Осиё кубоги гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Туркманистон – Ўзбекистон (0:4) ўйинидан сўнг Жалолиддин Машарипов микст-зонада журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
“Ўйиндан аввал болаларда ғалаба бўлган чоғланиш жуда кучли эди. Лекин биринчи гол урилгунга қадар ўйин осон кечгани йўқ. Лекин ўйин натижасидан, йирик ғалаба билан мухлисларимиз кўнглини шод этганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Олдинги ўйиндаги ғалаба бироз қийинроқ қўлга киритилгани, бу ўйинда эркинроқ ҳаракат қилганимиз ҳақидаги саволга жавоб берсам, бу ўйингача терма жамоа ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмади ва бу ҳол биринчи ўйинда жамоанинг ўзаро бир бирини тушунишида ўз аксини топди. Иккинчи ўйинга келиб болалар бир-бирларини анча яхши тушуна бошлашди. Мухлисларимиз стадионда мана шундай жонли қўллаб-қувватлаб туришса ўйинларимиз янада очилаверади.
Эктор Купер менга эътироз билдирган вазиятга тўхталсам, тўп билан финт қилганим унга ёқмади. У бундай нарсаларни ёқтирмайди. Лекин бундай қилиқлар мухлисларга ёқади ва ёшлигимдан бразилиялик футболчиларга хос бўлган финтларни ишлатишга қизиқиб келаман.
Энди Япония билан ўйинда ҳам тўлиқ куч билан ўйнаб, ўз кучимизга баҳо бермоқчимиз. Чунки Японияда жаҳон футболида ўз ўрнига эга жуда кучли терма жамоа ҳисобланади”, - деди миллий жамоа яримҳимоячиси.