Гап Дюссельдорфнинг «Фортуна»си ҳақида кетмоқда. Бу жамоа сайти ҳаттоки, иероглиф ёзувида ҳам иш олиб бормоқда. Сир эмас, япониялик илғор футболчилар евроаренада аллақачон ўз жойларини топиб улгуришди. «Кунчиқар юрт» вакиллари айниқса, Бундеслигада ўзларини эркин ҳис қилишади. Умуман, осиёлик футболчиларга «кўҳна қитъа»да энг маъқули - бу айнан Германия чемпионати. Шундан бўлса керак, «сариқ қитъа»нинг катта қисмида Бундеслигага қаттиқ қизиқишади. Бироқ ҳеч қайси клуб ўзининг маркетинг стратегиясини асосан «кунчиқар юрт»га қаратган эмас, фақат «Фортуна» бундан мустасно.
Улкан диаспора
Япониянинг Европадаги энг катта диаспораси айнан Дюссельдорфдан қўним топган. Ҳисоб-китобларга кўра, шаҳарда айни пайт 8 мингдан зиёд япон миллатига мансуб киши истиқомат қилмоқда. Диққатга сазовор томони, Дюссельдорфнинг қоқ маркази - Immermannstrasse райони атрофида япон квартали қад кўтарган. Қанақасига? Японлар шаҳар марказини қандай «ўзлаштириб» олишган? Гап шундаки, ўтган асрнинг 70-80-йиллари Дюссельдорфда Япониянинг кўплаб етакчи корпорациялари штаб-квартираси учун жой ажратилган. Яна эътиборга олиш керак, шаҳарда яшаётган аксарият японлар - тўлиқ таъминланган кишилар. Қисқаси, улар Япониянинг бой компаниялари офисида катта маош эвазига ишлашади. Шаҳарда саноқсиз ресторанлар, меҳмонхоналар ва дўконларни ўз ичига олган шундай ривожланган районнинг пайдо бўлиши — бу немис бизнесменларининг осиёлик меҳмонларга хайрихоҳ эканликлари самараси. Мана, орадан маълум вақт ўтгач, япон квартали Дюссельдорфнинг энг диққатга сазовор масканларидан бирига айланди. Бу жойни маҳаллий аҳоли ҳам жуда қадрлайди.
Ҳомийлик келишуви
Бутун футбол дунёси Яқин Шарқ авиакомпаниялари, Германия автоконцернлари ва Россия нефть корпорациялари билан ҳомийлик шартномалари тузиш учун курашаётган бир паллада «Фортуна» осон йўлдан бориб, Дюссельдорфда мавжуд манбага таянмоқда. Клубнинг маркетинг бўлимида японлар билан ҳамкорликка жавоб берадиган алоҳида мутахассис ишламоқда - Генго Сета. Унинг меҳнати бесамар кетмаяпти. Ҳозирги ҳолатга қарасак, «Фортуна»нинг тўкин ҳаётини таъминлаётган йирик ҳомийлар орасида Япониянинг 5та компанияси алоҳида ўрин тутмоқда — Toyo Tyres, Hitachi, Makita, Fujifilm ва AsahiKasei. Сетанинг сўзларига қараганда, клуб раҳбарияти Япониядан янги-янги ҳомийлар топиш ҳаракатини давом эттирмоқда. Чунончи, «Фортуна»нинг асл мақсади - Осиё бозорида ўз ўрнини топиш.
Тил Қадриятлари
Умуман, Дюссельдорфда Осиё томон ҳаракат тенденцияси ҳаёт ва тараққиётнинг кўплаб жабҳаларини қамраб олмоқда. Бунда жумладан, футболнинг алоҳида ўрни бор. Осиё бўйлаб турнелар, тажриба алмашиш ва ижтимоий тармоқлар воситасида ҳудудни эгаллаш — Германиянинг кўплаб клубларида янги бозор очиш илинжида жиддий иш олиб борилмоқда. Бу борада «Фортуна»га бироз осонроқ: клуб шаҳарда яшайдиган японларни қизиқтирса, бас. Хуллас, дюссельдорфлик японлар билан ўрнатилган алоқа жамоани тўғри Осиёга олиб чиқади. Айтиш керакки, «Фортуна» бу ишни жуда яхши уддаламоқда. Мисол учун, клубнинг расмий сайтини олсак, у икки хил кўринишда - немисча ва японча талқини бор. Диққат қилинг, инглизча, французча ёки испанча эмас, японча! Яна бир томони, клубнинг япон тилида фаолият юритаётган сайти Германияда энг омадли веб-саҳифалардан бири сифатида тан олинган. Шунингдек, YоuTube тармоғидаги «Фортуна» каналида «кунчиқар юрт»га аталган кўплаб видеороликларни кўриш мумкин. Японча ёзувни талқин этувчи Japan.TV иловаси эса «Фортуна»га кўнгил берган япониялик янги мухлислар учун айни муддао. Зеро, Japan.TVда асосан Дюсельдорф клуби тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.
