Омилкор бизнесмен, зукко президент, «Лион»нинг юраги - франциялик мухлислар Жан-Мишель Оласни шундай сифатлар билан улуғлашади.
Айнан шу инсоннинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Лион» француз футболи тарихига зарҳал саҳифаларни битди. Лекин ёши 70дан ошган «Лион» соҳиби фақат сўнгги орзуси рўёбга чиққанидан кейин истеъфо ҳақида бош қотиришини маълум қилди.
2017|2018 йиллар мавсумининг якуни «Марсель» ва унинг мухлислари учун ҳаяжонли бўлди. Жанубликлар жамоаси ЕЛ финалига етиб борган ва тақдирнинг қалтис ҳазилига кўра ҳал қилувчи баҳсни азалий рақиби - «Лион»нинг уй майдонида ўтказганди. Лиқ тўлган трибуналардаги мухлислар ўша оқшом ажабтовур қўшиқ билан стадионни бошга кўтаришди: «Уйингни вайрон қиламиз, Жан-Мишель Олас!» Бу занжир реакциясининг бошланиши эди - тез орада мамлакатда «Марсел»ни қўллайдиган ва Оласни хуш кўрмайдиган тақлидчилар кўпайиб кетди.
Франция таомилларидан бехабар хорижликлар қандайдир тартибсизликлар ва анархияни тасаввур қилган бўлишса, ажабмас. Бироқ ҳатто Оласнинг ўзи ҳам таҳдидни хавотир билан эмас, фахр билан қарши олди. Айнан унинг номи «Лион» билан чамбарчас боғлиқ ва клуб рамзига айланганди. Ёзда клуб соҳиби ва президенти ўз хурсандчилигини яшира олмади: «Марсель» финални бой берди. «Лион» эса қаторасига 9 учрашувда ғалабага эришди ва ЕЧЛ йўлланмасини айнан «Марсел»дан тортиб олди». Хуллас, ҳаммаси режадагидек якунланди.
Жан-Мишель Олас француз футболининг таниқли арбобларидан бири. У 1987 йилдан бери «Лион»га раҳбарлик қилмоқда. Табиийки, бу давр ичида клуб рамзи мақомига кўтарилди. 22 март санасида Олас 70 ёшга тўлди. Француз футболи тарихидаги энг муваффақиятли раҳнамолардан бири сифатида фаолиятини якунлаш учун энг мақбул палла. Бироқ бу борада фикр билдиришни кейинроққа қолдиришга мажбурмиз. Клуб президенти ҳозирча ўз лавозимини тарк этиш хусусида ўйламаётгани ва 75га чиққанида кетишини, лекин бунгача асосий мақсади - ЕЧЛда ғолиб чиқиши лозимлигини билдирди.
Францияда футбол клуби президентининг аҳамияти жуда катта: ҳал қилувчи қарорлардан тортиб, арзимас муаммолар ечимигача унинг зиммасида. Жан-Мишелнинг мажбуриятлари эса унданда кенгроқ. У бизнесменларга хос муросасизлик ва мураббийлардаги мулойимлик илмини пухта эгаллаган. Бирор-бир учрашув Оласнинг иштирокисиз ўтмайди. Ҳатто аёллар футболи беллашувлари ҳам! Футболчиларнинг кўпчилиги билан шахсан таниш, клубдагилар уни ҳурмат қилишади. Бошқаларнинг муносабатлари эса ундан нима ёки кимни сўрашларига боғлиқ. Олас можаролар марказида бўлишдан ўзини олиб қочмайди, аксинча, жанжаллашишни хуш кўради. У ўзининг антиқа табиати билан номдор клуб бошқарувчисига сира ўхшамайди. Қолаверса, президент «твит»лардаги баҳслар билан қаноатланиб қолмайди: Олас бир қатор ҳакамлар, журналистлар ва жамоалар раҳбарлари билан жанжаллашиб улгурди. Қулай вазият юзага келса, жамоатчилик эътиборини ўзига тортишга интилади. Ўзининг айтишича, Жан-Мишель ҳар бир можарони пухта ўйланган режа асосида амалга оширади. Яъни, у Мемфис Депайни танқид қилиш орқали қайта тарбиялайди, «ПСЖ»га «тош отиш» орқали эса ўз футболчилари ва мураббийлари диққат марказидан йироқ бўлишларини таъминлайди.
