Хабарингиз бор, аҳолининг дам олиш кунлари ва ёшларнинг таътил пайтидаги вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 2018 йил 25 декабрдан бошлаб, Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги таълим муассасаларидаги мавжуд спорт иншоотларида баскетбол, бадминтон, волейбол, стол тенниси ва мини-футбол спорт турлари бўйича “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири кубоги” спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Шу кунларда ушбу спорт мусобақаларининг туман саралаш босқичлари бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг дастлабки босқичларида 18 минг нафардан зиёд пойтахтликлар иштирок этиб, улар орасидан энг яхши натижа кўрсатган жамоаларнинг аъзолари жами 1000 нафардан ортиқ спорт ихлосмандлари якуний шаҳар босқичида ўзаро беллашадилар.
Мусобақаларнинг асосий шаҳар босқичлари қуйидаги спорт иншоотларида ташкил этилмоқда:
баскетбол бўйича спорт мусобақалари 6-9 январь кунлари Учтепа туманидаги Енгил атлетика ва спорт ўйинларига ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби базаси ҳамда 193-сонли умумтаълим мактаби спорт залида;
волейбол бўйича спорт мусобақалари 6-9 январь кунлари Олмазор тумани 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 224-сонли умумтаълим мактаби спорт залида;
бадминтон бўйича спорт мусобақалари 7-8 январь кунлари Шайхонтоҳур тумани “Чорсу” спорт мажмуасида;
стол тенниси бўйича спорт мусобақалари 8-9 январь кунлари Шайхонтоҳур туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби спорт залида;
мини-футбол бўйича спорт мусобақалари 6-10 январь куни Олмазор тумани 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби спорт залида ўтказилади.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими жорий йилнинг 10 январь куни Олмазор туманидаги 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилиши режалаштирилган.