Япониянинг “Саган Тосу” клуби ҳамда Япония терма жамоаси дарвозабони Сюити Гонда Ўзбекистон билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтар экан, бўлажак рақиб Осиё қитъасида энг кучли жамоалардан бири эканлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон – Осиёда энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Эртанги ўйин шунчаки оддий ёки осон бўлмайди. Тўпни иложи борича узоқ вақт ўзимизда ушлаб туришимиз керак деб ўйлайман.
Шунда рақиб ҳужумда фойдаланиши мумкин бўлган вақтни йўқотади. Буни сўзда эмас балки, эртага майдонда амалга ошириб кўрамиз. Улар ҳужум уюштиришда тезкорлар, шунинг учун биз рақибга очиқ зоналар қолдирмаслигимиз керак.
Япония нима бўлган тақдирда ҳам Осиёдаги барча рақибларини мағлуб эта олиши шарт. Тўғри, Уммонга қарши ўйинни яхши ўтказа олмадик, олдимизда яхшилашимиз керак бўлган кўп камчиликлар бор.
Шунинг учун бизга қўйилган вазифаларни бажаришда давом этамиз ва эртага ўзимизни ўзимиз янги чақириққа қанчалик таёр эканлигимизни синовдан ўтказамиз”, дейди Япония терма жамоаси дарвозабони Сюити Гонда.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган сўнгги тур учрашувини Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ал-Айн шаҳридаги "Халифа бин Зайд" стадионида Японияга қарши ўтказади. Мазкур баҳсни БААлик ҳакам Муҳаммад Абдулла Ҳасан Муҳаммад бошқаради.
Акмалхон Эшонхонов
Ал-Айн шаҳридан махсус