«Лион»даги илк кунидан бошлаб Олас ўз мақсадларига эришиш йўлида табиий қобилиятини ишга солди. У Лиондан унча олис бўлмаган Л`Арбрель шаҳрида дунёга келган. Унинг ота-онаси ўша даврда юксак қадрланадиган касб - ўқитувчилар бўлишгани боис, Жан-Мишель болалигидан Даниэль Миттеран (Франциянинг биринчи хоними) ва Кристин Гуз-Реналь (кинопродюсер) каби мартабали шахслар даврасида улғайди. Бизнесменлик соҳасини эса жуда барвақт танлади. Муҳими, у ўз фаолиятини мустақил равишда, ота-онасининг кўмагисиз йўлга қўйишга аҳд қилди ва суд орқали ишга лаёқатли балоғатга етмаган ўсмир мақомига эга бўлди. Шунингдек, Олас спортдан ҳам воз кечмади, маълум муддат «Лион» гандбол жамоаси шарафини ҳимоя қилди.
Cegid - Жан-Мишель Оласнинг дастлабки муваффақиятли компанияси. 1983 йилда ташкил этилган муассаса корпоратив уюшмалар менежменти ва бухгалтерлик ҳисоби ишланмалари билан шуғулланади. 2016 йилда компаниянинг қиймати 475 млн. евродан ошиб кетди.
1987 йилда Оласнинг ўз бизнесига берилиб кетиши оқибатида «Лион» қуйи лигада тўп суришга мажбур бўлди. Тез орада уддабурон бизнесмен жамоага бўлган ишончни қайтариши ва элитага олиб чиқиши ҳақида миш-мишлар урчиди. У пайтда Олас ҳамшаҳарлари ўртасида таниқли шахс даражасига кўтарилганди. Уни яқиндан билишга улгурмаганларга эса ўша даврда Adidas ва «Марсель»га раҳбарлик қилган жанжалкаш Бернар Тапи ёрдамлашиб юборди.
Жамоа таркибида эса Реми Гард ва Женезио каби футболчилар тўп суришарди. Илк мавсумдаёқ янги президент талаби билан жамоа либосларида «Лион Европа шаҳри» ёзуви пайдо бўлди. Бу билан Олас «Лион»ни 3 йил ичида еврокубоклар ҳудудига олиб чиқишига писанда қилганди. 1988 йилда у элитага қайтди. Раймон Доменек ва Бернар Лякомбдек афсоналар бош мураббий ва спорт директори лавозимларига таклиф этилдилар. Танлов тасодифий эмасди: Олас доимо жамоага бефарқ бўлмаган ва футбол оламини яхши тушунадиган мутахассисларга ишонч билдиради. Статистика алдамайди: Жан-Мишель давридаги 15 мураббийнинг 9 нафари ўз даврларида «Лион» шарафини ҳимоя қилишган. Лякомб худди Жерар Улье каби президентнинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси. Эътиборлиси, Олас ҳанузгача бош мураббийларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборсиз қолдирмайди: фақат Клод Пюэль ва Ален Перренлар шартнома муддати тугашидан аввал истеъфога чиқишган.
Янги бизнес-шерик - Pathe туфайли молиявий қудратини яхшилаб олган «Лион»нинг Сонни Андерсонни 120 млн. франк (24 млн. евро) эвазига харид қилиши («Барселона»дан) «аристократлар» учун бурилиш нуқтаси бўлди. Бразилиялик ҳужумчининг 4 йил давомидаги 94 голи лионликларнинг олтин авлоди даврини бошлаб берди. Барча жабҳаларда яққол устунликка эга бўлган жамоа қаторасига 7 марта (2001-2008) элитада ҳукмронлик қилди.
Жуниньо ва унинг жамоадошлари томонидан қўлга киритилган совринлар салмоғи чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Бироқ бу омадли тасодиф эмас, балки пухта режага асосланган фаолиятнинг самараси эди. Табиийки, ижобий ўзгаришларнинг бош меъмори Жан-Мишель Олас бўлди. Унинг бошқа жамоалардаги касбдошлари билан яхши муносабатда эканлигидан унумли фойдаланган «Лион» асосий рақиблари етакчиларини ўз сафига қўшиб олиш орқали бир ўқ билан икки қуённи овларди. 2010 йилдан бошлаб жамоа муаммоларга дуч кела бошлади: маблағнинг етарли эмаслиги ва ўзини оқламаган омадсиз трансферлар «Лион»нинг заифлашувига сабаб бўлди. Йоанн Гуркюфф учун сарфланган 22 млн. евро фикримизни тасдиқлайди.
Аммо ҳаттоки, «Лион»нинг олтин даврида ҳам президент изланишдан чарчамади, янги лойиҳалар устида бош қотирди. Оласни ички мусобақалардаги ҳукмронликнинг ўзи қониқтирмасди. Шу сабабли клуб соҳиби академиянинг фаолиятига жиддий эътибор қаратди. Натижада Карим Бензема каби ёрқин юлдузлар катта футболга кириб келишди. Ҳозирда «Лион» академияси Европанинг етакчи ўқув даргоҳларидан бирига айланиб улгурган. Максим Гоналон, Александр Ляказетт, Самюэль Умтити, Корентен Толиссо ва Набил Фақир каби иқтидор соҳиблари айнан шу масканда сабоқ олишган.
