Биласиз, Шукуровни Хитойга қарши ўйинда жароҳатлашди. Амирлик чемпионатида “Шаржа” чемпионлик учун кураш олиб бораётганди, Шукуровсиз қийин бўлади.
Чиройли тарафи шундаки, ўйиннинг эртасигаёқ хитойлик футболчи Шукуровни кўргани келди, унга совғалар улашди, кечирим сўради. Кейинроқ эса у тўп сурадиган “Гуанжоу Эвергранд” клуби Шукуровга етказилган жароҳатни қоралади ва ўз футболчисини 1 ойга ўйинлардан четлаштирди. Мана сизга тўғри футболга бўлган муносабат (айтишларича, Отабек қанчагача ўйнай олмаса, ўша футболчи ҳам шундай ўйнамаслиги мумкин).
Бугун Шукуров айтяпти, ҳафаман, оёғим жароҳатидан, клубимга ёрдам бера олмаётганимдан. Аммо бу футбол, Ўзи истаганида умуман футбол ўйнай олмаслигим ҳам мумкин эди, буни синов деб қабул қилдим, эҳтиёт қилганига шукр қилдим. Футболсиз қолиш нима эканини биламан ва рақибимда ҳам шундай бўлишини истамайман. Мен уни кечирдим, энди эса клуби ҳам уни кечиришини истардим.
Айтишларича, бу Шукуровнинг фикрлари. Қуйида эса Шукуров ўз микроблогида ёзгани бор. Айбини тан олган хитойлик футболчига ҳам, унинг ғирром ўйнаганини ҳазм қила олмаган Хитой клубига ҳам, рақибини кечира олган ва унинг келажаги учун қайғураётган ўзимизнинг футболчига ҳам минг раҳмат!
Диёр Имомхўжаев