Ҳозирда бутун футбол оммасининг асосий мавзуси «Қиролик клуби»нинг инқирози десак, адашмаган бўламиз. Клуб ҳозирда анча тушкун кайфиятда ва қийин кунларни бошидан кечирмоқда. Кўплаб мухлислар ушбу вазиятнинг ечими сифатида янги мураббийнинг келиши деса, кимдир Соларига имкон бериш фикрини олға сурмоқда. Бугун ушбу мавзуда бироз фикр юритамиз.
Соларининг кетиши тўғрими?
«Реал Мадрид» устози аввалига ўз ишини яхши уддалаётган эди. Кейинчалик муҳим учрашувларда бирин-кетин бой берилган учрашувлар клубдаги муаммоларни яққол намоён қилиб берди. Соларини қўрқмасдан келажаги порлоқ мураббийлар сирасига қўшсак бўлади. Сабаб Роналдудек юлдуз кетган, Лопатеги томонидан жуда ёмон бошланган мавсум, ёмонлашган ички муҳит ва бошқа кўплаб факторларга қарамасдан ишга киришган Солари «Реал Мадрид»нинг ўзига келиб олиши учун анча-мунча меҳнат сарфлади. Тўғри, «Реал Мадрид» Солари бошчилигида аввалги даражасига чиқа олмади, аммо кўплаб муаммоларни ҳал қилишга улгурди.
Унинг ўрнини ким эгаллайди?
Жозе Моуринью
«Манчестер Юнайтед»даги омадсиз мавсум етмаганидек, Сулшернинг эришаётган ютуқлари «Беназир»нинг обрўсини икки хисса тўкиллишига сабаб бўлмоқда. Жозе сўнгги йилларда ўз рейтингини тушириб юборганига қарамасдан, «Қироллик клуби» у билан яна алоқага чиқди. Жозе учун бу имконият ўз обрў ва имиджини тиклаб олиши учун қулай имконият. Португалиялик мутахассис буни яхши тушуниб турибди. «Реал» унинг аввалги даражасига чиқиб олиши учун сўнгги имкон бўлиши мумкин. Сабаби замонавий футбол оламида янги мураббийлар эскиларини осонлик билан ортда қолдиришмоқда ва кучли клублардаги ваканцияни эгаллаб олишмоқда. Жозе яна бир бор «қувун тушурадиган» бўлса, у учун супер клублар эшиклари батамом ёпилади. Қаҳрамонимиз ушбу имкониятга тиш-тирноғи билан ёпишиши аниқ!
Зидан
Зиданнинг ортга қайтиши клуб учун фойда бўлиши мумкин, аммо Зизу бунга рози бўладими? Унинг Флоринтина Перез билан алоқалари дўстона эмас эканлиги кундек равшан. Франциялик афсона катта эҳтимол билан ўз кариерасида янги саҳифа очиш истагида бошқа чемпионатларда ҳам ишлаб кўради. У «Челси», «Ювентус», «Бавария» клубларидан бирида иш бошласа ҳеч ким ҳайрон қолмаслиги аниқ. Зизу «Реал Мадрид»ни қайта бошқаришига ишониш бироз қийинроқ. Агар шундай бўлган тақдирда Зидан бу клубдан яна совриндор жамоа «ясаши» учун катта трансферлар талаб этилади. Дунёнинг энг бой клуби учун бу муаммо эмас. Умуман олганда Зизуни раҳбарият кўндира олса, бу «Реал Мадрид» учун фақат ва фақат фойдали битим бўлади.
Маурисио Почеттино
Клуб бошқарувига энг муносиб танловлардан бири десак, адашмаган бўламиз. У ёш ва ғалабаларга ўта чанқоқ. Ундаги мотивация қайта шаккилантириладиган клубни совриндорлар қаторига қўшиши учун етиб ортади. Қаҳрамонимиз сўнгги пайтларда унинг адресига айтилаётган танқидлардан чарчагани аниқ. Кичик бюджет бўлишига қарамасдан, АПЛ да кучли 4 ликдан тушиб кетмаслик вазифасини қойилмақом бажараётган аргентиналик мутахассис ўз имкониятларини борича кўрсатиши учун «бели бақувват» клуб айни муддао. Мураббий ўз интервьюларида кўп бор кичик бюджетнинг асорати эвазига совринсиз қолаётганидан нольиганидан хабарингиз бор. Агарда бу мавсум ҳам «Тоттенҳем» совринсиз қолса, бу Почетино учун яхшигина руҳий зарба бўлиши аниқ.
Қаҳрамонимиз ҳозирда «Реал Мадрид» учун энг идеал вариантдек кўринмоқда. Унинг ҳужумкор ва тартибли футбол тарафдори эканлигини ҳисобга олсак, мадридлик мухлислар уни илиқ кутиб олишлари аниқ. Бирин-кетин қўлга киритилган совринлар эса, Почиттинонинг ўзига бўлган кучига куч қўшиб боради. Унинг «Тоттенҳем»и исталган клубни ўз жарима майдончасига «қамаб» ташлашга қодир эканлигини ҳаммамиз кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Тенг кучли иккита таркиб тузишга қудрати етадиган «Реал Мадрид» Почеттинонинг истаган ўйинчиларини олиб бера олса, «Реал Мадрид» аввалги кўринишиданда «дахшатлироқ» бўлиб ортга қайтиши аниқ!