Кириш Регистрация

Кечаги нотаниш бугунги қаҳрамон

Баҳо:
+ | -

Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалининг «Барселона»га қарши илк ўйинидан кейин «МЮ» устози Оле Гуннар Сульшер шогирд­лари учрашувни жуда яхши ўтказганларини, баъзи бир футболчилар эса ҳатто, ўз даражаларидан ҳам юқорироқ савияда ҳаракат қилишганини айтди. Мураббий бу ўринда жамоанинг 22 ёшли ярим ҳимоячиси, Андер Эрреранинг жароҳати сабабли шундай муҳим баҳсда қатнашиш имконига эга бўлган Скотт Мактоминайни назарда тутганини ҳамма сезди. Чиндан ҳам, шу куни Скотт «Барселона» ярим ҳимоясини бутунлай сочиб юборишни уддалади.

Яккакурашларда 100 фоиз устунлик, 5 марта тўпни рақибдан тортиб олиш, 2 бора ҳужум йўналишини кесиш, 3 марта алдамчи ҳаракат билан рақибни ортда қолдириш - мана, Мактоминайни нима учун мақташяпти. Ваҳоланки, яқин-яқингача баланд бўйли беўхшов бу йигитни деярли ҳеч ким танимасди. Бугун шу футболчи «Барселона» аъзоларини худди арвоҳдек даҳшатга солмоқда. Қолаверса, Скотт ўйиндаги ҳаракатлари билан нафақат Сульшер, балки кўпгина таниқли мутахассисларнинг ҳам мақтовига сазовор бўлди.

Умуман олганда эса, бу - Мактоминайнинг илк «зўр» ўйини эмас. Шу пайтгача Скотт асосий таркибда кўплаб ўйинлар ўтказиб, секин-аста тажриба оширмоқда. Уни қайсидир маънода Жозе Моуриньонинг «топилмаси» десак бўлаверади. Чунончи, айнан «Беназир» Мактоминайнинг дебютига замин яратиб, уни Неманья Матичга муносиб шерик қила олганди. Боз устига, клуб тарбияланувчиси ҳисобланган йигитча қандайдир бир ярим йил ичида футболдаги бошланғич орзуларига эришиб бўлди, ҳисоби: муҳим ўйинларда қатнашди, ЧЛ ҳавосидан нафас олди, терма жамоа либосини кийди. Шунинг учун Мактоминай - «Манчестер Юнайтед»­да «Йил футболчиси» бўлишга бош даъвогар, бизнингча. Кўрайлик-чи, нима учун Скоттни «Беназир» шунчалик ёқтириб қолди экан?!

Хўш, ким ўзи у - Мактоминай?

Тўғрисини айтганда, Мактоминай яқиндагина соф таянч ярим ҳимоячига айланган. Зеро, Скотт «Юнайтед» академиясида тарбияланар экан, 17 ёшигача ҳужумчи ортидаги позиция учун Маркус Рашфорд билан рақобатлашди. Рашфорд эса биласизки, ниҳоятда қобилиятли йигитча ҳисобланган ва 2015 йили Луи Ван Гал қўл остидаги бош жамоа сафига ўтганди. Ўшанда, гўёки, Мактоминай учун энди ҳамма йўллар очилгандек эди, аммо бир муаммо ортидан иккинчиси пайдо бўлди: қандайдир бир ярим йил ичида йигитчанинг бўйи нақ 25 сантиметрга ўсиб, 167дан 192 см.га етди. Бу кескин ўзгариш албатта, йигитчанинг фаолиятига салбий таъсир қилди ва у ўз танасини ҳис қилишни ўрганиши учун яна маълум вақтгача ёшлар жамоаси сафига қайтди. Мактоминай танасининг ўлчамларига мослашиб олганида эса бирданига унда янги устунликлар бўй кўрсатди: энди у бўйининг баландлигидан, оғирлигидан фойдаланиб, тенгдошларидан тўпни осонгина олиб қўяр, шунингдек, ҳаводаги курашларда ҳам ҳаммадан устунлик қиларди. Энг муҳими, ўлчамлардаги ўзгаришларга қарамай, йигитча ҳужумчиларга хос чаққонлик ва чидамлилик сифатларини ўзида сақлаб қолганди. Ўйинни «ўқий олиши» эса уни академиянинг энг яхши тарбияланувчиларидан бирига айлантирди. Фарқи - Скотт энди ҳужумда эмас, майдон марказига жойлаштирилганди.

