Кириш Регистрация

Якун! АПЛда саралар сарҳисоби

Баҳо:
+ | -

12 май санасида поёнига етган АПЛ биринчилиги ўзининг бетакрор спектакллари ва ҳайратга лойиқ натижалари билан мухлис-у мутахассисларни чуқур мушоҳадага ундайди.

Ҳатто бирор-бир жамоага жиддий тарафкаш бўлмаган холис мухлислар ҳам ўзларича нималарнидир кашф этишади, ғалаба ёки мағлубият сабабларини аниқлашга уринишади. Мавсумнинг якуний натижаларини батафсил ўрганиш мусобақанинг айрим объектив жиҳатларидан хабардор этади. Бизнингча, уларнинг 3таси тактика билан, биттаси трансферлар билан боғлиқ. Ана шу омилларга асосланган ҳолда чемпионатдаги эътиборли воқеалар, масалан, «Вулверхэмптон»нинг ажабтовур парвози, чемпионлик пойгаси, топ-олтиликдаги бошқа жамоаларнинг банд этган ўринлари ва жадвал тубидаги вазиятни изоҳлаш мумкин бўлади. 

Самарали трансфер - муваффақият гарови!

Гарчи бу анчайин сийқаси чиққан ақида бўлсада, уни тан олмасликнинг иложи йўқ: трансфер кампаниясини муваффақиятли ўтказган жамоалар мавсумни ҳам муваффақиятли ўтказдилар, агар уларни бир хил савиядаги рақобатчилари билан таққосласак. Нуну Санту ҳар бир харидида нишонга бехато урган ҳолда «Вулвз»­нинг барча оғриқли позиция­ларини муносиб ижрочилар билан кучайтирди. Ҳа, унга Жорже Мендеш яқиндан ёрдам берди, «бўрилар» 80 млн. фунт атрофида қарзга ботишди. Аммо дебютантлар илк мавсумдаёқ ўта самарали тўп суришди. Чап қанот ҳимоячиси Жонни Отто ва ҳужумчи Рауль Хименеслар мавсум давомида Сантунинг ишончли ижрочиларига айланишди ва кўпгина ўйинларда майдонга тушишди. Ярим ҳимоячи Дендонкер мураббийга ўйин сифатини пасайтирмаган ҳолда 3-5-2 схемасидан фойдаланиш имкониятини берди. Бу футболчилар мавсум бошида ижарага олинган эдилар. Жамоанинг иккинчи энг қиммат трансфери бўлган Жота учун «бўрилар» атиги 16 млн. фунт сарфлашди. Эвазига ҳужумчи дебют мавсумида 28 марта майдонга тушди ва 9та гол уриб, 5та голга ассистентлик қилди. Майдон марказида ҳукмронликни ўз қўлига олган Моутинью учун сарфланган 5 млн. фунт - сариқ чақадек гап.

Трансфер бозоридаги салбий намуна сифатида «Фулхэм»ни кўрсатиш мумкин. Бир қарашда, жамоа жарангдор номлар («Марсел»дан Ангисса, «Ницца»дан Мишель Сери) ва сифатли ижара («Боруссия Дортмунд»дан Андре Шюррле, «Арсенал»дан Чемберс, «МЮ»дан Фосу-Менса ва «Атлетико»дан Виеттолар) билан таркибни кучайтиргандек бўлганди. Ана шу ўзгаришлар учун 100 млн. сарф­ланди, аммо битта позицияга бир нечта футболчиларни харид қилиб, таркибдаги мувозанат бузиб юборилди. Оқибатда, Йоканович ва Раньери бирданига ёғилган юлдузлар ёмғиридан шошиб қолишди. Қўшимчасига, «Фулхэм» иш ҳақи ведомостини ошириб юборди: ҳафтасига сарфланган 816000 фунт «Тоттенхэм» харажатларидан икки бараварга оз, лекин 7-ўринни эгаллаган «Вулвз»нинг сарфларидан кўпроқ, «Кардифф»никидан нақ 1,5 бараварга кўп бўлди. Энди айтинг-чи, Чемпионшипга тушиб кетган жамоа Сери, Ангисса ва Митровичларнинг ҳар қайсисига 3,5 млн. фунтдан йиллик иш ҳақи бера оладими?

Трансферларга янгича ёндашган «Брайтон» 65 млн. фунт билан ўз муаммоларини бартараф этди: футбол оламига танилиб улгурмаган, лекин скаутлар орасида яхшигина нуфузга эга бўлган футболчилар таркибдан жой олишди. Бироқ Хьютон жамоаси ўта жўн услубда тўп сургани боис, янги харидлар таъсири умуман сезилмади.

Бу борада ижобий кўрсаткичга эришган «Ньюкасл» алоҳида эътиборга молик. Бенитес Рондонни ижарага олди, Шерни таркибга қўшиш учун атиги 3,6 млн. сарфлади. Якунда мана шу икки футболчи «Ньюкасл»да мавсумнинг энг яхши ўйинчилари бўлишди.

