“Локомотив” дарвозабони Жавоҳир Илёсов Cоcа Cола Суперлиганинг 8-тури доирасида “Металлург”га қарши ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди.
– “Металлург”га қарши ўйиндан олдинги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз…
– “Металлург” билан яхши ўйин бўлади. Нафақат “Металлург”, балки, бошқа жамоалар билан ўтган ўйинлар ҳам қийин ўтди. Навбатдаги учрашувлар ҳам мураккаб ўтиши аниқ. Суперлигада оддий баҳслар ўтмаяпти. “Металлург” яхши жамоа, уларга қарши ўтадиган баҳсга яхши тайёргарлик кўряпмиз. Гарчи ОЧЛда магʻлубиятга учраган бўлсак-да, жамоадошларимнинг кайфияти яхши ҳолатда.
– “Локомотив”га ўтиш ҳаётингизда нималарни ўзгартирди?
– “Локомотив”га ўтишим фаолиятимда катта ўзгаришларга олиб келди. Чунки барча футболчилар чемпион жамоада ўйнаш ёқимли. Мен ҳам ёшлигимдан чемпион жамоа таркибида ўйнашни мақсад қилгандим. Орзуларимга эришяпман. Энди келгусида яхши ўйинлар кўрсатиб, “Локомотив” мухлисларини хурсанд қилмоқчиман.
– Қайси дарвозабоннинг ўйинларига мухлиссиз?
– “Тоттенхем” ва Франция термаси дарвозабони Уго Лёриснинг ўйинлари менга ёқади. Ҳар доим унинг ўйинларини кўриб, ундан ўрганишга ҳаракат қиламан.
– Нега айнан дарвозабонликни танлагансиз? Дарвозабон бўлишга сизни нима ундаган?
– Ёшлигимдан кўриб, дарвозабонликка қизиққанман. Ёшлигимда Икер Касиляснинг ўйинларини кузатиб юриб, кўчаларда, асфалтларда футбол ўйнаб, оёқлар шилингунча тўп тепардик. Кейинчалик футбол мактабига бордим ва аста-секин улгʻайиб, орзуларимга эришмоқдаман.