«Ҳужум чизиғидаги тажрибам энди қўл келяпти. Гарчи ўзим марказий ярим ҳимоячи бўлсамда, ҳужумчи қандай узатма хоҳлаётганини аниқ биламан. Чунончи, форвард доим ярим ҳимоячилардан ўзига хос тўп узатишларни кутади ва ёшлигимдан олдинги чизиқда ҳаракатланганим боис, шерикларимга қай тарзда тўп оширишни яхши биламан», - дейди Скотт Мактоминай.

Моуриньо ўтган мавсум охирларида майдон марказида оддий, аммо ишончли ижрочиларга эҳтиёж сеза бошлади. Шу сабабли, Мактоминайни секин-аста асосий таркибга жалб қилди. Орадан бир йилгина вақт ўтиб, «МЮ»нинг АПЛ ва еврокубоклардаги барча ўйинлари бевосита Скоттга боғланиб қолди.

Моуриньо нега уни маҚтайверади?

Юқоридаги саволга жавоб беришдан олдин Мактоминай португалиялик мутахассис учун қанчалик муҳим ўйинчи эканини тушуниб олиш зарур. Дейлик, Жозе Моуриньо 4-2-3-1 кўринишидаги ўйин услубига қаттиқ меҳр қўйган бўлиб, марказдаги икки нафар таянч ярим ҳимоячилар ҳимояга фаол кўмаклашиши, «мўъжиза» яратмаслиги ва ўткир «пас»лар билан ҳужумни ривожлантира олиши талаб этилади. Биласизки, бу ўринда Поль Погбани синаб кўриш варианти ўзини оқламади. Чунки Погба ҳимояга ёрдам беришни, ўз жарима майдони яқинида ўйнашни унчалик хушламайди. Маруан Феллайнига эса хотиржамлик ва аниқлик етишмайди. Боз устига, у рақиб жарима майдонида «симёғоч» ролида кўпроқ наф келтиради. Тўғри, таркибда Андер Эррера ҳам бор, лекин унга аксарият ҳолларда жисмоний кўрсаткичлар панд бериб қўйди. Мисол учун, рақибнинг бақувват ва гавдали ҳужумчиларига деярли қаршилик кўрсатолмайди. Хуллас, ўша пайтлари Моуриньо олдида шундай муаммо туғилдики, у зудлик билан Неманья Матичга муносиб шерик топмаса, ўзи шундоқ ҳам қийналаётган марказ бутунлай абгор бўларди.

Шундай қилиб, «Беназир»нинг танлови «Калашников» автоматидек оддий ва ишончли йигит - Мактоминайда тўхтади. Скоттни кўп томондан «МЮ» афсоналаридан бири бўлган Майкл Каррикка ўхшатиш мумкин. Зеро, у ҳам худди ўз вақтида Каррик сэр Фергининг кўрсатмаларини сўзсиз бажаргани каби, Моуриньонинг ишончини тўла оқлай олди.

Шунингдек, Жозега Мактоминайнинг ўйинни ўқий олиши ва бўш ҳудудларни ёпиши ҳам жуда маъқул тушиб қолганди. Жисмоний кўрсаткичлар эса йигитчанинг майдондаги устунлигини таъминлаб, унинг Матич учун идеал шерик бўлишига замин яратди. Аксарият ўйинларда ортида Скотт борлигини ҳис қилган серб олдинроққа силжишга муваффақ бўлди.

Ҳозирча Мактоминай ҳужумларда фаол қатнашмаяпти. У мунтазам равишда ўзига тегишли ҳудудни қўриқлаб, шерикларининг ўрнини тўлдиряпти ва қарши ҳужум хавфи мавжуд пайт­ларда кескин узатмалар беришдан тийиляпти. Рақибни қарши олиш, тўп учун кураш, яқин масофага «пас» - мана шу Мактоминай ўйинининг содда алгоритми.

