Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Денисов, Қодирқулов ва Лутфулла Тўраев ҳақида гапирди

Баҳо:
+1 | -

Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Яман миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув терма жамоамизнинг йирик 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Вадим Абрамов саволларга жавоб бериб ўтди.

— Барчани ғалаба билан табриклайман. Футболчиларда бироз ҳаяжон сезилди, чунки ўйин аҳамияти юқори эди. Аммо улар бу босимни енгиб ўта олишди ва ғалаба қозонишди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

— Жамоангиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди, аммо нима учун сизнинг кайфиятингиз яхши эмас?

— Мен у ёшдан ўтганман. Ғалаба қозондик, бу яхши. Аммо хурсандчиликни баралла нишонлаш шарт эмас.

— Кеча «Яманни доскада ютиб бўлдик, энди майдонда ютиш қолди», деган эдингиз. Ўйин доскада бўлганидек чиқдими ёки ўхшамаган жойлари бормиди?

— Бу энди сизга яхшироқ кўринган бўлиши керак. Чунки тепада ўтирдингиз, мен эса пастда.

Мен бугунги ўйинни тўлиқ таҳлил қилишим учун видеони кўриб чиқишим керак. Албатта менга ёқмаган жойлар бўлди ва ўхшамаган жойларни тўғрилаш учун ҳаракат қиламиз.

— Йирик ҳисобдаги ғалаба алдамчи таассуротга сабаб бўлмайдими? Кучлироқ рақибга қарши кечадиган ўйинда бундай таассурот панд бериб қўйиши мумкин.

— Ҳисоб ўйинга мос бўлди. Бироқ ҳаммаси рисоладагидек бўлди, деб айтмаган бўлардим. Менга ёқмаган жойлари бор, аммо бу ҳақда гапиришни истамайман. Биз хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз.

— Санжар Қодирқулов МТЖнинг дастлабки йиғинида йўқ эди, кейинчалик уни чақирдингиз. Бу ҳақида нима дея оласиз?

— У «Бунёдкор»да қўл остимда ўйнайди ва унинг имкониятларини яхши билардим. Аммо шунда ҳам дарҳол миллий жамоага чақирмадим, аввал олимпиячилар сафидаги ўйинини кўриб, ишонч ҳосил қилгандан сўнг таркибга жалб этдим. Агар у бугун омадли ўйнамаганда менга нисбатан жуда катта танқидлар ёғиларди. Масалан, Лутфулла Тўраев борасида кўплаб танқидлар бўлди. Ишонинг, агар у бугун майдонда бўлганда, ўйинни бузиб қўймаган бўларди. Аммо танқидлар ёмғиридан сўнг бироз кайфияти тушди, «Бухоро» билан кўнгилдагидек ўйнай олмади. Шу боис термада олиб қолиб, уни қийнамасликка қарор қилдим.

— Майдон марказида футболчиларнинг тизимли ўйинини кўрмадик. Қанотлардан тўпни узатиш сизнинг кўрсатмангиз эдими?

— Майдон марказидаги ўйинни йўлга қўйиб олишга бизда вақт бўлмади. Агар жамоа билан ҳеч бўлмаса 10 кун йиғин ўтказиб, иккита ўртоқлик ўйини ташкил этганимизда, ўйинни анча яхшилаб олган бўлардик.

— Виталий Денисов мураббийнинг режаларига кирадими? 

— Унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Аммо Денисов ҳозирча ўйин амалиётига эга эмас. Шу сабабли спорт формасида бўлган ўйинчиларни чақиришга қарор қилдим. Виталий Денисов ҳозир қандай ҳолатда эканини билмайман. У ўз клубида ўйнай бошлагани ҳамоно албатта ўйинларини кўриб чиқамиз. Ўзбекистон паспортига эга барча футболчилар учун терма жамоа эшиги очиқ.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:48, 10.10.2019.
Ўқилди: 18398 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.