Бугун, 19 май куни эрта тонгда Самарқанд шаҳрида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида оммавий юриш марафони бўлиб ўтди.
Аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилик қилди. Оммавий тадбирда вилоятдаги барча бошқарма ва идоралар раҳбарлари, ходимлар, нуронийлар ва ёшлар – жами 25 мингдан ортиқ самарқандликлар иштирок этишди.
Қатнашчилар вилоят мусиқали драма театри олдидан Университет хиёбони ва Регистон кўчаси бўйлаб ҳаракатланишди.
Шундан сўнг иштирокчилар Регистон майдонида мусиқа садолари остида эрталабки бадантарбия машқларини бажаришди.
Ушбу тадбир Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолини жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда жорий йилнинг 19 март ва 3 апрель кунлари Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этишди.