Кеча, 10 апрель куни Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб вилоят ҳокимлиги биносидан “Ватанпарварлар боғи” ҳудудигача бўлган масофада “Амир Темур издошлари марафони” ўтказилди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил 20 сентябр куни Президент бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш, шунингдек, 2019 йил 19 март куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда кўтарилган 5 та муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш, хусусан, аҳолининг барча қатламини жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилди.
Марафонда ҳудудда фаолият олиб бораётган барча ташкилот, корхоналар раҳбарлари ва ишчи ходимлари, халқ таълими ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ташкилот ходимлари, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, уй бекалари, нуронийлар, фахрийлар иштирок этишди, қатнашчиларнинг умумий сони эса 100 000 нафарга яқинлашди.
“Амир Темур издошлари марафони” ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.