Кириш Регистрация

«Қўқон — ўзбек футболининг ватани» деб номланган хотира турнири якунланди

Баҳо:
+ | -

Қўқонлик футбол ихлосмандлари учун унутилмас онларни тақдим этган “Қўқон-ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги хотира турнири кеча ўз поёнига етди. 

 

Мусобақа ташкилотчилари мазкур турнирга ўзгача тайёргарлик кўришганини кечаги финал исботлаб берди. Деярли бир ҳафтда давомида “Аҳмадхон” спорт мажмуаси мухлислар билан гавжум бўлди. Футбол мухлислари жами 32та футбол учрашувларини томоша қилишди. Финал куни эса ҳақиқий аншлаг гувоҳига айландик.

 

Учинчи ўрин учун кечган баҳс олдидан мухлисларга концерт дастури тақдим этилди. Унда бир қатор таниқли хонандалар ўзларининг дилторар қўшиқлари билан ишқибозларни хушнуд этишди.

 

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, мусобақанинг бронза медали учун – “Прогресс” ва “Спартак” жамоалари майдонга тушишди. Учрашувни Фарғоналик Равшан Кападзе бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришди. Ўйин драматик тарзда кечди. Ҳисобда ортда қолаётган “Прогресс” жамоаси ҳақиқий ирода намойиш этиб якунда 3-2 ҳисобида ғалаба қозонишди ва “Қўқон-ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги мусобақада учинчи ўринини қўлга киритишди.

 

Финал олдидан эса алоҳида шоу ташкил этилди. Ушбу шоуни ўзбекистонлик футбол ихлосмандларининг меҳрини қозонган Даврон Файзиев олиб борди.

 

Шоу дастурини очиб бериш учун сўзга чиққан футболимиз фидоийларидан бири Ўткиржон Сатторов ва Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар барча йиғилганларни футбол байрами билан табриклаб, ўзбек футболининг тарихи ҳақида сўзлаб беришди.

 

Шоунинг биринчи қисмида ўзбек ва Қўқон футболига муносиб ҳисса қўшган бир қатор мутахассислар – Баҳром Ҳакимов, Нўъмон Ҳасанов, Бахтиёр Ашурматов, Рустам Абдуллаев, Мухтор Қурбоновлар махсус совға билан тақдирланишди ва уларга зарбоф чопонлар кийдирилди. Шунингдек, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Шоакрам Исроилов, Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Расулжон Йўлдошев, таниқли шарҳловчи Даврон Файзиевлар ҳам юқоридаги совғалар билан тақдирланишди.

 

Бундан ташқари, Қўқон футболининг “эркатойи” деб таърифланаётган Жавоҳир Сидиқов ҳам махсус совғалардан бебаҳра қолмади. Жавоҳирни майдонга чиқиши мухлисларнинг олқишларига сабаб бўлди.

 

Финал учрашуви бошланишидан олдин эса мухлислар учун аталган совринлар ҳам ўз эгасига топширилди. Омадли чипта соҳиблари лотерея орқали қимматбаҳо совғаларга эга бўлишди. Ташкилотчилар финал баҳсини томоша қилиш учун келган мухлисларга бепул чипталар тарқатишди ва мухлислар бу чипталар билан лотерея ўйинида иштирок этишди. Ғолибларни аниқлаш эса Қўқон футболининг афсоналарига зиммасига юклатилди. Баҳром Ҳакимов, Нўъмон Ҳасанов, Бахтиёр Ашурматов, Рустам Абдуллаев, Мухтор Қурбоновлар омадли мухлисларни аниқлаб беришди. 

Ниҳоят, барча сабрсизликлар билан кутаётган финал учрашуви ҳам бошланди. Ҳал қилувчи баҳс олдидан яна бир тарихий воқеа содир бўлди. Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев финал иштирокчиларидан ташқари, ўзбек футболида алоҳида ном билан тилга олинадиган, Жаҳон ва Осиёнинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов ва унинг доимий ҳамроҳи Абдуҳамидулло Расуловларни майдонга таклиф этганида стадионга йиғилган мухлислари орасида ўзгача бир жонланиш пайдо бўлди. Жамоалар майдонда саф тортишгач ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон мадҳияси ижро этилди. 

