Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бизда Элдор Шомуродовлар кўп, афсуски...

Баҳо:
+1 | -1

Бир неча кун олдин футболга бордим. Ҳам, ҳам танишлар билан дийдорлашув. Бир акамиз жиянини ҳам ўзи билан олиб келган экан. “Футбол мактабида ўқиган”, деди. “Зўр ўйнайди, кўр”, деди. Қизиқиб қолдим. Ўйинини томоша қилдим. Ҳақиқатан чиройли ҳаракат қилади. Жуда зўр ўйнайди. Иккала оёқда ҳам зарбаси кучли, дриблинги бор, нозик ҳаракатларга ҳам уста.

Йигитчага қизиқиб қолдим. Суриштирдим. Нега академияларга бермадингиз, футболчи бўладими энди, десам, “Қайда”, дегандек елка қисди. Нега энди, ўйини зўр-ку, тарбияласа, жуда яхши футболчи чиқади, дедим яна. Ака эса бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғини ишқалади: “Пул йўқ-да, ука”. Кейин гапириб берди. Ўзлари томондаги академияга бермоқчи бўлган, аммо пули етмаган. “Кейин, ука, академияга киритдим ҳам дей, барибир, катта клублар таркибига олинмайди”, деди. Клублар сафига кириш ҳам пул-да, деди. Агар ҳеч бўлмаганда “Насаф” ёки “Машъал” каби клубларда ўйнамаса (акамиз қашқадарёлик), шунча оворагарчилик ва расход увол-да, деди. Нима деяримни билмадим ҳам. Лекин, ишонинг, бу бола шу ҳолида ҳам Суперлигадаги унча-бунча футболчилардан яхши ўйнарди.

Рости, айни дамда академияга кириш ёки катта клубларда ўйнаш учун пул тўлаш керакми, йўқми, билмайман (гап пора ҳақида кетяпти). Аммо муҳими бу эмас. Муҳими халқнинг онгидаги тушунча. Халқ бугун ўзбек футболида машҳур бўлиш учун кимгадир ёки кимларгадир пул беришинг керак, таниш-билишинг бўлиши керак, деган фикрда. Афсуски, бу фикр бежизга туғилмаган. Олдинги йиллардаги коррупция ана шундай фикр уйғотган. Салбий фикрни эса йўққа чиқариш мушкул иш.

Бизда Элдор Шомуродов каби футболчилар истаганча топилади. Ишонаверинг. Фақат бунинг учун халқ онгида “Ўзбек футболида пул рол ўйнамайди, иқтидорлилар келиб ўзини кўрсатиши мумкин”, деган тушунчани уйғотиш керак. Футболи ривожланган давлатларни кўринг, асосий ўринда иқтидор туради. Агар дунё футболида ҳам пул бирламчи бўлганида, халқ футболнинг шаффофлигига ишонмаганида Роналду, Мессилар етишиб чиқмасди. Кўринг, қаранг, 8 та машҳур футболчининг камида 4 таси камбағалнинг боласи, ночор ҳаёт кечирган. Хўш, бизда, Суперлигада тўп сураётган футболчилар орасида шундайлардан санаб беринг-чи...

Бизда иқтидорлар кўп. Аммо ана шу иқтидорлар билан ўзбек футболи орасида катта жарлик ҳосил бўлган. Бу жарлик — ишончсизлик, коррупция, адолатсизлик... Яқинда Андижонда эди, адашмасам, Равшан Эрматовга мурожаат йўллашди. Болалар мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган жамоа қолиб кетяпти-ю, ютқазган жамоа кейинги босқичга йўл оляпти. Нега? Сабаби оддий — моддий манфаат кўзланган ўйинлар, таниш-билишчилик, хуллас, эски касалимиз.

Айни дамда коррупцияга қарши кураш кечяпти, ўзбек футболида ҳам шундай (ҳар ҳолда, нашрларда шундай ўқиймиз). Аслида, шундай қилмаса ҳам бўлмас. Ўзингиз ўйланг, терма жамоа клублардан футболчи олади, клублар академиялардан футболчи олади, академияга кириш эса пуллик бўлса. Яъни иқтидори зўр, аммо пули камнинг ўрнига иқтидори ўртачаю пули кўп академияга кираверса... Яъни бошланғич бўғиннинг ўзида “носозлик бўлса”. Қандай қилиб ривожланишни кутиш мумкин? Агар Роналду бизда туғилганида Роналдуга айланмас эди. Онасида пул йўқ, отаси кўп ичади, академияда ўқиганида тўловни зўрға амаллаб, ўзи оч юрган. Лекин иқтидори зўрлиги учун “Спортинг”га кирган ва машҳурликка эришган. Бизда эса ўша қашшоқ шароит  билан нимагадир эришиши даргумон бўларди. Месси ҳам шундай. Ёки Ибрагимович...

Шу пайтга қадар коррупция Суперлигани ич-ичидан чиритди. Умид қиламизки, айни дамда футболни тушунадиган Равшан Эрматов биринчи навбатда футболга эътибор қаратади. Тўғри, коррупцияни йўқотиш  бирданига бўладиган иш эмас, бунинг учун биринчи навбатда халқни иқтидори бор ҳар қандай бола ўзбек футболи келажагига айланиши мумкинлигига ишонтириш керак. Ана шунда ўзбек футболи камида Эрон футболи каби ривожланади. Бизда эса панада юрган Элдор Шомуродовларнинг кўксига шамол тегади, ўзбек футболида шунчаки эрмак учун юрадиган, қорни тўқ, “ютсак яхши, ютмасак ҳам ҳеч нарса эмас”, дейдиганлар эмас, футболга ўзининг халоскори, умиди сифатида қарайдиган иқтидорли футболчилар пайдо бўлади.

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 23:38, 08.10.2019.
Ўқилди: 13986 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.