Асрлар алмашуви даврида аёллар футболига ҳам асос солинди. Ҳозирда у қитъада ҳукмронлик қилмоқда. 2004 йилда Олас «Лион ФК» аёллар жамоасини ҳам ўз тасарруфига олди. «Монпелье»даги касбдоши Лоран Николлен бунга сабабчи бўлганди. 2005 йилда жамоа америкалик юлдузлар - Хоуп Соло ҳамда Али Вагнерларни ўз таркибига жалб этди. Икки йилдан кейин чемпионликка эришган жамоа ҳанузгача зафарли серияни давом эттирмоқда! 2011 йилдан бошлаб жамоа 5 марта ЕЧЛ ғолибасига айланди. Ўтган йили эса Ада Хегерберг аёллар футболидаги дастлабки «Олтин тўп» соҳибаси бўлди.
2016 йилда Олас ўзининг навбатдаги буюк яратувчанлигини намойиш этди - «Парк Олимпик Лионне» қад ростлади. Стадионнинг 100 фоизи клуб ихтиёрида эканлиги Франция учун камдан-кам учрайдиган ҳолат. 60 минг мухлисга мўлжалланган иншоот аввалги қадриятлар унутилмаслигини эслатиб туради. Аёллар футбол мундиалининг ярим финаллари ва финал беллашуви айнан шу ерда бўлиб ўтади.
«Парк Олимпик Лионне» зиммасига янги футбол сулоласининг маркази бўлиш масъулияти юкланган. Унинг ёнида аёллар ва ўсмирларга мўлжалланган машғулот базаси, музей, меҳмонхона ва баскетбол майдончаси қад ростлайди.
Стадионни бунёд этиш - осон иш эмас. Шаҳар аҳолисининг кўпчилиги лойиҳага қарши чиққан бўлсада, охир-оқибат тортишув спорт фойдасига ҳал бўлди. Бунда Лион маъмуриятининг улуши сезиларли бўлди. Сарфланган 250 млн.ли сармояда солиқ тўловчилар, маҳаллий сиёсатчилар, шаҳар мэри Жерар Коллон ва бош вазир Франсуа Фийоннинг улушлари бор.
Стадион, бир талай совринлар, академия - кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Бироқ Олас учун бу кам. У «Лион» йигитларини ЕЧЛ шоҳсупасида кўриш орзуси билан ёнмоқда. Бунинг учун ихтиёрида 5 йил бор. Омадли бизнесмен ўз орзусини рўёбга чиқаришга улгурадими? Ҳозир президент жиддий стратегия устида бош қотирмоқда. Яъни, жамоа етакчиларининг ғойиб бўлишига чек қўйиш ва бошқа лигалардаги юксак савияли ижрочилар билан таркибни кучайтириш йўлларини изламоқда. Оласнинг айтишича, ёзда жамоа кўпи билан бир футболчиси билан хайрлашиши мумкин. Мемфис Депай ва Мусса Дембеле савиясидаги футболчилар сонини кўпайтиришга жиддий эътибор берилади. 2016 йилда клуб акцияларининг 20 фоизи хитойлик сармоядорларга берилиши орқали молиявий имкониятлар кенгайтирилди. Мураббий масаласида Олас таваккалчиликка қўл уришни истамади ва Бруно Женезиога амалдаги шартномани икки йилга узайтиришни таклиф этди. Мухлисларнинг бош мураббий хусусидаги танқидий фикрларини инобатга олмади. Қайсидир маънода президент ҳақ.
Жозе Моуриньо хусусидаги миш-мишлар эса асоссиз. Оласнинг фикрича, янги бош мураббий билан вазият ўзгариб қолмайди. Оласнинг фалсафаси «Формула-1» пойгаларидаги болидни эслатади: муҳими машина, пойгачи эмас!
Жан-Мишель Олас француз футболида юксак мавқега эга. Европа клублари ундан ибрат олишга уринишмоқда. Жамоатчилик учун у - жанжалкаш юлдуз, аммо клубида ҳурмат-эҳтиромда. Олас бизнесмен, президент, асосийси, бунёдкор. У эришган ютуқлари билан чекланиб қолмайди, доимо олға интилади. Тўғри, ҳозир «Лион»нинг эмин-эркин ривожланишига «ПСЖ» халақит бермоқда. Пойтахт гранди билан баҳслашиш осон эмас. Шунга қарамасдан, Жан-Мишель Олас «ПСЖ»ни ички мусобақалар ва ЕЧЛда маҳв этишга бел боғлаган. Бу ёғини вақт кўрсатади.