Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ҳафта ўйинлари анонси: Англияда ким чемпион бўлади?

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

Еврокубоклардаги ажойиб ярим финаллардан сўнг, яна ички чемпионатларга қайтамиз. Бу ҳафта кучли бешликдаги сўнгги икки лигада ҳам чемпион аниқланиши мумкин.

АНГЛИЯ

Ҳар икки еврокубокда ҳам инглиз жамоалари финалга чиққанликларини ҳисобга олсак, инглизча тўқнашувлар давом этади. Якшанба куни эса, навбатдаги Англия чемпионати ниҳоясига етади. Қизиқ тарафи, мавсумнинг энг муҳим саволига ҳали ҳам жавоб топилмаган – чемпион ким?

Атиги бир ҳафта олдин йил омадсизи деб тилга олинган «Ливерпуль» шундай отга чиқиб олдики, «Сити»нинг биргина хатоси Клопп жамоасини энг муваффақиятли якунга етаклаши мумкин. «Брайтон»га сафар қиладиган Пеп Гвардиола шогирдлари пешқадамликни сақлаб қолиш ва сўнгги 7 йилда тўртинчи бор шоҳсупага чиқиш учун ғалаба қозонишлари шарт. Сўнгги ўйинлар «шаҳарликлар»га анча оғир келаётганини ҳисобга олсак, бу осон бўлмайди. Қизиғи, «Бёрнли» билан ҳам, «Лестер»га қарши ўйинда ҳам ҳал қилувчи голлар янги юлдузлар эмас, эски гвардия – Агуэро ва Компани ҳисобига ёзилди. Яна бир муҳим гол муаллифи, агар бўлса, ким бўларкин?

«Олинг-олинг»га айланиб кетган кучли тўртлик учун кураш эса деярли ҳал бўлди. «Манчестер Юнайтед» келаси йилда Европа Лигасида тўп суриши аниқ бўлган. Охирги тур арафасида бешинчи ўринда жойлашган «Арсенал»да ЕЧЛга чиқиш учун яна иккита имконият бор. Биринчиси, айни вақтда АПЛнинг тўртинчи ўрнида жойлашган «Тоттенҳэм» сўнгги турда «Эвертон»га қарши уй учрашувида тўрт гол фарқи билан ютқазиши, «Арсенал» эса шунча гол устунлигида сафарда «Бёрнли»ни ютиши керак бўлади. Иккинчиси, реалроқ, агар «канонирлар» Европа Лигаси финалида ЕЧЛ йўлланмасини АПЛ орқали қўлга киритиб бўлган «Челси» устидан ғалаба қозонса, АПЛдан бешинчи жамоа сифатида Европа Чемпионлар Лигасида тўп суради.

Лигани тарк этадиган жамоалар аниқ бўлиб улгурган – «Кардифф», «Фулҳэм», «Ҳаддерсфилд».

ИСПАНИЯ

Испанияда дастлабки уч ўрин соҳиблари ўзгармаса керак. Фақат «Реал» ва «Атлетико»нинг ўрни алмашиши мумкин, унинг учун Симеоне шогирдлари икки ўйинни ҳам ютқазиши, «Реал» эса икки ўйинни ҳам ютиши керак бўлади. Бунга ишониш қийин.

Аммо Мадриднинг учинчи жамоаси – «Хетафе»да тарихда илк марта ЕЧЛда иштирок этиш имконияти бор. Мадридликлар «Валенсия» ва «Севилья»ни уч очкога ортда қолдирган ҳолда, ҳозир тўртликни банд қилиб туришибди. Аммо жамоанинг сўнгги сафари Барселонага бўлади. Каталонияликлар «Энфилд»даги «шапалоқ»дан кейин, мавсумни тугатиб қўя қоладиларми ёки чиройли ғалаба билан мухлислардан узр сўрайдиларми, шудир масала. Фақат бу ўйинда Луис Суарес иштирок этмаслиги ҳозирдан маълум.

«Хетафе» бу ўйинда ҳеч бўлмаса бир очко олиши шарт. Шундагина, сўнгги тур олдидан тўртинчи ўринни сақлаб қолиш имконияти ўзида қолади. «Хетафе» ўзаро ўйинларда «Севилья»дан устун (0:2, 3:0), «Валенсия» билан ўзаро ўйинларда ортда қолган (0:1, 0:0)

Турнир жадвалининг қуйи қисми эса жуда «қайнаяпти». Лигани тарк этиши керак бўлган бир жамоа ўрни учун беш жамоа даъвогарлик қилмоқда. «Сельта», «Вильяреал» ва «Леванте»да 40, «Вальядолид»да 38, «Жирона»да эса 37 очко бор. Ҳақиқий кураш Жиронада бўлиб ўтади. Майдон эгалари «Леванте»ни қабул қилади. Бу ўйиндаги ғалаба «Жирона»ни 18-ўриндан юқорига олиб чиқади, сабаби, Валенсиядаги ўйин 2:2 ҳисобида якунланганди. Яъни, «Жирона» ўзаро ўйинлар натижасига кўра, «Леванте»ни ортда қолдириш имконига эга.

