«Тоттенхэм»нинг бахтиёр мураббийи Маурисио Почеттино бахт ва тақдир ҳақида. «Амстердам Арена» мўъжизасидан энг кўп таъсирланган киши ким?
Албатта, «шпорлар»ни финал сари бошлаган аргентиналик мутахассис-да. Ўша кунги ҳолатни бир кўз остингизга келтиринг.
Ҳакамнинг ўйин якунлангани ва шунинг баробарида «Тоттенхэм» финалга чиққанини англатувчи ҳуштаги янграгач, «Аякс»нинг қаҳрамон бўлишга ҳақли футболчилари майдонга чўзилиб ётиб олишди: кимдир йиғлади, яна биров ўкириб бақирди.
Бу паллада мўъжизавий ғалабадан сархуш Почеттино ҳам нима қилишини билмай, яшил майсага чўзилди, беихтиёр келган кўз ёшини камералар ва оммадан яширишга уринди. Бироқ бунинг иложи бормиди?
Аргентиналик мураббий махсус зонада журналистлар саволларига ҳам зўрға жавоб берди. Демак, қуйида тарихий натижа қайд этган мутахассиснинг ўйиндан кейинги илк фикрлари билан танишамиз (манба - sports.ru).
- Маурисио, айни ҳолатда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
- Оҳ, буни сўз билан ифодалаб беролмайман... Бугун бутун ҳаётим давомидаги энг муҳим оқшомлардан бирини бошдан ўтказдим. Бунақаси ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Ўйин қандай якунланди-я... Аслида бу ерга мутлақо бошқача режа билан келгандик, бироқ 3-дақиқадаёқ гол қўйиб юборганимиздан сўнг барчаси барбод бўлди. гўё. Шуларни ҳисобга олсак, бугунги баҳс ақл бовар қилмас мўъжиза эмасми? Ҳа, иккинчи бўлимда бошқача ўйнашни хоҳладик ва ҳаракатларимиз натижа келтиришига ишонишимиз шартлигини билардик. Айниқса, спортда мағлубиятни олдиндан тан олиш ярамайди. Ҳозир миямда минг хил хаёл чарх урмоқда. Булардан энг муҳими, шогирдларимни алоҳида табриклашим керак. Йигитлар қойилмақом даражада ишлашди, айнан ўз ўйинимизни кўрсатишди, фалсафамизга мос келадиган футболга содиқ қолишди. Аввалги ўйинлардан кейин ҳам уларни чин қаҳрамонлар сифатида мақтагандим. Энди ўша таърифни яна бир бора такрорлайман, фақат бу сафар «қаҳрамон» ибораси олдига «супер» терминини ҳам қўшиб қўйишим керак. Умуман, «Тоттенхэм»нинг ЧЛдек турнир финалига чиққанининг ўзиёқ мўъжизага яқин воқелик саналади. Зеро, мавсум бошини эсласак, ҳеч ким бизга ишонган эмасди. Энди факт шуки, Мадрид финалида «Ливерпуль» билан айнан биз ўйнаймиз. Худди тушдек туюладиган реаллик! Албатта, ушбу ақл бовар қилмас юриш биз учун олдинга ташланган катта қадамдир. Энди сеҳрли китобнинг бош бобини ҳам муносиб тарзда битишимиз шарт.
- Ҳа, бу ҳаётингиздаги энг унутилмас оқшомлардан бири эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Кўпчиликни қизиқтараётган масала: Почеттино танаффусда шогирдларига қандай сеҳрли сўзларни айтдики, улар бирданига тўхтатиб бўлмас жангчиларга айланишди?
- Йўқ, кийиниш хонасида ҳеч қандай сирли гап янграмади. Шунчаки, барчамиз футбол гоҳида шундай шафқатсиз бўлишини яна бир карра англагандик. Зеро, танаффусга қадар чакки ўйнамадик, аммо ҳисоб 0:2... Лекин ҳаммаси оддий изоҳланади: биз ўз имкониятларимиздан самара чиқаролмадик, рақиб эса бунинг ортидан 2 марта жазолади. Тўғри, танаффус пайти сукут сақлаб ўтирганимиз йўқ, ўйинни қандай давом эттириш ҳақида гаплашдик. Жумладан, ҳужумни фаоллаштириш илинжида Фернандо Льорентени майдонга туширишга қарор қилдим. Айнан у рақиб ҳимоячиларига кўпроқ босим ўтказа бошлагач, олдинги чизиқда ҳаракатларимиз нисбатан қовушди. Хуллас, ўйиннинг иккинчи ярмида финал йўлланмасига ҳақли эканлигимизни тўла исботладик.
