Кириш Регистрация

Нима? Манчини – йил мураббийи?

Баҳо:
+ | -

Афсонавий Энцо Беарзот номидаги нуфузли совринга РПЛда «Зенит» билан 5-ўринга рози бўлган, Италия терма жамоасини эса Миллатлар Лигаси финал босқичига олиб чиқа олмаган Роберто Манчини лойиқ топилди. Демак, силлиқроқ иборалар билан айтганда, ташкилотчилар бу масалага ўта енгилтаклик билан қараганликлари кўпчилик мухлисларни ажаблантирди. Ана шу ажабтовур қарор бизни жорий этилганига унча кўп бўлмаган соврин тарихи ва унинг дастлабки соҳиблари билан танишишга ундади.

Энцо Беарзот мукофоти. Манбаси ва аҳамияти

Аслида Италияда йилнинг энг яхши мураббийига бериладиган мукофот 2та: Энцо Беарзот номидаги ва Оскар де Кальчо совринлари. Анг­лаган бўлсангиз, Оскар де Кальчо «А» серияда фаолият юритаётган мураббийларга мўлжалланган. Бироқ номдор мутахассисларнинг кўпчилиги хорижда ишлашади ва юксак натижаларга эришаётганлари ҳам оз эмас. Энцо Беарзот соврини айнан Апеннин ташқарисидаги италияликлар меҳнатини муносиб тақдирлашга хизмат қилади.

Мазкур мукофот 2011 йилда, буюк мураббий вафотидан бир йил кейин таъсис этилган. Беарзот 1982 йилда «Мовий гвардия»ни чемпионлик шоҳсупасига олиб чиққан, 1975-1986 йиллар оралиғида шогирдларини 104 марта майдонга олиб тушиш орқали ўзига хос рекорд ўрнатганди. Бу юксак натижа ҳанузгача ўз кучини йўқотмаган. Яна бир ҳайратомуз факт: навбати билан Италияга 3та жаҳон тожларини тортиқ этган икки касбдош - Витторио Поццо ва Энцо Беарзот бир кунда - 21 декабрь санасида ёруғ дунёни тарк этишган. Тўғри, 42 йиллик фарқ билан. Қизиқ, бу маълумотдан Марчелло Липпининг хабари бормикан?

Энди афсонавий мураббий шарафига жорий этилган мукофот хусусида. Таъсисчилар - ИФФ ва италиялик ишчилар Спорт иттифоқи. Ҳайъат раиси лавозимини доимо ФФ президенти адо этади. Амалдаги раҳбар - Габриэле Гравина. Мамлакат етакчи нашрларининг журналистлари Гравинанинг ёрдамчилари ҳисобланадилар. Ҳаммаси рисоладагидек. Айтганча, Энцо Беарзот соврини ҳар йили Италия Миллий олимпия қўмитасининг шон-шуҳрат залида тантанали равишда ўз соҳибига топширилади. Юқорида зикр этганимиздек, ҳаммаси аъло даражада! Фақат танлов бундан мустасно.

Аввалги йиллар Ғолиблари

Эҳтимол, Энцо Беарзот мукофоти соҳибларини яққол кўриниб турадиган натижалар эмас, бизга маълум бўлмаган қандайдир ўзига хос, бошқалардан ажралиб турадиган фазилатларга қараб аниқлашар? Нима ҳам дердик, балки совриннинг аввалги йиллардаги ғолиблари билан танишиш бу жумбоққа жавоб топишимизга ёрдам берар?

2011 йил. Чезаре Пранделли (Италия терма жамоаси)

Пранделли «Мовий гвардия»ни Евро-2012 турнирига олиб чиқди. Жамоа саралаш босқичини мағлубиятсиз босиб ўтди. Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичи ҳам «Скуадра Адзурра»нинг ишончли қўлларда эканини исботлади: Италия финалгача етиб борди.

2012 йил. Вальтер Маццарри («Наполи»)

Ўша даврда Маццаррининг обрўси жуда кўтарилиб кетганди - «Наполи»да ишлаб турган мутахассис «Интер»дан таклиф олганди. Аммо шу пайтгача совринни қўлга киритолмаган Антонио Конте ўша мавсумда Маццарридан самаралироқ ҳаракат қилиб, анчадан бери Скудеттога эриша олмаётган «Ювентус»ни шоҳсупага олиб чиққанди. Роберто Ди Маттео  мавсумни «Челси» билан ЕЧЛ ғолиби сифатида якунлаган, Роберто Манчини эса «Манчестер Сити» билан АПЛ чемпиони бўлганди. Қизиқ, Маццарри икки чемпион ва клуб футболидаги энг нуфузли соврин соҳибини ниманинг эвазига ортда қолдирди?

