Трент Александер-Арнолд лидслик мактаб ўқувчиси олдида қарздор. «Барселона»ни ЧЛ финалидан маҳрум этган «Ливерпул»нинг ўйиндаги 4-голини эсланг: бурчак тўпидан фойдаланишнинг антиқа йўли. 20 ёшли ҳимоячи Трент Александер-Арнолд барчани алдади: икки бора фикридан қайтди ва тўпни дарҳол Дивок Ориги томон узатди. Бельгиялик футболчи эса, бемалол «дубл»ни расмийлаштирди, чунончи, каталонияликлар шунчаки, «ухлаб» қолишганди...
Оламшумул «камбэк» тақдим этган ўйиндан кейин ҳамма ўша бурчак тўпини муҳокама қилишга тушди. Тўп ўйинга киритилишидан олдинги ҳолат: шундоқ реклама тахтаси олдида (одатдагидек орқасида эмас) ўтирган болбой британиялик ҳимоячи рақиб орқали «аут» ишлагач, унга дарҳол бошқа тўп узатди. Демакки, «Ливерпуль» таҳлилчиси «Барса»га қарши ўйиндан олдин «Энфилд»да тўп узатиб турадиган ёш йигитларни алоҳида тайёрлаган. Ҳар ҳолда, «Ливерпул»га ёрдам бериш учун нима қилиш зарурлиги ҳақида кўрсатма бергани аниқ. Хуллас, Британия медиаси учрашувдан кейин лидслик 14 ёшли ўсмирни Оригининг иккинчи голига иккинчи ассистент сифатида эътироф этди. Оукли Канонье ҳозирда «Ливерпуль» мактабида шуғулланмоқда. У болбой сифатида яхши бўлиш баробарида тез-тез U-16 тоифасидаги жамоа сафида майдонга тушади. Ўзидан 2 ёш катта болалар билан ўйнамоқдами, демак, келажагига ишонч катта.
Дарвоқе, Лионель Месси ҳам энди Оукли Каноньени эслаб қолса керак. Бинобарин, ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, умидли иқтидор майдонга югуриб тушиб, айнан аргентиналикка 4та бармоғини кўрсатди - 4та голга ишора. Ҳа, қўрс бола! «Ливерпуль» академияси мураббийи энди клуб раҳбариятидан Оуклини Мадриддаги ЧЛ финалига олиб боришни сўрамоқчи. Кўринишидан, болакайга Юрген Клопп жамоасининг омад тимсоли ўрнида қарашмоқда, шекилли.