Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Локомотив» янги футболчиларни таништирди

Баҳо:
+ | -

Бугун «Локомотив» клуби иккинчи даврадан олдидан ўз таркибига қўшиб олган футболчиларни таништирув маросимини ўтказди.

Давралар оралиғида Остон Ўрунов, Ариагнер Медина Смит, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов, Иброҳим Ғанихонов, Тохир Рафаэлов каби футболчилар «Локомотив» таркибига кўчиб ўтди.

Таништирув маросимида клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов ва янги футболчилар иштирок этишди. Жавоҳир Эсонқулов тиббий кўрикдан ўтаётгани сабабли матбуот анжуманига етиб кела олмади.

Дастлаб "темирйўлчилар" бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов ўз фикрларини билдирди:

– Жамоамиз одатда ёзги танаффус вақтида хорижда йиғинларда қатнашарди. Аммо давралар оралиғи қисқа бўлганлиги, шунингдек, асосий футболчиларимизнинг кўпчилиги январь ойидан буён дам олмагани туфайли ўз қароргоҳимизда йиғин ўтказишга қарор қилдик.

Йиғин вақтида ўтказилган бир неча ўртоқлик ўйинларида мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишди. Жамоамизни Филипп Раевац, Азизбек Ҳайдаров ва Ҳусниддин Ғофуров тарк этишди. Уларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдиришга қарор қилдик. Мураббийлар штаби билан келишган ҳолда биз жамоани ёшартиришга, яъни, тажриба ва ёшликни мужассамлаштиришга ҳаракат қилдик. Эътибор берган бўлсангиз, янги олинган футболчиларнинг катта қисми ёш йигитлар. Остон Ўрунов 2000 йилда туғилган. Унинг қандай имкониятларга эга эканлигини барча кўриб бўлди. Шунингдек, ёш ва умидли футболчимиз Тохир Рафаэлов 2002 йилда туғилган ва у илк марта профессионал клуб билан шартнома имзоламоқда. Иброҳим Ғанихонов ҳам эндигина 19 ёшга кирди. Никарагуалик Ариагнер Смит Медина 20 ёшга тўлган. Бу каби ёшлар орқали биз жамоанинг фундаментини янада мустаҳкамлаб олишимизга ишонаман. Шунингдек, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов каби тажрибали футболчилар ҳам жамоамизнинг кучига куч қўшади.

Шундан сўнг янги футболчиларга «Локомотив» клуби либослари тақдим этилди.

Унга кўра Остон Ўрунов – 6, Жавоҳир Соҳибов – 15, Медина Смит – 22, Тоҳир Рафаэлов – 40, Иброҳим Ғанихонов – 18, Жавоҳир Эсонқулов – 21 рақамларида ўйнайдиган бўлишди.

Шундан кейин янги футболчиларимиз ўзларининг қисқача фикрларини билдириб ўтишди.

Остон Ўрунов: “Ўтган йил қишда ҳам «Локомотив»дан таклиф тушган эди. Аммо ўшанда трансфер амалга ошмаганди. Шундан кейин «Навбаҳор»да 6 ой ўйнаб, «Локомотив»га ўтишга қарор қилгандим. «Навбаҳор»дан кетиш қийин бўлди. Клуб раҳбарияти ва мухлисларига раҳмат айтмоқчиман. Келажакда ўсишга эришиб Европага кетишни истайман. «Локомотив» бу йўлда трамплин вазифасини бажара оладиган клублардан бири ҳисобланади".

Жавоҳир Соҳибов: “Оғир жароҳат олганимдан кейин «Сўғдиёна» сафига бориб қўшилгандим. Самвел Бабаяннинг таклифи билан «Локомотив»га келдим. Агар рақобатдан қўрққанимда футбол ўйнамасдим. «Пахтакор»дан кетишимга рақобат эмас, жароҳат сабаб бўлган. «Локомотив»да ўзимни кўрсатишга ва олдинги жисмоний ҳолатимга қайтишга ҳаракат қиламан”.

Иброҳим Ғанихонов: “Бунга қадар «Пахтакор»да ўйнаганман. Дебютимдан кейин бироз вақт ўтиб жароҳат олгандим. Тузалганимдан кейин менга кўп ҳам имконият берилмади. Самвел Бабаяннинг таклифи билан «Локомотив»га кўчиб ўтдим. Бу ерда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан”.

Тоҳир Рафаэлов: “Фаолиятимни Янгиер академиясида бошлаганман. Самвел Бабаян мени «Локомотив»га таклиф қилдилар. «Локомотив» фаолиятимдаги илк профессионал клубим бўлади. Янги жамоамдаги футболчилар билан тезда чиқишиб кетдим. «Локомотив»да ўйнаш мен учун фахр”.

Медина Смит: «Локомотив»ни Ўзбекистондаги энг яхши клуб деб биламан. Клубнинг тизими, инфратузилмаси футболчи сифатида ўсиш учун энг идеал клуб ҳисобланади. Ҳали ёшман, клуб учун боримни беришга ҳаракат қиламан. Самвел Бабаян билан «Спартак» Юрмала клубида бирга ишлаганман. Унинг услуби жуда ёқади. Ўйинчиларга нисбатан муносабати, истаган жиҳатларни етказиб бериши, профессионаллик каби ҳислатларини доимо ҳурмат қиламан”.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 13:43, 24.07.2019.
Ўқилди: 5052 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.