2013 йил. Винченцо Монтелла («Фиорентина»)

Бу сафар ҳам Антонио Конте мукофотдан четда қолди. Мутасаддилар ўртамиёна «Фиорентина»ни тўртинчи поғонага олиб чиққан Монтелла номзодини маъқул топишди.

2014 йил. Карло Анчелотти («Реал»)

Бу мавсумда Контенинг «Ювентус»ни қаторасига учинчи марта шоҳсупага олиб чиқиши ҳам ғолибликни таъминлай олмади. Лекин бу галги танловга эътироз билдиришнинг иложи йўқ: дон Карло «Реал»га узоқ кутилган юбилей соврин - «шалпангқулоқ»ни тортиқ этди.

2015 йил. Массимилиано Аллегри (Ювентус»)

«Кекса синьора»нинг янги бош мураббийи эса илк мавсумидаёқ юксак унвонга сазовор бўлди. Тўғри, Макс фақат Скудетто билан чекланиб қолмай, шогирдларини ЕЧЛ финалига ҳам олиб чиққанди.

2016. Клаудио Раньери («Лестер»)

Совриннинг бу галги соҳибига ҳам эътироз бўлиши мумкин эмас. Раньери ўз «тулкилари» билан бетакрор эртак яратди.

2017 йил. Маурицио Сарри («Наполи»)

Ҳа, Саррининг серқирра ижодига гап йўқ. У «Ювентус» учун чинакам бош оғриғи бўлган жанговар жамоани яратди. «Наполи» сўнгги турга қадар Скудеттога даъвогарлик қилди. Аммо... Бу ёқда Конте «Челси» билан АПЛ тахтини забт этди. Наҳотки, энг кучли чемпионат ғолиби мукофотга лойиқ бўлмаса? Истаймизми-йўқми, мазкур қарор ҳар қандай мухлисда ҳайъат аъзолари Контега нисбатан адолатсизлик қилишмоқда, деган фикрни уйғотади.

2018 йил. Эусебио Ди Франческо («Рома»)

Ҳатто истеъфога чиқишга ҳам улгурган мутахассис ўтган йили «бўрилар»ни ЕЧЛ ярим финалига олиб чиқди, «Ювентус» эса мусобақани анча барвақт тарк этганди. Демак, Эусебио мукофотга муносиб.

Хулоса

Аксарият ҳолларда Энцо Беарзот соврини танловида адолат мезонларига риоя қилинган. Боз устига, ҳайъат аъзоларининг норасмий келишувига биноан, ҳар қандай мутахассис фақат бир марта мукофот билан тақдирланади. Лекин эътироз билдирмасликнинг иложи йўқ бўлган ҳоллар ҳам мавжуд: нима учун сўнгги 10 йилликнинг пешқадам мураббийларидан бўлган Антонио Конте ҳанузгача буюк ватандошининг мурувватидан бенасиб қолмоқда? Нима учун 2012 йилда Италия ва Англия чемпионлари, ЕЧЛ ғолибидан «А» серияда камтарин 5-ўринни банд этган Маццарри устун қўйилди? Мана буниси чинакам жумбоқдан ўзга нарса эмас.

Бошқа барча вазиятларда ҳайъат аъзоларини тушуниш қийин эмас: улар футболдаги натижалар, устувор йўналишлар, номзодларнинг ўз вазифаларига муносабатлари, фидойиликлари, илғор ғоялар каби бир қатор омилларни инобатга олишган. Бироқ ўтган йили юксак мукофотга Роберто Манчинининг лойиқ топилганлиги нафақат соврин нуфузи, балки марҳум мураббийнинг порлоқ хотирасига ҳам путур етказадиган бўлди. Бу қарорни фақат мунофиқлик, калтабинлик ва таниш-билишчилик иллатларининг маҳсули сифатида баҳолаш мумкин. Соғлом фикрлай оладиган, соф виждонли киши ёки гуруҳ (ҳайъат) Робертони юксак мукофотга лойиқ топиш у ёқда турсин, ҳатто италиялик мураббийларнинг етакчи ўнталигига ҳам киритмаган бўларди.

