Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (8-0, 6 КО) навбатдаги жангида ғалаба қозониб WBA International чемпионлик камарини қўлга киритди.
Инглвуд шаҳридаги Форум саройида бўлиб ўтган бокс оқшомида Шаҳрам Ғиёсовга америкалик собиқ чемпионлик учун даъвогар Эммануэль Тэйлор рақиблик қилди. 10 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва унда Шаҳрам Ғиёсов тўлиқ устунлик қилди. Ҳакамларнинг икки нафари 99-91 ҳисобида Шаҳрам Ғиёсов ғалабасини қайд этган бўлса, яна бир ҳакам 97-93 натижасини қайд этди.
Ҳакамларнинг бир овоздан берган овозларига кўра ғалаба қозонган Шаҳрам Ғиёсов ўзининг илк чемпионлик камари WBA International камарини қўлга киритди. Олдинроқ Шаҳрам WBA InterContinental чемпионлик камари учун жанг қилиши хабар берилганди. Аммо маълум бўлишича, у WBA International камари учун жанг қилган ва ушбу камар соҳибига айланган.
Қуйида тўлиқ жангни томоша қилишингиз мумкин.