2010-йилда Бразилиядаги (ёшлар ўртасидаги) «Копа Сан Пауло» турнири якунлангач, кўплаб мутахассислар янги супер юлдузнинг ўйинларидан ҳайратда қолишди ва у билан бутун Бразилия қизиқиб қолди.
Айнан, финал ўйини якунлангач, Бразилиядаги энг машхур футбол агентларидан бири Вагнер Риберионинг телефонига смс хабар келади. Унда қисқа, аммо ўта ишонч билан «Мен дунёдаги энг яхши футболчи бўлмоқчиман! Менга ёрдам беринг»,- деб ёзилган эди…
Аввалига агент бу смсни Неймар ёки Коутиниодан келди деб тахмин қилади, бироқ эртаси куни бу 18 ёшлик Лукас Моуранинг хабари эканлигини тушуниб етади…
Омадсиз кариера
Бразилияда ўзининг уддабуронлиги билан ном қозонган Вагнер Риберио футболчидаги иқтидорни кўриб ҳайратда қолади. Ўшанда у - « Бу йигит Неймардан анча кучли, лекин ундаги самимийлик ва оддийлик кариерасининг ривожи учун тўсқинлик қилишидан қўрқаман»,- деган эди…
«ПСЖ»да борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмаган йиллар…
Дарҳақиқат, Франция супер клубида Лукас тўлиқ ўз имкониятларини намоён қила олмади. У аввалига Ибраҳимовичнинг соясида қолиб кетган бўлса, кейинчалик Кавани, Неймар сингари юлдузлар уни бурчакка сиқиб қўйди. Тўғри, у заҳирада қолиб кетмади, лекин асосий ўйинчи бўлиш ҳам унинг қўлидан келмади. Бунга ҳамма ҳар-хил сабабларни рўкач қилиб кўрсатиши мумкин. Моура эса бу воқеага ўз интервьюларидан бирида қизиқ бир изоҳ қолдирган эди: « Мен учрашув давомида битта гол урсам, дубл ёки ҳет-трик ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман. Вазият бўлиши билан жамоадошларим гол уриши учун имконият яратиб беришга ҳаракат қилар эдим. Энди ўйласам, айнан шу камтарлигим менинг камчилигим экан»
«Тоттенҳем»ни Бразилияда «Қабристон» дейишади!
“Менга «Тоттенҳем» клуби таклиф билан чиққанида ватандошларим бу клубга ўтишимни исташмаган эди. Бизда «Шпорлар»ни «Қабристон» дейишади. Сабаби, бу клубда бизнинг бир нечта футболчиларимиз (Сандро, Гомес, Паулино, Гилберто…) ўз иқтидорларини кўрсата олмай руҳан синиб қолишган. Айнан шу сабаб бу клубга келишга сира юрагим бетламаган эди”,- деган эди футбочи мавсум бошида янги клубига берган интервьюсида.
Дарҳақиқат, Лукас бу клуб учун бир қарашда у қадар мос эмасдек кўринганди. Клуб трансфер қилиши кам учрайдиган холат бўлса, 26 ёшлик футболчини сотиб олиши мутахассисларни икки хисса ҳайратда қолдирган эди.
Шундай бўлсада Почетино Лукаснинг ўйин услубини тубдан ўзгартириб юборди. У аввалгидек иккинчи рақамдаги ҳужумчи ёки қанот ярим ҳимоячиси сифатида эмас, тўлиқ соф ҳужум чизиғида эркин ҳаракат қилишини таъминлаб берди. Бир неча йиллардан бери номдор футболчиларнинг соясида қолиб кетган футболчига Почетино ўз клубининг етакчилигини топширади ва камтар футболчига ўз кучига бўлган ишончини қайтаради. Ва бу ўз мевасини бермай қолмади. Лукас бу мавсумда АПЛ да бир неча бор ой футболчиси деб топилди ва Бразилия терма жамоасидан анча танаффусдан сўнг чақирув олишга муваффақ бўлди.
Камтарин ва камсуқум йигит
ЕЧЛдаги сўнгги бахсдан сўнг Лукасга унинг 3-голига Бразилиялик шарҳловчи қандай реакция билдирганини қўйиб беришганида, у кўз ёшларини тия олмай қолди… Дарҳақиқат, Лукас Моура бу кунларни узоқ кутди. У доим сояда қолишдан, терма жамоадан четда қолишдан, эътибордан четда қолишдан чарчаган эди. Кеча у ўз кариераси давомида илк бор ўта муҳим учрашувда ҳал қилувчи футболчи сифатида ўзини тўлиқ намоён қила олди. Бу унинг ҳаётидаги илк улкан ғалабаси эди. Майли, «Тоттенҳем» ЕЧЛда ғолиб чиқмас, лекин Лукас ўз анъаналарига чек қўйиб чинакам юлдузлик учун ўзининг илк қадамини ташлади!
Бу йигитнинг кўзларига ҳеч тикилиб боққанмисиз? Унинг кўзларидаги ўзига бўлган ишончсизлик ва амалга ошмай қолган орзулар бордек гўё?!
Тўғри, унинг кариераси ўз иқтидори даражасида равнақ топган бўлиши мумкин, аммо унинг майдондаги ва майдон ортидаги инсонийлиги ва самимийлиги кўплаб футболчилар учун ўрнак бўлса арзийди!
Я.У