Етакчи олтилик вакиллари томонидан амалга оширилган ишлар ўз-ўзидан тушунарли. «Ливерпуль» ёзги трансферни аъло даражада ўтказди. Клопп жамоасига келган Фабиньо тўпнинг ҳаракат тезлигини оширди, Кейта мураббийнинг ротация имкониятларини кенгайтирди, Алиссон эса дарвоза чизиғига мустаҳкамлик бағишлади.

«Челси» Сарри учун зарур бўлган Жоржиньони, панд берган Куртуа ўрнига Кепани харид қилди ва айни керакли паллада Ковачични ижарага олди: Лофтус-Чик мавсум охирида талаб даражасида ўйин кўрсата бошлади. Баркли эса италиялик мутахассис ишончини тўла оқлай олмади.

«Арсенал» ҳимоя чизиғидаги муаммолардан фориғ бўла олмади. Унаи Эмери Лихтштайнер ва Сократисдек фахрийларни харид қилиш билан кифояланди. Тўғри, ёзда Лено ва Торрейралар ҳам «тўпчилар» сафини тўлдиришганди. Бироқ бу камлик қилди. Шу ўринда мутасаддилар нима учун иш ҳақи харажатларининг 15 фоизини ўзлаштираётган Месут Озилдан воз кечишмаганини тушуниш қийин. Шунга ўхшаш воқеа «МЮ»да ҳам юз берган ва якунда Моуриньо жамоани тарк этишга мажбур бўлганди. Чунки уни қанот ҳимоячилари билан таъминлашмагани етмагандек, ҳафтасига 350000 фунт оладиган Алексис Санчесни харид қилишганди. Озил ҳам шунча мояна олади.

«Тоттенхэм» умуман ҳеч қандай харидни амалга оширмади: ҳа, Почеттино бир амаллаб жамоани ЕЧЛ финалига олиб чиқди. Лекин ички мусобақада 4-ўрин билан кифояланиш - қониқарсиз натижа. Фикримизча, ҳимоя чизиғидаги носозликлар оқибатида кўплаб очколарни йўқотган «Арсенал» бу ўринга муносиброқ эди.

АПЛда гранд позицион ҳужумда моҳир бўлиши лозим

Назаримизда, айнан мана шу жабҳадаги устунлик жорий мавсум ғолиби тақдирини ҳал қилди, айнан шу позицион ҳужум сифатининг юқорилиги эвазига «Сити» «Ливерпул»нинг ўзиб кетишига йўл қўймади. Фаол ҳужум чизиғи томонидан амалга ошириладиган тажовузкор комбинациялар пухта режага асосланган ҳимоя тўсиқларини бартараф этишга қодир. Аввалги мавсумда бу вазифани уддалай олмаган «Ливерпуль» кўплаб очколарни бой бергач, Юрген Клопп асосий эътиборини позицион ҳужум сирларини ўзлаштиришга қаратди. У Фабиньони жамоага таклиф этиб, ўта вертикал 4-3-3 схемасидан 4-2-3-1га ўтди. Кейин мураббий ўз шогирдлари олдига тўпни имкон қадар тезроқ рақиб жарима майдончасига етказишни эмас, аниқ узатмалар ёрдамида ишончли тарзда самарали ҳужум уюштириш вазифасини қўйди. Фабиньо ҳимоя чизиғидаги вазифаларини тўлиқ ўзлаштириб олгач, Клопп 4-3-3 услубига қайтди. Бироқ кутилмаганда жамоа яна тез-тез очко йўқота бошлади: рақиблар бутун жамоа билан ортга чекинган ҳолда чуқур ҳимоя тўсиқларини барпо этишди.

«Ливерпуль» пойгани бой берди. Нима учун?

Юрген Клопп жамоаси 7 очколи устунликни йўққа чиқарди - буни олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди. Чунки мураббий мавсумнинг якуний босқичида асосий эътиборини олдинги чизиққа қаратди, 5 кишилик ҳимоя чизиғи умуман кўринмай қолди. Хендерсон ҳам ҳимоя чизиғига қайтмай қўйди. Клоппнинг бу тадбири «Саутгемптон», «Тоттенхэм» ва «Челси»га қарши баҳсларда «қизиллар»га қўл келди.

Дарвоқе, топ-олтиликнинг бошқа вакиллари хусусида: «Челси»нинг «Тоттенхэм»дан ўзиб кетишига Маурицио Саррининг ҳужумкор тизимни шакллантира олганлиги сабаб бўлди. Тўғри, жамоа ўйини позицион ҳужумнинг идеал намунасидан жуда йироқ, италиялик мутахассис жараённинг дастлабки босқичида турибди. Почеттино шогирдлари эса доимо марказий ва қуйи ҳимоя қўрғонларини бартараф этиш борасида муаммоларга дуч келишган. Мусса Дембеле кетганидан кейин вазият янада кескинлашди. Эътибор берадиган бўлсак, «шпорлар» рақибни марказий чизиқ ва унинг ортида кутиб оладиган жамоаларга («Уотфорд», «Бёрнли», «Вулверхэмптон») қарши беллашувларда кўплаб очколардан жудо бўлишди.

