Биласиз, сентябрь ойида Жаҳон чемпионати-2022 иккинчи саралаш босқичи учрашувлари старт олади. Саралаш баҳсларининг “D” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк ўйинини сафарда Фаластинга қарши ўтказади. Айни пайтда Эктор Купер бошчилигидаги миллий жамоамиз мазкур ўйинга ҳозирлик жараёнини давом эттирмоқда.
Миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ЎФА расмий сайтига тайёргарлик жараёни ҳамда олдиндаги учрашув борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Жаҳон чемпионати-2022 саралашининг иккинчи босқичига тайёргарлик жараёнини бошлаб олдик. Таркибдаги барча йигитлар йиғинга яхши кайфиятда етиб келишмоқда ва олдиндаги муҳим ўйинга жиддий ҳозирлик олиб боришмоқда.
Гуруҳимиз ҳақида гап кетганда, рақиблар ичида Саудия Арабистони терма жамоасини фаворит, деб ҳисоблаш мумкин. Шунингдек, бизнинг терма жамоа ҳам фаворит. Биз фақат гуруҳда 1-ўринни эгаллаш ва кейинги босқичга йўл олиш учун кураш олиб борамиз. Лекин гуруҳдан ўрин олган қолган рақибларга ҳам беписанд қарамаслик лозим. Мисол учун, Фаластин терма жамоасининг ҳам қандай ўйин кўрсатишини олдиндан тахмин қилиш қийин. Шу сабабдан ҳам олдиндаги ўйинларга тўлиқ куч билан жиддий тайёргарлик олиб борамиз.
Йиғинимиз бир ҳафта давом этади ва сўнгра иккинчи саралаш босқичидаги илк ўйинни Фаластин терма жамоасига қарши ўтказамиз. Мазкур баҳсга тайёр бўлиш учун вақтимиз етарли.
Ўз навбатида, биз саралашни муваффақиятли ўтказишга ва Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз, - деди маҳоратли футболчи.