«Ювентус» спорт директори Фабио Паратичи ҳужумчи Криштиану Роналдунинг трансфери қандай юз берганини айтиб ўтди. Португалиялик футболчи ўтган йилнинг ёзида 117 миллион евро эвазига «Реал»дан Туринга кўчиб ўтганди.
«Мадридда ўйнаганимизда [Европа чемпионлар лигаси-2017/18 чорак финал босқичи доирасида], Жорже Мендеш [Роналдунинг агенти] менинг ёнимга келди. Мен унга «Криштиану ақлбовар қилмас гол урди», — дедим. У эса менга қараб туриб: «Айтсам ишонмайсиз, лекин Криштиану, агар бошқа жамоага ўтишни истаса, «Ювентус»ни танлашини айтди. Буни инобатга олинг, бу ҳақда ўйлаб кўринг. Кейинроқ яна гаплашамиз», — деди.
Кейинчалик эса мен Жоао Канселунинг трансферини расмийлаштириш учун Мендеш билан битта самолётда учдим. У яна бир марта жиддий оҳангда:
«Тез орада Роналдунинг Мадридни тарк этишига гувоҳ бўласиз. Очиқ айтаман, футболчи фақат «Ювентус» билан шартнома имзолашни истайди. У Англиянинг энг катта жамоаси ҳисобланган «Манчестер Юнайтед»да ўйнади, кейин эса «Реал» шарафини ҳимоя қилди. У фақат буюк тарихга эга бўлган жамоаларда ўйнайди. У ҳеч қачон Италияда ўйнамаган ва Скудеттони қўлга киритишни истайди. Агар Криштиану сизларга керак бўлса, у шу ерда», — деди.
Мен эса унга: «Яхши. Ундай бўлса, биз буни муҳокама қилишимизни Криштиануга айтинг», — дедим.
Албатта, мен унинг айтганларини эслаб қолдим ва Роналдуни қўлга киритиш иштиёқи юзага келди. Кейинги музокарага эса мен тайёр ҳолатда келдим.
«Бу – маош, бу – трансфер суммаси», – деди Мендеш.
«Бир неча кундан кейин сенга жавоб бераман», – дедим мен. Мен «йўқ» демадим, акс ҳолда у бошқа вариант қидиришни бошлаган бўларди», – деди Паратичи.
Ушбу мавсумда Роналду «Ювентус» сафида 31та ўйинда майдонга тушиб, 20та гол урди ва 10та голга узатма берди.