Ҳа, тан олиш керак, баъзида Скотт­га бироз дадиллик етишмаётгандек ҳам туюлади. Дейлик, у ҳужумни ривожлантириш учун узун «пас» бериш ўрнига, тўпни орқага ёки яқинидаги футболчига оширади. Рақибни алдаб ўтса бўладиган вазиятда ҳам шериклари билан ўйнаб қўя қолади. Аммо айнан шу жиҳатларни Жозе қадрларди. Чунончи, кўрсатма тўғри бажарилмоқда, ахир.

«Мактоминай юқори савиясини, футболчи сифатида тенгдошларига нисбатан анча улғайганини кўрсата олди. Мени ҳайрон қолдиргани шуки, баъзан трибунадаги мухлисларнинг босими туфайли аксарият футболчилар нотўғри қарор қабул қилишади. Скотт эса томошабинлар қанчалик таъсир ўтказишга ҳаракат қилишмасин, ўзи тўғри билган йўлни танлайди», - дейди Жозе Моуриньо.

Мактоминайнинг яна бир устунлиги - унинг елимдек ёпишқоқлиги. Хусусан, «Челси»га қарши ўйинда Скотт­ни рақиб сафидаги энг хавфли футболчи - Эден Азарга «бириктириб» қўйишди. Қаҳрамонимиз эса бельгиялик рақибидан бир қадам узоқлашмай, уни диққат билан қўриқлади ва якунда бутунлай зарарсизлантирди.

«У ажойиб футболчи. 21 ёшда «Челси»га қарши шундай совуққонлик билан тўп суриши, ўйинни назорат қилиши кишини ажаблантиради. Аминманки, келажакда Мактоминай «Манчестер Юнайтед»нинг энг муҳим футболчиларидан бирига айланади», - дейди Неманья Матич.

Вақт ўтгани сари, Моуриньо Скотт­ни ўта муҳим учрашувларда ҳам синаб кўришни бошлади. Масалан, «Челси», «Ливерпуль» ва «Севилья»га қарши баҳсларда Мактоминайга ишонч билдирилди. 21 ёшли футболчи эса «МЮ»нинг марказдаги муаммоларини тинимсиз меҳнати, ўзини таклиф қилиши ва тўп назоратидаги ёрдами билан маълум даражада бартараф қилди. Қўшимчасига, Мактоминай бирга-бир курашларда сира ўзини йўқотиб қўймайди.

Маълумки, Жозе Моуриньо шогирдларини ОАВда танқид қилишдан асло уялмайдиган мураббийлар сирасига киради ва катта эҳтимол билан айнан шу омил уни доим шогирд­лари билан ораси бузилишига сабаб бўлади. Сульшер жамоага келишидан аввал «Юнайтед»да ички муҳит қай даражада ёмонлашганини биласиз, аммо шунда ҳам «Беназир» Мактоминайни мақташда давом этди. Жумладан, «Брайтон»га қарши ўйиндан кейинги интервьюни олайлик:

— Бугун Мактоминай «Манчестер Юнайтед»даги энг ёмон ўйинини кўрсатди...

— Бугун ўзи ким яхши ўйнади?

— Матич ва Мактоминай. Ҳа, у кўп хато қилди, ёмон узатмалар берди, тўпни ўзида сақлаб туролмади, лекин хатоларини тузатиб, қуйидагиларни айтишга журъат қилди: «Мен ёмон ўйнайман, аммо футболда асосий ишни бажаряпман: позицияни ушлаяпман, тўпни олиб қўйяпман ва ҳимояга ёрдам беряпман».

Мана энди, Мактоминайнинг иқтидорига Сульшер ҳам тан беряпти. Зеро, эндигина 22га тўлган йигитча «Манчестер Юнайтед»дек клубнинг асосий таркибига кириб, Европа даражасидаги юлдузлар ичида йўқолиб қолмаяпти. Бунга «Барса»га қарши Манчестер шаҳрида ўтган ўйин яққол мисол. Афтидан, «Олд Траффорд»га Фергюсон давридаги илиқ эпкин қайтяпти, чоғи...

Манба: InterFutbol
Киритилди: 01:02, 24.04.2019.
Ўқилди: 2851 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.