- Шахсан сиз бугун ниманидир ўргандингизми? Ҳар ҳолда, иккинчи бўлим воқеаларини назарда тутсак, янги жиҳатлар ҳам кўзга ташланди.
- Тўхта, сен менинг китобимни ёзгандинг, энди эса гапинг моҳиятини тушунолмаяпман. Албатта, ўйиннинг ҳар бир лаҳзасидан нимадир олиш мумкин. Ахир шогирдларинг ҳамиша бир хил ҳаракатланишмайди-ку. Улар гоҳида янги қирраларини намоён қилишади. Бошқача айтганда, футболни ўйинчилар бошқаришади, мураббийлар эса мудом ўрганишда, барчасини доимий татбиқ этиш йўлида изланишда. Тақдиримдан бағоят хурсандман, нимадандир нолишга асло ҳаққим йўқ. Ахир ихтиёримда шундай футболчилар бор, такрорлайман, энди улар суперқаҳрамонлар! Жамоамнинг финалга йўл олгани учун аввало, шу йигитларга миннатдорчилик билдиришим керак. Тушунарлики, охирги йиллар давомида ривожланиш мақсадида кўп ишладик, изланишдан тўхтамадик, ҳамиша энг яхши сифатларимизни кўрсатишга уриндик. Қисқача айтганда, ўйинимизни яхшилаш илинжида терга ботиб меҳнат қилдик. Шогирдларимга мудом бир гапни такрорлайман: машаққат тортмасан, натижа келмайди. Мана, 5 йиллик меҳнатларимиз бугун самара берди. Буларнинг барчаси ажойиб лаззат ва ... Эҳ, шу жойда инглиз тили масаласида ёрдам бермасанглар бўлмайди. Акс ҳолда... Умуман, шундай лаҳзалар учун қанча тер тўксанг арзийди.
- Бу сафар финалга Англиянинг 2та жамоаси йўл олди. Сиз инглизча қарама-қаршиликка тайёрмисиз?
- Бунча шошмасанглар-чи? Озгина нафас ростлаб олишимга имкон беринглар. Аввало, Юрген Клопп ва унинг жамоасини табриклашни истайман. Барчамиз «қизиллар» қандай мўъжиза кўрсатишганини кўрдик. «Ливерпуль» ҳам қаҳрамон, албатта. Англиянинг икки клуби ўртасидаги финал эса жуда ажойиб якун бўлади.
- Кеча агар Чемпионлар Лигасида ғалаба нашидасини сурсангиз, клуб билан хайрлашишингиз ҳақида сўз очдингиз. Бу гапларингиз нечоғли жиддий?
- Ҳар ҳолда, ҳазил эмас. Ҳа, «шалпангқулоқ»ни ютсак, кетишим мумкин. Иккинчи томондан, бордию, финалда мағлубиятга учрасак ҳам, қолмасам керак...
- Лукас Моура ҳақида нима дейсиз?
- У 3та гол урди. Агар менинг жамоам суперқаҳрамон бўлса, Лукас - супер-супер-суперқаҳрамон. Гап барчасини ҳал қилган ўта қимматли «хет-трик» муаллифи ҳақида кетмоқда. Моура учун бундан-да фантастик кечани ўйлаб топиш ҳам мушкул. У ўтган йили унча кўп ўйнагани йўқ, энди эса ўта муҳим вазифани қойилмақом даражада бажарди. Биз жамоа алоҳида ўйинчилардан ўн чандон муҳимроқ эканлигини тушунишимиз керак. Лекин шунинг баробарида сен билан ҳар куни шуғулланадиган 25 нафар футболчига ҳам ҳурмат билан ёндашишинг шарт. Катта муваффақиятга эришишни истаган мураббий ҳар куни ихтиёридаги ҳар бир ўйинчига эҳтиёжи борлигини аниқ-тиниқ кўрсатиб туриши керак.
- Тақдир азалий эканлигига ишонасизми?
- Албатта. Бироқ ҳар бир ютуқ замирида катта меҳнат ётишини ҳам тушуниш лозим. Агар тақдирга шу аснода ишонсанг, мукофот эртами-кеч келади, албатта.