Кириш Регистрация
24/04 00:00 Арсенал 5-0 Челси
24/04 12:00 Тожикистон 2-1 Афғонистон
24/04 14:00 Эрон 6-1 Қирғизистон
24/04 16:00 Таиланд 3-2 Ироқ
24/04 19:00 Ўзбекистон 2-1 Вьетнам
24/04 22:00 Лорьян 1-4 ПСЖ
24/04 23:45 Вулверхэмптон 0-1 Борнмут
25/04 00:00 Кристал Пэлас 2-0 Ньюкасл
25/04 00:00 Ман. Юнайтед 4-2 Шеффилд Юнайтед
25/04 00:00 Эвертон 2-0 Ливерпуль
25/04 00:00 Монако 1-0 Лилль
25/04 00:00 Марсель 2-2 Ницца
25/04 19:00 Қатар - Япония
25/04 22:30 Жанубий Корея - Индонезия
26/04 00:00 Брайтон - Манчестер Сити
26/04 19:00 Ўзбекистон - Саудия Арабистони
26/04 22:30 Ироқ - Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне - Салернитана
27/04 00:00 Монпелье - Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад - Реал Мадрид

Интервью. Одил Аҳмедов мураббий бўлмоқчи эмас, аммо...

Баҳо:
+2 | -

Ҳар бир замоннинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Шу жумладан футболда ҳам. Ҳозирда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли футболчиси, терма жамоамиз сардори, самимий инсон Одил Аҳмедов билан бўлган суҳбатимизни stadion.uz сайти муштарийларига ҳавола этамиз.

— Авваламбор, ассалому алайкум. Биламиз, бир неча йиллардан бери легионер сифатида омадли тўп суриб келмоқдасиз. Ва ҳар қандай жамоада ўз ўрнингизни топа оляпсиз. Бу кишини қувонтиради. Негадир, сўнгги пайтларда кўплаб футболчиларимиз хориж клубларига ўтгач, 1 мавсумдан сўнг ортга қайтишни одат қилиб олишди. Легионер сифатида жамоада муқим ўрин эгаллаб қолишнинг сири нимада деб ўйлайсиз?

— Ва алайкум ассалом. Футболчининг  легионер сифатида  клубда узоқроқ қолиши унинг ўзига боғлиқ. Чунки бошқа муҳит, бошқа жамоа, бошқа юрт. У халқнинг маданиятига, турмушига  кўникиши керак. Биринчи легонер бўлиб борганда футболчи ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Ўзининг характерини кўрсатса, менимча, футболчи борган жамоасида узоқроқ қола олади.

— Мавсум бошида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби сиз билан музокара ўтказган, деган ахборот тарқалди. Шу гап нақадар тўғри?

— Тўғри, мавсум бошида «Пахтакор» мен билан алоқага чиқди. Клубим  1 йиллик шартномам борлиги учун  мени қўйиб юбормади. Шартномам тугагандан сўнг улар билан гаплашишим мумкинлигини айтиб ўтдим.

— Энди бироз ортга қайтамиз. БААда бўлиб ўтган Осиё Кубогидаги терма жамоамизнинг иштирокини ҳамма ҳар хил баҳолади. Кимдир ижобий, яна кимдир салбий натижа деб ҳисоблади. Шахсан сиз қитъа чемпионатидаги иштирокимизни қандай баҳолайсиз?

— Осиё кубогидаги натижамиз қачон ижобий бўлиши мумкин? Агарда финалга чиқсак, финалда ютсак. Финалгача етиб бормадикми, демак, бунга мен футболчи сифатида ижобий баҳо бера олмайман. Чунки айтиб ўтганимдек, ғалаба қозонсаккина ижобий баҳо беришим мумкин.

— Гап терма  жамоа ҳақида кетган экан, шу саволни бериш ўринли деб ҳисоблайман. Сиз ҳам ўзбек футболининг тирик афсоналридан бири ҳисобланасиз. Анча йиллардан бери терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилиб келасиз. Миллионлаб мухлислар орттирдингиз. Саволим шундан иборатки: Терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купернинг ўйин услуби ва кўрсатаётган натижалари мухлисларни икки лагерга ажратиб қўйган. Баъзилар унинг ишидан мамнун ва унга вақт берилишини сўрашмоқда, қолганлар эса, кечиктирмасдан ҳужумкор футбол тақдим этадиган мураббий терма  жамоа бошқарувига келишини исташмоқда. Сизнингизча, Купернинг қолиши биз учун фойдалироқми ёки кетиши?

— Биласизми, кўплаб мураббийлар билан ишлаганман. Ҳар бирининг ўзига хос тактика ва стратегияси, плюс ва минус томонлари мавжуд. Шунга қарамасдан, футболда ҳар қандай кучли мураббийга ҳам натижа кўрсатиши учун вақт талаб этилади. Шахсан, мен бу вазиятда бирон нарса дея олмайман. Чунки бу мавзуда Эктор Куперни олиб келганлар ва уни ишдан оладиганлар бош қотиришгани маъқул. Улар шу йўлни тўғри деб билишган бўлса, бизнинг вазифамиз терма жамоа учун тўп суриш ва мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариш.