 

Мусобақа бош соврини учун кураш олиб борган 16 жамоа орасидан финалга қадар етиб келган – “Фахрийлар-1” ва “Шаҳар” жамоалари мусобақанинг ҳақиқий фаворитлари эканликларни яна бир бор намойиш этишди. Учрашувнинг бошланишида “шаҳарликлар” вакили Иқбол Амиров ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса “Фахрийлар-1” ҳақиқий матонат эгаси эканликларини намойиш этиб, иродали ғалабага эришишди – 3:1. Бу жамоанинг голларига Аброр Мақсудов (2та) ва Саид Шокировлар муаллифлик қилишди. Шу тариқа, “Қўқон-ўзбек футболининг ватани” шиори остида ўтган хотира турнири ғолиби – “Фахрийлар-1” жамоаси бўлди.

Мусобақанинг якунида ўтказилган тақдирлаш маросими ҳам унутилмас ва тарихий воқеаларга бой бўлди. Мусобақа ташкилотчилари ҳақиқий сюрпризларни тақдим этишди.

 

Тақдирлаш маросими бошланишидан олдин майдон ўзгача қиёфага кирди. Жаҳоннинг айрим йирик мусобақаларининг якунида шундай “гўзаллик”нинг шоҳиди бўлишга одатланган мухлислар, “Аҳмадхон” спорт мажмуаси майдонида ҳам шундай манзарани жонли кўришга муяссар бўлишди. 

 

Барча мусобақаларда бўлгани каби биринчи бўлиб финал учрашувини аъло даражада бошқарган ҳакамлар – Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расуловлар махсус соврин билан тақдирланишди. 

Шундан кейин бирин-кетин номинация ғолиблари эълон қилина бошлади. Мусобақанинг “энг яхши дарвозабони” – Фарҳод Мусажонов (“Фахрийлар-1”), мусобақа тўпурари – Рахим Жўраев (“Шаҳар”), мусобақанинг “энг яхши ўйинчиси” – Аброр Мақсудов (Фахрийлар-1”), мусобақанинг энг ёш катта футболчиси Махмуджон Абдуллаев , 66 ёш (“Кимёгар”) ва мусобақанинг энг яхши бош мураббийи – Иброҳим Мамадиев (“Кимёгар”)лар велосипед, телевизор, чангютгич каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Шунингдек, “Қўқон-1912” футбол клуби томонидан “Фахрийлар-1” жамоаси бош мураббийи Шарифжон ака Мадаминовга ажойиб ва унутилмас совға тақдим этилди. “Қўқон-1912” футбол клуби президенти Бахтиёр Толипов ушбу мутахассисга “Умра” сафарига бориш имкониятини берувчи йўлланмани тақдим этганида бутун стадион ларзага келди. Шунингдек “Узмобайл” компанияси ҳамда Яйпаннинг “Турон” футбол клуби вакиллари ҳам ғолибларга ўзларининг эсдалик совғаларини тақдим қилишди.

 

Қўқон футболининг фидойиларидан бири, сухандон Анваржон ака Охунов ҳам мусобақа ташкилотчилар томонидан 10 миллион сумлик сертификат билан тақдирланди.

 

Мусобақани ташкил қилишда меҳнат қилган кўплаб инсонларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди. Мусобақани ОАВда ёритиб борган ходимлар ҳам ташкилотчилар эътиборидан четда қолмади.

Тақдирлаш маросимининг сўнггида мусобақа ғолибларига олтин, кумуш ва бронза медалларидан ташқари, ҳар бир футболчига телевизор, телефон ва чангютгич тақдим этилди. Мусобақа ғолиби “Фахрийлар-1” жамоасига махсус Кубок топширилди.

Шу тариқа, деярли бир ҳафта давом этган “Қўқон – ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги мусобақа юқори нотада ўз якунига етди. Ушбу турнир орқали Қўқон ҳалқи футболни қанчалик севишлари, ардоқлашлари намоён бўлди. 

Манба: www.ufa.uz
Киритилди: 11:17, 29.04.2019.
Ўқилди: 1600 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.