“Динамо” – “Навбаҳор” (2-2) учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар устози Андрей Канчельскис журналистлар саволларига жавоб қайтарди. - Чинданам, Англия футболига хос бўлган ўйин бўлди. Бугунгидек учрашувдан сўнг бошимда оқ сочларим янада кўпайди дейишим мумкин. Мухлислар учун жанговар дурангли ажойиб, ҳужумкор очиқ футбол бўлди. Аммо мураббий сифатида мен жамоам ўйинидан қониқмадим. Биринчи бўлимда 0:1 вақтида 2-голни ҳам урганимизда ўйин бошқача кечган бўларди. Ўйинни таҳлил қиламиз, кўриб чиқамиз. Сабаби аксарият футболчилар билиб қўйиши керак – футболни бир марта эмас, ҳар ўйинда ўйнаш шарт. Бу борада хулоса қиламиз. Ҳаёт давомида, бу футбол. Узоқ масофага қарамай, келган мухлисларимизга раҳмат. “Динамо” жамоаси менга жуда ёқди, жуда шижоатли жамоа экан. Бизни яхши кутиб олишгани учун, ажойиб майдон учун мезбонларга раҳмат. Видеотакрорни кўриб чиқамиз, балки ўйин сўнгида пенальти бордир, бу бизнинг эмас, ҳакамлар назоратчилари баҳо беришлари керак. Мураббийлар ўриндиғидан пенальти борга ўхшади. ВАР бизда ҳозирча йўқ, демак пенальти ҳам ҳозирча йўқ. - Икки очко йўқотилдими ёки 1 очко қўлга киритилди? - Мени фикримча биз бугун икки очко йўқотдик. - Ўйиндан кейин дарҳол Равшан Эрматовга юзландингиз. Суҳбатда пенальти белгиланмаган вазиятни муҳокама қилдингизми? - Йўқ, мен шунчаки Равшан Эрматовга у ҳозирча биз учун омадсиз ҳакам бўлаётганлигини айтдим. Айнан Эрматов ҳакамлигида 1-турда ҳам “Қўқон-1912” билан дуранг ўйнагандик, бугун ҳам дуранг қайд этдик. Ҳозирча ушбу ҳакам бизга омад келтирмаяпти. Шу боис унга биз учун омадсиз ҳакам бўлаётганлигини айтдим. Аммо мен ҳакамликни танқид қилишдан йироқман, бу нотўғри бўлади. Уларнинг ҳаракатига ҳакамлар қўмитаси баҳо бериши керак. Бизнинг ишимиз ўйиндан-ўйинга тайёрланиш. - Остон Уруновни биринчи бўлимдаёқ алмаштиришингиз нима билан боғлиқ? - Сабаби Остон Урунов ўйинга футбол ўйнаш учун эмас, ўз позициясида ўйнамаётганлигини ошкора оммага намоён қилиш учун майдонга тушди, унга кўра. Аммо клубда мураббийлар штаби бор, айнан биз унинг қаерда ўйнашини аниқлашимиз лозим. Биринчи қўйиб юборилган голда бурчак тўпи келтирди, бош билан ўйнамади рақиб гол уриб кетди. Олимпия терма жамоаси бўлган футболчи бундай ўйнамаслиги керак. Агар сен бирор нарсадан норози бўлсанг, келиб очиғини айтишинг керак, бунга асосинг бўлса. Айнан унинг учун 10 киши ўйнагандек бўлдик. Остон охиригача ўйнаганида унинг позицияси ўтиш йўлакчасига айланарди. Шу боис уни алмаштирдим. - Бугунги гол муаллифи Славко Лукич “Насаф”да қанот ҳимоясида яхши ўйнарди. Аммо “Навбаҳор”да марказда ўйнамоқда. Бу нима билан боғлиқ? - Лукич тажрибали футболчи. Уни қанот эмас, марказий ҳимояда ўйнатаётганимиз сабаби Игорь Голбаннинг жароҳатидир. У универсал футболчи сифатида Голбаннинг йўқлигини билинтирмасликка интилмоқда. - Имкониятлардан фойдаланилмаган ўйин деб атасак бўлади. Вазиятларни ҳужумчилар билан муҳокама қиласизми? - Албатта. Биз «ПроСпорт» компанияси билан ҳамкорликда ишлаймиз, улар ҳар бир рақибнинг камчиликларини таҳлил қилиб беришади. “Динамо”ни ҳам ўйинини чуқур ўрганган эдик. Аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Афсуски, ўзим майдонга тушиб ҳал қила олмайман. Биз шунчаки ўтирганимиз йўқ, футболчиларга теорияда барчасини тушунтираяпмиз, таҳлил қилаяпмиз. - Баҳодир Насимовни майдонга туширганингизда унинг самарқандлик эканлиги ёки “Динамо” тарбияланувчиcилигини инобатга олганмидингиз? - Баҳодир Насимов Самарқандда туғилгани учун эмас, шунга муносиб бўлгани учун майдонга тушди. Унда яхши имкониятлар бўлди ва фойдаланиши ҳам мумкин эди, аммо омади келмади. - Сўнгги савол ўйин ҳақида эмас. Машҳур собиқ футболчи сифатида Самарқандга илк ташрифингиз бўлди. Самарқанд сизга ёқдими? - Мураббий ёки собиқ футболчи сифатида вақт тиғизлиги боис, шаҳарни бемалол айлана олганим йўқ. Лекин кўрган кечирганларимдан ишондимки, эшитганимдек Самарқанд жуда чиройли шаҳар экан. Самарқанд ошхонаси ҳам жуда мазали, айниқса сомсаси менга жуда манзур бўлди. Шаҳарнинг жуда озода, кўркамлиги жуда ёқди. Самарқандни буюк тарихга эга шаҳар сифатида биламан. Албатта, вақтим бўлганида ҳали сайёҳ сифатида камида 1-2 кун вақт топиб, шаҳарнинг диққатга сазовор тарихий масканларида келиш ниятим бор. Усмон Ибодов ёзиб олди. |