— Кўплаб футбол мухлислари ва мутахассислари Эктор Куперни ёшларга имконият бермаяпти деб ҳисобламоқда. Нима деб ўйлайсиз, терма жамоани бутунлай  ёшартириш вақти келмадими? Ёки натижа берадиган кучли таркибни шакллантирган тўғрироқми? Ваҳоланки, мана янги жаҳон чемпионати цикли бошланишига ҳам озгина вақт қолди.

— Мен термани ёшартирилишига қарши эмасман. Нима қилишса ҳам бу кейинчалик ўз самарасини берса бўлгани. Терма жамоа бу — Ватанимизнинг  юзи ҳисобланади. Ватанимиз термаси ЖЧга чиқса бўлгани, қолгани муҳим эмас.

— Хитойда тўп сураётганингизга ҳам 3 йилдан ошди. У ерга тўлиқ мослашиб олдингизми? Чин юрти футболидаги ютуқ ва камчиликлар тўғрисида тўхталиб ўтсангиз. Келажагингизни яна 2-3 мавсум Хитойда кўряпсизми?

— Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан деган гап жуда тўғри айтилган экан. Мусофир бўлиб одам қийинчиликларни кўради, шукр қилишни ўрганади. Бошида анча қийналган эдим – тил  борасида. Бошқа давлат, бошқа одамлар. Лекин, хитойликлар одамга доим ёрдам қўлини чўзади, қўллаб-қувватлайди. Бугунги кунда анча кўникиб қолдим. Лекин бу йил шартномам тугайди. Кейинги карьерам нима бўлишини билмайман. Таклифлар чиқса, албатта, ҳаммасини кўриб чиқиб, бир қарорга келаман.

— Ҳеч кимга сир эмас, кучли бешликдаги клубларнинг деярли 99% хусусий клублардан ташкил топган. Бизнинг Суперлигада эса бирорта ҳам хусусий жамоа йўқ. Нима деб ўйласиз, балки бизнинг клубларни ҳам хусусий қилиш вақти келгандир?

— Гапингизга қўшиламан, мен ҳам хусусий клуб тарафдориман. Аммо, биласизми, Европада шахсий клуб катта бизнес. Улар клубларидан катта даромад олишади. Бизда эса, хусусий клуб эгаси бўлиш анча қимматга тушади. Хусусий клубдан даромад олиш эса, жуда қийин. Шахсан ўзим аввалгидек 1 ёки 2 миллионга транфсер қилиш мумкин бўлган футболчиларни анчадан бери юртимизда кўрмадим. Бизда хусусий клуб бизнесменларга фойда келтирмагани учун йўқ бўлса керак. Агарда бизнинг ички чемпионатимизда хусусий клублар пайдо бўлса, бундан футболимиз фақат ютади.

— Ҳамма нарсанинг боши бўлганидек, охири ҳам бўлади. Футболдан кетгач, мураббийликда ўзингизни синаб кўрмоқчимисиз? Агар шундай бўлса,  қайси мураббийнинг услубидан фойдаланган бўлар эдингиз?

— Ҳозир футбол ўйнаяпман, шунинг учун  аниқ бир гап айта олмайман. Ҳозирги ҳолатимда мураббий бўлиш ниятим йўқ. Балки вақт ўтиб фикрим ўзгарар. Тўғриси, Виллаш Боашнинг машғулот жараёни, ўйин услуби, тактикасини доим ёзиб юраман. Келажакда мураббий бўлсам, унинг методикасидан фойдаланган бўлар эдим.

— Сиз Это'о, Роберто Карлос, Хaлк, Оскар сингари кўплаб юлдузлар билан бирга ўйнагансиз. Ва қувонарлиси, улар билан бирга ўйнаб жамоада ўрнингизни йўқотиб қўймагансиз. Сизнингча,  бирга ўйнаганларингиз  орасида энг  кучли футболчи ким?

— Мен ўзим бирга ўйнаган футболчилар орасида энг кучлиси деб  Виллианни биламан. У жуда  кучли футболчи.

— Эшитишимизга қарганда, масжид қуришдек хайрли ишга қўл урган эмишсиз. Шу ҳақида маълумот бера оласизми?

— Минг бор узр, шахсий савол бўлгани учун бу саволингизни очиқ қолдираман.

— Вақтингизни аямай, интервью берганингиз учун раҳмат. Яқинларингизнинг бахтига соғ бўлинг.  Ўзбек халқи сиз билан доимо фахрланади!

— Раҳмат. Соғ бўлинг!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди. 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:16, 14.04.2019.
Ўқилди: 6301 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.