Лекин факт фактлигича қолаверади: Роберто Манчини - Италияда йил мураббийи. Келинг, совриннинг навбатдаги соҳибига бағишланган эътироф билан танишиб чиқайлик:

«Роберто мазмунли футболни яхши кўради ва иқтидорли ёшларга ишонч билдиради. Умид қиламизки, у ўз ғояларидан воз кечмайди ва буюк Беарзот анъаналарини давом эттиради. Манчини - италияликларга миллий терма жамоага бўлган муҳаббатни қайтара оладиган мутахассис».

Энди танлов ғолибининг 2018 йилдаги муваффақиятларини эсга олайлик. Аввалига у Артём Зюбани «Зенит» захирасига «тузлаб қўйди», ҳужумчи эса мундиалдаги самарали иштироки билан италиялик устозининг асл башарасини ошкор этди. Роберто Питердаги ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, ИФФ билан хуфёна музокаралар олиб борди. Оқибатда Россиянинг етакчи клуби ЕЛни нимчорак финалдаёқ тарк этди, РПЛда 5-ўринни эгаллади. Манчини ўрнида шарф ўраган қўғирчоқ ўтирганида ҳам жамоа бунчалик омадсизликка юз тутмаган бўларди. Чунки у сўнгги 10 йил ичидаги энг паст поғонадан жой олди. Ваҳоланки, клуб Робертонинг талабига кўра улкан трансферларни амалга оширганди. Мураббийнинг терма жамоадаги натижалари ҳам мақтовга лойиқ эмас. ЕМЛдаги иштироки - 1:1, 0:1, 1:0, 0:0. Гуруҳдаги 2-ўрин финал босқичи йўлланмаси учун етарли бўлмади. Ва?

Уларни ўзинг кечир, Энцо...

Манчини эса юзидан табассум аримаган ҳолда ҳайъат аъзоларига ўз миннатдорчилигини изҳор этди: «Энцо Беарзот мукофотига сазовор бўлиш - мен учун улкан шараф! Айниқса, айнан Беарзот 1984 йилда «Мовий гвардия» либосида майдонга тушишимга имконият яратганини инобатга олсак». Яшавор, азамат! Ана энди аслида нима бўлганини эшитинг:

Италия термасини бошқарган Беарзот ЖЧ-82даги тарихий ғалабадан анча аввалроқ «Болонья»нинг Манчини фамилияли иқтидор соҳибига эътибор қаратган, лекин Росси каби тажрибали ҳужумчиларга ишонч билдирганди. Роберто эса ҳатто номзодлар рўйхатидан ҳам жой олмаганди. У 1984 йилда Беарзотдан таклиф олиб, Шимолий Америкага йўл олган ва Канада ҳамда АҚШ термаларига қарши бир бўлимдан тўп сурганди.

Америкаликлар билан учрашувдан кейин 19 ёшли Роберто Клаудио Жентиле ҳамда Марко Тарделли ҳамроҳлигида тунги Нью-Йорк бўйлаб сайрга чиққанди. Машҳур «Студия 54» клубидаги кўнгилхушликдан сўнг улар тонгга яқин меҳмонхонага қайтишди. Чемпионлар мураббийдан узр сўрашди ва Беарзотнинг панд-насиҳатларини эшитиш билан жазоланишди. Навқирон Роберто эса аввалига устозидан кечирим сўраган бўлсада, кейин ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришди. Натижада икки кунлик тортишувдан кейин Беарзот уни терма жамоадан четлатди ва қайтиб чақирмади. Оқибатда Манчини ЖЧ-86ни томошабин сифатида кузатди, «Скуадра Адзурра»га дон Энцонинг истеъфосидан кейин қайтди. Афсонавий мураббий шогирдининг ёшликдаги шўхлигини кечириши мумкин эди. Аммо меҳмонхонада юз берган «даҳанаки жанг» Робертонинг барча сифатларини очиб бергач, ундан бутунлай воз кечганди. Таажжубки, орадан 35 йил ўтгач, шу ноқобил шогирд шундай буюк шарафга лойиқ кўрилди. Манчини бунга ҳақли бўлганида, алам қилмасди. Уларни ўзинг кечир, Энцо...

Манба: InterFutbol
Киритилди: 10:12, 22.04.2019.
Ўқилди: 3575 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.