«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне мураббийлик ишида нимага аҳамият қаратиш кераклигини айтиб ўтди.
«Клубда иш бошлашга розилик берганингиздан бошлаб, унинг тарихини ўрганишингиз керак. Бу қилишингиз мумкин бўлган энг яхши иш бўлади. Шундан сўнг ўз услубингизни клуб тарихига мослаштиришингиз зарур.
«Аякс»нинг ўз мактаби, ўйин услуби мавжуд, жумладан, «Барселона»да ҳам, «Ювентус»да ҳам. «Атлетико» ҳам ўз услубига эга. «Реал»нинг эса ўз услуби йўқ. Унинг услуби футболчилардан келиб чиқиб ўзгариб туради.
Баъзида «Манчестер Сити» каби клублар пайдо бўлади. Уларнинг тарихи йўқ, аммо жамоа Гвардиола кўрсатган йўлдан юради. Балки, орадан 10 йил ўтиб, «Сити» қандай услубда ўйнаётгани ҳақида фикр билдириш мумкин бўлади. Кўрамиз, Пепдан кейин бу клубга келган мураббий жамоанинг ўйин услубини ўзидан келиб чиқиб ўзгартирармикан.
Аммо, клуб тарихига эътибор бериш муҳим аҳамиятга эга: мухлислар ўзларига яхши таниш бўлган нарсани кўришлари керак, футболчилар эса клуб талабини осон тушунишлари лозим», – деди Симеоне.