Япония куни
Ҳар йили май ойи охирида Дюссельдорфда Япония куни нишонланади. Бу байрам янги аср бошида йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда бутун Германияда оммалашган. Дейлик, ҳар йили Япония куни байрамида 700 минг меҳмон қатнашади. «Фортуна» эса 10 йилдан буён ушбу тадбирда фаол иштирок этмоқда. Клуб вакиллари байрам муносабати билан қизил-оқ павильон ҳамда майдон барпо этишади. Шу ерда футбол ўйини ташкил қилинади, бўлажак ўйинлар чипталари сотилади, клуб формалари тарқатилади, албатта, чекланган миқдорда. «Фортуна»ни ушбу масалада моддий томондан алоҳида ҳомий - Toyo Tyres (автомобиль шиналари ишлаб чиқарувчи фирма) тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Энг муҳими, клуб байрам баҳона мухлислари сафини кенгайтириш имкониятига эга.
Япониялик футболчилар
Ҳозир «Фортуна» таркибида биргина япон бор - Такаши Усами. 26 ёшли ярим ҳимоячи жамоада иккинчи мавсумни ўтказмоқда. «Фортуна» раҳбарияти Усамини алоҳида маркетинг элчиси сифатида ғоят қадрлайди. Аввалги мавсум эса Генки Харагучи Дюссельдорф жамоасида ижара келишуви бўйича тўп сурганди, ундан олдин Жастин Кинжо ўз омадини синаб кўрган. Ҳар бир футболчидан реклама ва Япониянинг ижтимоий лойиҳаларида қатнашиш талаб этилади. Тушуниш керакки, япониялик легионер аввало, фанатлар ва ҳомийлар қизиқишини оширишга қаратилган маркетинг юришидир. Шунга мувофиқ, «Фортуна» ўсмирлар ва ёшлар жамоалари мураббийлари япониялик иқтидорларга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ҳар ҳолда, Дюссельдорфда «Янги Шинжи Кагава» кашф этиш иштиёқи жуда баланд. Тўғри, «Фортуна» буни уддалай оладими ёки йўқ - бир нарса дейиш қийин. Қандай натижа чиқишини кўриш учун озгина сабр қилиш керак.
ЎҚувчилар экскурсияси
«Фортуна» стадиони ҳудудида доимий экскурсияларга кўзингиз тушиши мумкин, айниқса, Дюссельдорфдаги Япония халқаро мактаби турнеси қизиқиш уйғотади. «Фортуна» кичик болаларни бошидан ўз футболига қизиқтиришга уринади. Мактаб ўқувчилари саёҳат баҳона «Фортуна» ҳақида тўлиқ япон тилида тайёрланган журналга ҳам эга бўлишади. Унинг муқовасини одатда Усамининг сурати билан безатишади. Баъзан япон футболчисининг қайсидир клубдоши билан бирга тушган сурати босилади. Бошқача вариант йўқ.
Япон лигаси билан ҳамкорлик
Bild нашри 2 йилча олдин «Фортуна»нинг Япония лигаси билан хуфёна шартнома тузгани ҳақида хабар берди. Орадан маълум вақт ўтгач, ҳаммаси расмий характер касб этди. Ўшанда ушбу ҳамкорлик анча истиқболли эканлиги ҳам таъкидланди. «Фортуна» ва Япония лигаси ўртасидаги муносабат 3та йирик лойиҳадан иборат эди. Биринчиси - Дюссельдорфдаги ёш иқтидорлар марказида ўзаро тажриба алмашиш. Иккинчи босқичга кўра, япониялик мураббий Риота Накамура Германия клубида 1 йил давомида амалиётдан ўтди. Учинчи лойиҳа - «Фортуна» ўсмирлар ва ёшлар жамоаларининг ўртоқлик ўйинлари учун «кунчиқар юрт»га сафари. Айтиш жоиз, 3та банд ҳам бажарилди ва японларда катта қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, айни ўша даврда «Фортуна» вакиллари ҳомий ташкилотлар - Hitachi ва Toyo Tyres меҳмони бўлиб, клуб Дюссельдорфдаги япон квартали билан чекланиб қолмоқчи эмаслигини амалда кўрсатишди. «Фортуна» президенти Роберт Шефер лойиҳага ижобий баҳо бериб, барчасини кўтаринки руҳда шарҳлаганди: «Умуман олганда, биз Японияда ўз тармоғимизни яратмоқчимиз. Гап футболчилар ҳақида кетар экан, аввало, ушбу мамлакат клублари ва у ердаги мутасадди шахслар билан яқиндан танишиб чиқишимиз керак. Бунда маҳаллий лига билан алоқа ўрнатиш «Фортуна» учун жуда муҳим. Зеро, яқин келажакда япониялик ўйинчиларни жамоамиз таркибида кўрмоқчимиз». Ҳозирча немислар барчасини яхши уддалашмоқда. Самараси қандай бўлиши эса вақт ҳукмида. Эҳтимолки, Япония футболи яқин йиллар ичида «Фортуна» орқали еврофутболда мутлақо бошқача тўлқин кўтарар...