ИТАЛИЯ

Италияда яна уч тур бор ва Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи ўринлар учун кураш давом этмоқда. Ўтган турда Римда чиройли ғалаба қозониб, «Лацио»ни ўйиндан чиқариб юборган «Аталанта» тарихида илк бор ушбу турнирда иштирок этишга яқин турибди. Чемпионлар Лигасига Индзаги ва Вьери каби юлдузларни берган бергамоликлар энди жамоа сифатида бу турнирни безашлари мумкин. Бунинг учун қолган уч турда 7 очко олиш талаб этилади.

Қизиғи, Кессие ва Бонавентура каби футболчилар фаолиятларида кейинги босқичга қадам қўйиш учун «Аталанта»дан «Милан»га ўтишганди, лекин «Аталанта» миланликлардан олдинроқ ЕЧЛ иштирокчисига айланиши мумкин. «Аталанта»ни яқиндан таъқиб қилиб келаётган жамоа айнан «Милан» ва шунингдек, «Рома»дир.

ГЕРМАНИЯ

Охирги икки турда атиги бир очко олган дортмундликлар амалда чемпионлик пойгасидан чиқишди. Энди «Боруссия» чемпион бўлиши учун қолган икки ўйинни ютишдан ташқари, «Бавария» ҳар икки ўйинда очко йўқотиши керак бўлади. Бунга эса ишониш қийин. Бу турда «Лейпциг»га сафар қиладиган Ковач шогирдларида бу ўйинда ғалаба қозониб, муддатидан илгари чемпион бўлиш имконияти бор. Бу «Бавария» учун қаторасига 7-чемпионлик бўлади.  Бундеслигада учинчи ўринни нақд қилиб қўйган «Лейпциг» меҳмонларга катта муаммо туғдиришмаса керак.

«Бавария»нинг ғалабасини бошқа бир жамоа «Айнтрахт» ҳам хоҳлаётгани аниқ. Сабаби, франкфуртликлар сўнгги турда айнан Мюнхенга сафар қилишади ва табиийки, у ерда вазифани бажариб бўлган рақиб билан ўйнаш қулайроқдир. «Айнтрахт» кеча Европа Лигаси ярим финалининг жавоб учрашувида «Челси»га пенальтилар сериясида ютқазди (1:1, 1:1, пенальтилар бўйича 3:4)) ва ЕЧЛга чиқиш учун қўшимча имкониятдан маҳрум бўлди. Энди «Байер» ва Менхенгладбахнинг «Боруссия»си билан биргаликда тўртинчи ўрин учун кураш олиб бориш лозим бўлади.

БОШҚАЛАР

Францияда ҳаммаёқ тинч. Португалия Суперлигаси якунига икки тур қолганда «Бенфика» 2 очколик фарқ билан пешқадам бўлиб олди ва чемпионатдаги охирги 5 ўйинда 23 гол уриб, ҳаммасини йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлаган «Бенфика» учун қолган ўйинларни ютиб, яна чемпионга айланишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

Энг қизиқ ҳолат яна Туркияда кузатилмоқда. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг клуби саналадиган «Истанбул Бошоқшеҳир» олти йилдан бери катта пуллар сарфлаб, кучли таркиб йиғиб олди, аммо қаторасига учинчи марта 2-ўринда қолиб кетиш хавфи бор. Ўтган йиллардан фарқли равишда, бу сафар барқарор равишда жадвални бошқариб борган «Истанбул» ўтган ўйинда Сивасда очко йўқотди ва энди «Галатасарой» 1-ўринга чиқиб олди. Бу сафар пешқадамлар чигалёзди қилиб олишади, бизни 19 май куни супердерби кутиб турибди. Айнан ўша куни, ҳозирда тенг очко жамғариб турган «Истанбул» ва «Галатасарой» ўртасида учрашув бўлиб ўтади.

ЎЙИНЛАР

11 май. АТАЛАНТА – Женоа (18:00), БОРУССИЯ Д – Фортуна (18:30), Нюрнберг – БОРУССИЯ М (18:30), Лейпциг – БАВАРИЯ (18:30), БАЙЕР – Шальке (18:30), Фиорентина – МИЛАН (23:30)

12 май. Брайтон – МАНЧЕСТЕР СИТИ (19:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Вулверҳэмптон (19:00), АЙНТРАХТ – Майнц (21:00), Атлетик – СЕЛЬТА (21:30), ЖИРОНА – ЛЕВАНТЕ (21:30), ВАЛЕНСИЯ – Алавес (21:30), ВИЛЬЯРЕАЛ – Эйбар (21:30), БАРСЕЛОНА – ХЕТАФЕ (21:30), Атлетико – СЕВИЛЬЯ (21:30) РОМА – Ювентус (23:30).

Манба: KUN
Киритилди: 11:02, 12.05.2019.
Ўқилди: 2201 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.