Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Евротур: Кимдир етди мақсадга, кимдир эса йўқ

Баҳо:
+ | -

Ҳа, ВАҚТ измига бўйсунган ҳолда топ-чемпионатлар ҳам марра сари тобора яқинлашмоқда. Айрим масалалар ҳал бўлиб улгурди, лекин интригага юксак ҳарорат бағишлаётган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, АПЛда бош соврин масаласи сўнгги турга олиб қўйилди.

Англия. Тўртлик аниҚ, чемпион эса...

37-тур натижаларидан кейин АПЛнинг етакчи квартети таъқибчилар ета олмайдиган маррага кўтарилиб олди. Жумладан, ғолибликка даъвогарлик қилаётган жуфтлик очко йўқотмаслик вазифасини уддалашди ва ўз мухлисларини «парда» тушириладиган кунда хурсанд қилишга ваъда беришди. ЕЧЛ йўлланмаларининг соҳиблари эса деярли маълум бўлди.

Узоқ вақт давомида учинчи поғонани банд этиб келган «Тоттенхэм» Борнмутда ўз ўйинчиларининг «хўроз»лик хислати туфайли аламли мағлубиятни (0:1) тан олди. Аввалига Сон Хён Мин рақибнинг икки нафар ўйинчиси билан жанжаллашгани учун ҳакамнинг қизил карточкасига муносиб кўрилди. Танаффусдан кейин эса захирадан майдонга туширилган Хуан Фойт Натан Акенинг тиззасига тепгани учун ўйиндан четлатилди. Оқибатда Почеттино шогирдлари беллашувни 9 киши бўлиб якунлашди. Бундай вазиятда сафардан мағлубиятсиз қайтишнинг ўзи қаҳрамонлик бўларди. Бироқ қўшимча вақтнинг илк дақиқасида «Борнмут» рақиб дарвозасини забт этди. Голни Аке (тепкига жавоб) амалга оширгани эътиборга лойиқ.

Шу куни «Ньюкасл» меҳмони бўлган «Ливерпуль» мезбонларнинг жиддий қаршилигига қарамасдан керакли натижага эриша олди. Ўта муросасиз ўтган баҳсда Клопп шогирдлари чинакам қатъият кўрсатишди. Бироқ мезбонлар ҳам ўз анъаналарига хос тарзда тўп суриб, сўнгги сонияларга қадар рақиб мураббийи ва мухлисларини ҳаяжонда ушлаб туришди. Аммо Оригининг ғалаба тўпидан кейин жавоб қайтаришга улгуришмади. «Қизиллар» учун энг ачинарли ҳолат 73-дақиқада юз берди - жамоасини олдинга олиб чиқишга уринган тиниб-тинчимас Муҳаммад Салоҳ рақиб ҳимоячиси ва дарвозабон билан тўқнашиш оқибатида жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Лекин мисрлик тўпурар ўйиндан сўнг автобусга мустақил равишда юриб чиқиш орқали мухлислари кўнглида умид уйғотди.

«Тоттенхэм»нинг энг яқин таъқибчиси бўлмиш «Челси» Лондонда «Уотфорд» дарвозасига жавобсиз 3та гол уриб, «шпорлар» ўрнини эгаллади. Иззатталаб меҳмонлар танаффусга қадар тенгма-тенг тўп суришган бўлсада, иккинчи бўлимда «кўклар» ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилишди.Айнан шу нуфузли йўлланма учун курашаётган «Арсенал» ва «МЮ» эса «Тоттенхэм»нинг омадсизлигидан унумли фойдалана олмадилар. «Брайтон» билан ўз майдонида дурангга (1:1) имзо чеккан «тўпчилар» энди фақат ЕЛ ғолиби сифатида ЕЧЛда тўп суришлари мумкин. Сўнгги ўриндаги «Хаддерсфилд»ни енга олмаган (1:1) «МЮ» эса кейинги мавсум ЕЛ билан кифояланишга мажбур.

Испания. «Кон»да фаҚат битта йўлланма

Ла Лиганинг якунловчи икки турида ЕЧЛнинг тўртинчи йўлланмаси учун аёвсиз кураш кечадиган бўлди. Боиси, «Севилья» кутилмаганда ўз майдонида «Леганес»нинг 3та жавобсиз голи туфайли 3 очкодан маҳрум бўлди, «Хетафе» ўз уйида «Жирона»дан (2:0), «Валенсия» эса сафарда «Уэска»дан (6:2) устун келишди. Оқибатда 4-ўрин соҳиби нафақат тўплар нисбати, балки очколар бўйича ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Энди севильялик ҳамда валенсиялик мухлислар нафақат суюкли жамоалари, балки «Хетафе»ни қабул қиладиган чемпионни ҳам қўллаб-қувватлашлари талаб этилади. Чунки кейинги турда «Хетафе» «Камп-Ноу»да меҳмон бўлади. Нима бўлганда ҳам, Испания чемпионатидаги интригани мана шу жамоалар иштирокидаги беллашувлар таъминлайдиган бўлди.

