Замонавий футболда ишсиз қолиб кетаётган мураббийлар камдан-кам учрайдиган ҳолат. Ҳар қандай клуб ёки терма яхши мураббийга муҳтож, лекин шундай топ-мураббийлар ҳам борки, улар ҳозирда ишсиз.
Антонио Конте
«Челси» ва «Ювентус»даги супер мавсумлардан сўнг бу мураббийнинг ишсиз қолиб кетишига ишониш қийин. У бир оёғи билан «Реал Мадрид» бош мураббийи этиб тайинланганди ҳам, лекин охирги сонияларда қандайдир келишмовчиликлар эвазига бу иш амалга ошмай қолди ва «Қироллик клуби» раҳбарияти Соларига имконият берди. Конте ўзининг тактик футболи билан исталган клубни кучайтира олади десак, адашмаган бўламиз. Ҳозирда Конте ва «Рома» жамоалари ўзаро шартнома имзолашга яқин турибди, дея ёзмоқда «Le Gazetta della Sport» нашри.
Леонарду Жардим
«Монако»нинг 44 ёшли собиқ устози ҳозирда ишсиз. Бунга ишониш қийин, аслида, шундай. Дунё футболига 10 га яқин юлдузларни етказиб берган Жардим раҳбариятнинг пулга бўлган эҳтиёжи қурбонига айланди. Қаторасига икки мавсум деярли бутун жамоани сотиб юборган «Монако» клуби мутасаддилари Жардимга ишлашга имкон қолдиришмади. Ёшлар билан ишлашни жуда яхши биладиган иқтидорли мураббийга талаблар кўп, аммо Жардим каттароқ клубдан таклиф кутаётганини яширмаяпти. Инглиз нашрлари аллақачон уни «Саутгемптон» клубининг янги мураббийи, деб эълон қилиб юборишган бўлса-да, ҳозирча Жардим ишсиз.
Арсен Венгер
Мисье Венгер узоқ йил «Арсенал» жамоаси постида ўтирган бўлса-да, ўз имиджини тушириб юбормади. Унга таклифлар ёғилиб келмоқда. У аввалига АПЛ жамоаларининг бир нечтасига йўқ дея жавоб берган бўлса, кўп ўтмай Япония терма жамоасидан тушган таклифга ҳам шундай жавоб қайтарди. Бироз ўтиб уни ҳам «Реал» бош мураббийи бўлиши ҳақидаги гаплар урчиб кетди. Ҳозирда эса ОАВ уни «Бавария» постига энг лойиқ мураббий деб эълон қилмоқда. «Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамиджич Венгер ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортганини ҳисобга олсак, ҳадемай «Бавария» жамоаси Нико Ковачниниг жавобини бериб юборар. Яна ким билади дейсиз?!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев