Кириш Регистрация

Иштиёқ тажрибага қарши. Барчаси «Аякс»—«Реал Мадрид» беллашуви ҳақида (превью)

Баҳо:
+ | -

Кўпчилик интиқиб кутган Европа Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичи ўйинлари бошланди. Биринчи кунги ўйинлар ҳам ёмон ўтмади.

Оле-Гуннар Сулшер қўл остида мағлубиятсиз одимлаётган «Манчестер Юнайтед» жамоаси Неймар ва Эдинсон Каванисиз қолган ПСЖга ўз майдонида ютқазган бўлса, Римдаги «Олимпико» стадионида мезбон «Рома» клуби Португалиянинг «Порту»сини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Бугун, 13-февраль чоршанба куни 1/8 финал ўйинлари давом эттирилади. Хусусан, Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби, Мадриднинг «Реал» жамоаси Амстердам шаҳрида «Аякс»га қарши баҳс олиб боради. Қуйида ушбу учрашув ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Қуръа ташланган вақтда барча бирдек «Реал»нинг фаворит эканлиги ҳақида бонг урди. Орада «Қироллик клуби» Хулен Лопетегини ишдан ҳайдаб, унинг ўрнига Сантяго Соларини олиб келди.

Жамоа ўйини яна аввалгидек барқарорлашди. Бу эса Мадрид клубининг мазкур жуфтликда асосий фаворит сифатида эътироф этилгани бежиз эмаслигини яна бир бор эслатаётгандек.

Солари шогирдлари ортда қолган ҳафтада иккита жиддий синовдан ўтди. Ўтганда ҳам эсон-омон ўтиб олди.

Испания Кубоги доирасида «Камп Ноу»да «Барселона» билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса, орадан уч кун ўтиб, «Ванда Метрополитано» стадионида «Атлетико Мадрид»ни 3:1 ҳисобида таслим қила олди.

Демак, «Реал» бу ўйинга нафақат фаворит, балки юқори кайфиятда ҳам келмоқда. Бу эса «Аякс»нинг ишини янада қийинлаштиради. Амстердам клубининг Нидерландия чемпионатида ишлари ҳозирча кўнгилдагидек эмас.

Жамоа Эредивизиянинг сўнгги 5 та беллашувидан 2 тасида мағлуб бўлди. Бир ҳафта олдин «Венло» клубини 6:0 ҳисобида енгган «Аякс» ўтган турда «Ҳераклес»га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Клуб миллий чемпионатнинг сўнг турида фақатгина ПСВнинг(Эйндховен клуби дуранг қайд этди) очко йўқотганлигидан хурсанд бўлиши мумкин, холос.

Таркиблар ҳақида «Реал»

«Реал»да Исконинг майдонга тушмаслиги аниқ. Солари келгандан бери захирада қолиб кетаётган испаниялик иқтидор соҳиби айни дамда жароҳатини даволаш билан банд.

Шунингдек, жамоада секин-аста ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Маркос Лёренте «Барселона»га қарши баҳсда олган жароҳатини даволатиш билан овора.

Маълум бўлишича, танқидларга қарамай жамоада кетма-кет голлар ураётган Карим Бензема айни чоғда индивидуал тарзда машғулотларни олиб бормоқда.

Сўнгги маълумотлар кўра эса Рафаэл Варан жароҳати боис беллашувни ўтказиб юбориши кутилмоқда. Хуллас, Мадрид клуби бир нечта йўқотишларга эга, бироқ бу жамоанинг ўйинига катта таъсир кўрсатмаслиги ҳақиқатга яқин.

«Аякс»

Амстердам клубида ҳам муаммолар етарлича топилади. Қишки трансферлар вақтида «Барселона» билан шартнома имзолаган (аммо 2019-йил 1-июнидан Каталония клуби сафида тўп суради) жамоа етакчиси Френки де Ёнг эндигина жароҳатдан фориғ бўлди. Шунингдек, жамоанинг яна бир ярим ҳимоячиси Карел Эйтинг майдонга туша олмайди. У жароҳат сабаб деярли бир ойга сафдан чиққан. Бундан ташқари аргентиналик Николас Таляфиконинг «Реал»га қарши ўйнаши ҳам ҳамон сўроқ остида турибди. Нима бўлган тақдирда ҳам «Аякс»га бугун осон бўлмаслиги аниқ.

Қизиқарли фактлар «Аякс»нинг Европа Чемпионлар Лигасида ўз майдонида ўтказган сўнгги 6 та ўйинидан 4 тасида рақиблар битта ҳам гол ура олмаган; «Реал» иштирокидаги Европа Чемпионлар Лигасидаги сўнгги 6 та ўйиндан 5 тасида рақиблар гол ура олмаган. Чемпионлар Лигасида иккала клубнинг сўнгги 5 та беллашувида жамоалар 2 тадан кўпроқ гол киритган. «Реал» «Аякс»ни сўнгги 6 та ўйиндан бери ютиб келади. «Аякс» 16 йилдан бери Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқа олмаяпти. «Реал» 23-марта Чемпионлар Лигаси плей-оффига чиқди. Бу мусобақа тарихидаги рекорд ҳисобланади. Чемпионлар Лигасида «Аякс» ўз майдонида энг йирик мағлубиятни «Реал»дан қабул қилган. Жамоа 2010-йил 23-ноябрда «Қироллик клуби»га 0:5 ҳисобида ютқазган. Учрашув ҳаками

Ўйинни словениялик Дамир Скомина бошқариб боради. Скомина 2018/19-йилги футбол мавсумида 5 та халқаро ўйинда ишлади. У бу ўйинларда 22 та сариқ карточка кўрсатган. Битта ўйинга ўртача — 4,4 тадан. Қизил карточка кўрсатишга қўли бормаган. Битта ўйинда ўртача 25 та қоида бузилишини қайд этган.

 

Тахминий таркиблар

«Аякс»: Онана – Мазрауи, Де Лигт, Блинд, Таляфико – де Ёнг, ван де Беек, Шоне – Зиёш, Долберг, Тадич.

«Реал Мадрид»: Куртуа – Карвахал, Рамос, Варан, Регилон – Модрич, Каземиро, Кроос – Бейл, Бензема, Винициус Жуниор.

Ўйиндан олдин фикрлар

"Френки де Ёнг ҳозирда соппа-соғ. У «Реал»га қарши ўйинни бошқалар каби интизорлик билан кутмоқда. Топ жамоалар ҳаддан ташқари ҳужумкор ўйин намойиш этиш билан бирга, ёпиқ ўйин кўрсатган ҳолда рақибни қарши ҳужумда жазолашга қодир.

«Реал»да тажрибали жамоа бор. Мадридда Серхио Рамос, Тони Кроос, Лука Модрич, Карим Бензема ва бир қатор ёшлар ҳам бор. Ижобий натижа қайд эта олсак жуда яхши бўларди. Биз Амстердамда ҳар қандай жамоага қаршилик кўрсатишга қодирмиз.

Эрик тен Ҳаг, «Аякс» бош мураббийи

 

Ҳозирча Марселонинг майдонга тушиши ёк тушмаслиги ҳақида бир нарса дея олмайман. У ажойиб инсон ва футболчи. У «Реал»нинг иккинчи рақамли сардори, жамоа рамзи. Марсело «Реал» қизиқишларини барча нарсадан устун қўяди, машғулотларда эса борини беради. Биз уни яхши кўрамиз. «Аякс»да яхши футболчилар бор. Жамоа комбинацион ўйин кўрсатмоқда. Рақибга ҳурмат билан қараш лозим. Уч кун олдин бўлгани каби яхши ҳаракат қила олишимизга умид қиламан. Бу стадиондан ёрқин хотиралар қолган. Яхши хотиралар давом этади деган умиддаман. Сантяго Солари, «Реал» бош мураббийи

Европа Чемпионлар Лигаси

1/8 финал баҳслари

13-февраль, чоршанба

«Аякс»—«Реал Мадрид» 01:00

Учрашув ҳаками: Дамир Скомина

Манба: Daryo
Киритилди: 22:29, 13.02.2019.
Ўқилди: 3668 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.