Бундан 10 йил олдин, ўша вақтларда «Қурувчи» деб аталган янги жамоа «Пахтакор»нинг узоқ йиллик гегемониясига барҳам бериб, илк маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Клубга сентябрь ойига қадар Миржалол Қосимов устозлик қилган, у жамоани ОЧЛда дебютдаёқ ярим финалга қадар бошлаб боргач, ўрнига бразилиялик Зико олиб келинган эди. Шундан сўнг ўзбек футболи афсонасининг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги саргузаштлари бошланган.
Ана шу воқеаларга ҳам 10 йил тўлди. Орадан анча сувлар оқиб ўтди; ютуқлар ҳам бўлди, хатолар ҳам. У ҳозир, ўзи айтганидек, ўн йил олдинги Миржалол эмас.
«Бизнинг ишимиз шунақа. Хато қилмасак, нимадандир ўрганишимиз керак-ку. Лекин ўша бошлаётган пайтимдаги Миржалол эмасман. Биринчидан, ёшим янада улғайди. Иккинчидан – йиллар давомида келадиган тажриба. Барибир нимадандир бошлаш керак.
Бошлаган Миржалол билан ҳозиргиси ўртасида жуда катта фарқ бор. Йиқилдим, қоқилдим, ҳар хил гап ҳам эшитдим, тўғри қабул қилдим ҳам, қабул қилолмаган пайтларим ҳам бўлди. Хатоларнинг бўлиши – нормал ҳолат. Олдин жиғибийрон бўлиб кетардим, ҳозир бу нарсага бироз бошқача қарайман», – дейди у.
Интервьюда Қосимовдан ўзини қай тоифа мураббий деб ҳисоблаши, жаҳон футболида қайси мутахассислардан ўрнак олишга ҳаракат қилиши, ўзига устозлик мураббийларнинг қайси бирига кўпроқ маънода шогирд экани ҳақида сўрадик. Клуб футболи ва терма жамоадаги фаолиятнинг айрим жиҳатлари ҳам суҳбатимиз мавзусига айланди. Шу ўринда маълумот учун, интервью Миржалол Қосимов ОКМК клубига бош мураббий этиб тайинланишидан олдинроқ бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, интервьюнинг биринчи қисми Қосимовнинг футболчилик карьерасига бағишланганди.