. Мазкур муваффақият сизнингча, қониқарлими ёки жамоа бундан ҳам юқорироқ ўринни эгаллашга қодирмиди? Қодир бўлса, сизнингча, бунинг учун “Навбаҳор”га нима етишмади?
Албатта, жамоамизда ўтган мавсумга қараганда анча ўсиш бўлди. Чунки бу йил совринли ўринлар кураш олиб бордик ва якунда ва 3-ўринни қўлга киритдик. Тўғри, бу ҳам ижобий натижа. Аммо бундан-да яхшироқ натижани қўлга киритишга ҳам қодир эдик. Менимча, бунинг учун бизга бироз омад етишмади.
Сизнингча, клубингиз таркибида ким бу йил яхши ўйин намойиш этди?
Жамоадошларимнинг ҳар бири ўз вазифасини сидқидилдан бажарди. Барчамизнинг бир мақсад йўлида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилганлигимиз муваффақиятимиз омили бўлди.Шунинг учун жамоадошларимдан ҳеч қайсинисини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Уларнинг барчалари жуда яхши ўйин намойиш этишди.
“Навбаҳор”нинг муваффақиятида мухлисларнинг ҳиссаси қанчалик аҳамиятга эга бўлди?
Албатта, бронза медалини қўлга киритишимизда мухлисларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Ишқибозлар жамоамизнинг ҳар бир учрашувида бизни қўллаб-қувватлаб, ғалабаларимизга ўз ҳиссаларини қўшишди.
Келаси мавсумда ҳам “Навбаҳор”даги фаолиятингизни давом эттирасизми?
Насиб қилса, давом эттираман.
Маълумот учун
Аъзамжон Алиев – 1991 йил 7 июлда Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида туғилган.
Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийи: Нодирбек Халилов.
Намангандаги футбол мактаб-интернатини тамомлаган.
2010 йилдан буён “Навбаҳор”да.
Оилали, бир ўғилнинг отаси.
Мухлислик қиладиган жамоаси: “Барселона”.
Ҳавас қиладиган футболчиси: Андрес Иньеста.