Суперлиганинг янги мавсумига катта мақсадлар билан кириб келган «Навбаҳор» клуби жорий йил ҳисобидан ўтган турда ўз майдонидаги илк ўйинни ўтказди. ФИФА талабларига мос равишда қайтадан реконструкция қилинган стадион янада кўркам қиёфа касб этди.
Майдон чими янгиланди, янги электрон табло ўрнатилди. Мухлислар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. «Сўғдиёна»га қарши баҳсда марказий стадион ҳақиқий байрамона тусга кирди. Футболчилар шунга монанд ўзгача кайфият ва шиддат билан тўп суришди.
3:1 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан тугаган ўйинда «Навбаҳор»нинг барча футболчилари ўз ишларини аъло даражада бажаришди, ҳужумчидан тортиб дарвозабонгача... Ҳамма ўз ишига жиддий ёндашди.
«Лочинлар» назорати остида ўтган учрашувдан кейин майдон марказида рақиб ўйинчиларига имконият бермаган Абдужамол Исроилов билан суҳбатлашдик.
- Аввало, Наманган шаҳридаги шодиёна, ўз навбатида, қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Ўзгача тусга кирган стадион ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Албатта, уй стадионимиз тайёр бўлганидан хурсандмиз. Минглаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши, ажойиб атмосфера бизга қўшимча куч бағишлаши шубҳасиз. Аренадаги ҳолат аъло даражада, гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Майдон чимининг янгилангани бизга ҳам, рақибларга ҳам сифатли ўйин кўрсатишда қўл келди. Ахир ким ҳам шундай майдонда чиройли футбол ўйнашни истамайди дейсиз? Мазкур учрашувда ғалаба қозониб, Наманган аҳлига хурсандчилик улашганимиздан бошимиз кўкка етди. Бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турган барчага чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
- Жамоанинг қийин кунлари ортда қолганига ишонсак бўладими?
- Ҳа. Илк ғалабадан сўнг ўзимизга бўлган ишонч ортди, кейинги турлардан ўзимиз истаган футболни намойиш эта олдик. Жамоамизга янги келган футболчилар ҳам бир-бирларини тушуниб олишди. Умуман, барча қийин кунлар ортда қолди, энди буёғига ижобий натижалар қайд этиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
- Марказий стадион халқаро учрашувларни ўтказишга тайёрми?
- Ҳа, албатта. Бу арена ФИФАнинг барча талабларига мувофиқ янгиланди. Шундай экан, бемалол терма жамоа ўйинларини ўтказса бўлади.
- Андрей Канчельскис танаффусда йигитларни руҳлантириш учун қандай сўзлардан фойдаланади? Унинг бу борада ажралиб турадиган жиҳатлари борми?
- Аввало, Андрей Антанасовичнинг жуда яхши инсон эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Унинг олдига бемалол бориб, фикрингизни билдиришингиз мумкин. Бизни кийиниш хонасида қандай руҳлантиришни яхши билади. Мунтазам такидлайдиган гапи - майдонда айтган кўрсатмаларини эсдан чиқармаслик, мухлислар учун роҳатланиб, футболдан завқ олиб ўйнашимиз керак.
- «Динамо» - «Навбаҳор» учрашуви ЎФА томонидан юқори баҳоланди. Чунончи, ўша баҳсда икки жамоа ҳам шиддатли ва ҳужумкор футбол кўрсатди. Сўнгги дақиқаларда ўйинни чўзиш ҳолати кузатилмади...
- Ҳақиқатан ҳам жуда томошабоп ўйин бўлди. Рақиб ҳам, биз ҳам қулай вазиятлардан фойдаланиб, ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Икки жамоа ҳам сўнгги сонияларда ўйинни чўзишни эмас, 3 очкони кўзлаб ҳаракат қилди. Турли усуллар билан вақтни йўқотиш футбол жозибасини ўлдиради. ЎФА ҳам бунга жиддий қарамоқда.
- Александр Касьян юқори савияли легионер эканлигини исботламоқда...
- У чиндан ҳам кучли ҳужумчи, ўйиндан-ўйинга очилиб боряпти. Аксарият учрашувларда рақиб жамоа аъзолари уни қўполлик билан тўхтатиб қолишмоқда.
- Аббос Ғуломовнинг ҳаракатлари ҳам чакки эмас, у олимпия терма жамоасига жалб этилса, ўзини кўрсата оладими?
- Аббоснинг ҳаракатлари жамоамизга фақат фойда келтирмоқда. Тўпни ўзида бироз кўпроқ ушлаб қолиб, қизғанчиқлик қилишини айтмаса, яхши футболчи. Остон Ўруновни ҳам жамоамизнинг муҳим аъзоси сифатида эътироф этишим мумкин.
Бу икки истеъдод вакилларидан келажакда кўп нарса кутса бўлади. Агар маълум вақтдан сўнг улар терма жамоа етакчисига айланишса, асло ажабланмайман. Чунки шунга муносиб ўйин кўрсатишмоқда.