Германия. Бремендан «Бавария»га

оромбахш эпкин

Бундеслиганинг ҳисобот туридан кейин мюнхенлик мухлислар бироз енгил тин олишгани аниқ. Чунки чемпион анчадан бери ўз таъқибчисидан узоқлаша олмаётганди. Ниҳоят, «Бавария» «Альянц-Арена»да «Ганновер»ни осонликча (3:1) маҳв этди, Роберт Левандовски ўз голлари сонини 22тага етказиб олди. 4 май оқшомида аксарият мухлислар нигоҳларини Бременга қаратишди. Бу ерда маҳаллий «Вердер» Дортмунднинг «Боруссия»сини қабул қилиб, жанговар (2:2) дурангга имзо чекди. Қизиғи шундаки, меҳмонлар фақат ғалаба учун майдонга тушганликларини фаолликлари билан исботлашган ва танаффусга икки тўп устунлигида йўл олишганди. Аммо муҳим 3 очкони берадиган ҳисобни сақлаб қола олишмади, 5 дақиқа ичида 2та гол ўтказиб юборишди. Эътиборлиси, дортмундликларни муҳим очколардан маҳрум этган голни Клаудио Писарро амалга оширди. Ўз вақтида «Бавария» шарафини ҳимоя қилган 40 ёшли футболчи шу тариқа Мюнхенга оромбахш шабадани совға қилган бўлса, ажабмас.

Учинчи ўринда бораётган «РБ Лейпциг» ҳам Майнцда очко йўқотгани (3:3) боис, «Боруссия Д» билан ўртадаги фарқ ўзгаришсиз қолди. Энди дортмундликлар ва уларнинг тарафдорлари кейинги турда айнан «Лейпциг» томонида бўлишларига шубҳа йўқ - 11 май оқшомида Лейпцигга ташриф буюрадиган пешқадам ғалабага эриша олмаса, интрига сақланиб қолади. Акс ҳолда... «Бавария» қаторасига еттинчи марта «кумуш товоқ» соҳибига айланади.

Италия. «Аталанта» ўзини кўрсатмоҚда

Ёдингизда бўлса, иккинчи давра стартида кўпчилик мутахассислар «А» серия грандларини «Аталанта»га жиддий эътибор қаратишга даъват этишган, бу жамоа эса вақти-вақти билан шов-шувли натижалар кўрсатишда давом этаётганди. Римда «Лацио»ни ишончли тарзда (3:1) маҳв этган «Аталанта» совриндор учликка яқинлашиб олди. Мезбонлар эса ҳатто ЕЛ ҳудудидан ҳам чиқиб кетишди. Қизиғи шундаки, 3-дақиқада олдинга чиқиб олган жамоа кейинчалик уч марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Сапата эса тўпурарлар баҳсида Пентекка етиб олди.

Удинега сафар қилган «Интер» маҳаллий «Удинезе» билан сулҳ (0:0) имзолашга мажбур бўлди.

Ўз майдонида «Болонья»дан 3 очкони тортиб олган «Милан» 6-ўрин билан кифояланишга мажбур. Чунки «Рома» Генуяда «Женоа» билан очколарни бўлишиб олди (1:1). Аниқроғи, омад туфайли мағлубиятдан қутулиб қолди - қўшимча вақтнинг илк дақиқасида мувозанатни тиклаган майдон эгалари сўнгги сонияларда пенальтини голга айлантира олишмади.

Муддатидан аввал Скудеттони нақд қилган «Ювентус» Турин дербисида «Торино» билан жанговар дурангга (1:1) рози бўлди. Ваҳоланки, чемпион 84-дақиқага қадар ҳисобда ортда қолаётганди. Роналдунинг боши «Кекса синьора»ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Турнинг охирги қарама-қаршилигида «Наполи» «Кальяри» устидан ўта қийин ғалабага (2:1) эришиб, кумуш медалларни нақд қилди. Аввалига майдон эгалари Мертенснинг 85-дақиқадаги голи билан мувозанатни тиклашди, қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида эса пенальти эвазига ўйин тақдирини ўз фойдаларига ҳал этишди.

Франция. «ПСЖ»нинг «Қора» ҳафтаси

Навбатдаги чемпионликдан кейин пойтахт клуби мавсум якунини хотиржамлик билан кутишга ҳақли эди. Аммо сўнгги пайтларда жамоа нохуш воқеалар гирдобида қолди. «Ницца»га қарши 35-тур беллашуви арафасида Франция футбол федерацияси Килиан Мбаппени 3та ўйинга дисквалификация қилди. Ёш иқтидор соҳиби мамлакат кубоги учун кечган финал учрашувидаги феъл-атвори учун шундай жазога лойиқ кўрилди. Бундан ташқари, интизом қўмитаси ўша учрашувда мухлисга қўл кўтарган Неймарга қарши иш бошлади. Бразилиялик ҳужумчи ҳам мавсумни барвақт якунлашга яқин турибди.

«Ницца»га қарши уй учрашувини чемпион муваффақиятли ўтказа олмади. Ваҳоланки, жамоа 2 марта пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритган. Аммо Неймар 60-дақиқадаги аниқ зарбаси билан меҳмонлар вакили Ганаго голига жавоб қайтарган бўлса, қўшимча вақтда Кавани 11 метрли жарима зарбасидан унумли фойдалана олмади. Табиийки, парижлик мухлисларни дуранг натижа қониқтирмасди.

Бошқа учрашувлар хусусида тўхталадиган бўлсак, совриндорлар сафига интилаётган «Сент-Этьен» Монакодан муҳим 3 очкони тортиб олишга эришди (3:2) ва етакчи тўртликдаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. Князлик клуби эса аксинча, аутсайдерлардан узоқлаша олмади. Иккинчи ва учинчи ўринларда бораётган «Лион» - «Лилль» қарама-қаршилиги чинакам жанговар дуранг (2:2) билан ниҳоясига етди.

Турнир жадвалидаги яна бир қўшнилар - «Реймс» ва «Ним» клублари ўртасидаги беллашув кутилмаганда меҳмонларнинг йирик (3:0) ғалабалари билан якун топди. Шу тариқа еврокубоклар ҳудуди учун кураш янада кескинлашди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 21:01, 09.05.2019.
Ўқилди: 3051 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.