5 нафар ҳимоячи долзарблигини йўқотган эмас

Бунга ишонч ҳосил қилиш учун 7-поғонани банд этган «Вулверхэмптон» ўйинларига эътибор қаратишнинг ўзи етарли: 3-Х-Х модули ҳамон самара бермоқда. Нуну Санту 3 нафар марказий ҳимоячи иштирокидаги тактик схемадан бутун мавсум давомида фойдаланди, етарлича тайёргарликка эга бўлмаган рақибларини ҳимоя ва ҳужум чизиқларидаги сон жиҳатдан устунлик эвазига доғда қолдирди. 3-4-2-1 услуби иш бермай қолганида 3-5-2ни қўллади ва шу тариқа грандлар кушандаси унвонига эришди: «Тоттенхэм», «Челси», «Арсенал», «МЮ» ва «Ливерпуль» ҳеч бўлмаганда бир марта ана шу услуб «қурбон»ига айланишди, якунда чемпионлик унвонини ҳимоя қилган «Сити» ҳам дурангга рози бўлди.

Рафаэль Бенитеснинг «Ньюкасл»ини ҳам «Вулвз»нинг давомчиси де­йиш мумкин. Декабрь ойига қадар испаниялик мураббий 4-4-1-1 схемаси ва унинг 4-2-3-1 ва 4-4-2 кўринишларини қўллаш орқали 14 учрашувда 12 очко тўплаганди. 5 декабрдан бошлаб Рафа 3 нафар марказий ҳимоячидан фойдалана бошлади ва 24та ўйинда 33 очкога эга бўлди. Жумладан, «Сити» маҳв этилди, «Ливерпуль» дурангга имзо чекди.

«Саутгемптон»да ҳам шунга ўхшаш манзарани кузатиш мумкин. Хазенхютттль кегунига қадар «авлиёлар» 14 ўйинда 9 очко тўплаган ҳолда аутсайдерлар сафида эдилар. Кейинги 24 турда австриялик мутахассис 3 нафар ҳимоячини майдонга тушириш эвазига 30 очко жамғарди ва якунда 16-ўринни эгаллади.

Кишилар онгига сингиб улгурган 3-Х-Х тактик схемасининг нотўғри тал­қинини ўзгартириш осон эмас. Кўпчилик бу услубни фақат ҳимоявий «автобус» сифатида тушунади. Шу сабабли Конте ўз вақтида жиддий танқидларга дуч келганди. Ваҳоланки, у нисбатан кучлироқ рақибларга қарши шундай услубни қўлларди ва ҳужумкорликка оид ғоялари билан Моуриньодан кўра Саррига яқинроқ эди. Унаи Эмери ҳам 3 нафар ҳимоячи тизимидан ҳужумкорлик самарасини ошириш мақсадида фойдаланади, Гвардиола эса тўп назорати жамоасида бўлишини таъминлаш учун ҳимоя марказига 3 нафар ўйинчини туширади.

Британча кўҳна услуб иш бермаяпти

АПЛдаги дастлабки ўйинидаёқ «Кардифф»нинг элитада узоқ ушланиб қолмаслиги маълум бўлганди. Чунки Нил Уорнок ўта эски усуллардан фойдаланади. Яъни, мураббий ўз шогирдларидан рақибнинг ҳар бир ўйинчисини персонал тарзда таъқиб этишни талаб қилади. Унинг одатидан яхши хабардор бўлган рақиблар таниш схемани осонлик билан доғда қолдиришди. Олдинги чизиқдаги ҳаракатларнинг самарасизлигига ҳам дебютантнинг бир хил қолипда тўп суриши сабаб бўлди. «Кардифф» олис узатмалар бўйича АПЛ етакчиси. Бироқ футболчиларда тўпни эгаллаб олгандан кейинги ҳаракатлар режаси йўқ. «Бёрнли», «Ньюкасл», «Брайтон» ва «Хаддерсфилд» каби олис узатмалар шайдоларининг жадвал тубидан жой олишларига ҳам узатмалардан унумли фойдалана олмасликлари сабабчи. Ҳа, «Уотфорд» ва «Вулверхэмптон» ўйинларида олис узатмалар етарли. Бироқ Грасия шогирдлари тўпни эгаллаб олишдаги чаққонликлари, Нуну Санту йигитлари эса қанотлардан тўла фойдаланишлари эвазига олис узатмалардан тегишли самарани ола билишади.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 10:27, 28.05.2019.
Ўқилди: 4578 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.