Ўзбекистон Кубоги ярим финалида кетма-кет икки йил мағлуб этилган "Бунёдкор" Суперлиганинг навбатдаги турида яна жамоамизга рақиблик қилади.
Бўлажак ўйин ушбу жамоаларнинг ўзаро умумий ҳисобдаги 31-учрашувига айланади. АГМК ва "Бунёдкор" қарама-қаршилиги тарихига назар соладиган бўлсак, ўтказилган ўйинларда 5 маротаба жамоамиз ғалабани тантана қилган, 6 бор дуранг қайд этилган ва 19 марта "Бунёдкор" ғалаба қозонган. Тўплар нисбати ҳам "қалдирғочлар" фойдасида: 61-31.
Жорий мавсум ҳисобидан мазкур ўйин ушбу жамоаларнинг тўртинчи беллашувига айланади. Қизиғи, "Бунёдкор" ва АГМК жорий мавсумда учта фронтда ҳам ўзаро тўқнаш келди. Дастлаб чемпионат доирасида ўтган Олмалиқдаги баҳсда собиқ футболчимиз Лутфулло Тўраевнинг голи "Бунёдкор"га ғалаба келтирган бўлса, Лига кубоги ва Ўзбекистон кубогида АГМК "қалдирғочлар"ни доғда қолдиришни уддалади.
Айни пайтда Суперлига турнир жадвалида "Бунёдкор" 35 очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди. АГМК ҳисобида эса 22 очко мавжуд ва жамоамиз 10-поғонада.
Мазкур ўйинни бошқариб бориш масъулияти ёш ҳакам Акобир Шукуруллаев зиммасига юкланди. Эътиборлиси, Акобир Шукуруллаев жорий мавсум ҳисобидан иккинчи бор айнан мазкур жамоалар иштирокидаги ўйинда ишлайди. Бунга қадар Лига Кубоги доирасидаги АГМК - "Бунёдкор" учрашувини ҳам бошқарганди.
Умумий ҳисобда эса Акобир Шукуруллаев жамоамизнинг 5-учрашувида ҳакамлик қилади. Ўтган йили "Локомотив" ҳамда "Қизилқум"га қарши ўйинларда ишлаган Шукуруллаев, жорий мавсум "Бунёдкор" ҳамда "Оқ-тепа" билан бўлган баҳсларни бошқарди. АГМК Акобир Шукуруллаев бошқарган учрашувларда қуйидаги натижаларни қайд этган: 3 ғалаба ва 1 мағлубият.
Суперлиганинг 22-тури доирасидаги "Бунёдкор" - АГМК ўртасидаги ўйин Тошкентдаги "Бунёдкор" ўйингоҳида 18 октябрь куни соат 17:30да бошланади. Бир кун аввал, яъни 17 октябрь куни соат 17:00да "Бунёдкор" академияси майдонида эса Ёшлар биринчилиги доирасида "Бунёдкор" ва АГМК ёшлари (U21) ўзаро баҳс олиб боришади.
Coca Cola Суперлига, 22-тур
18 октябрь
“Бунёдкор” – АГМК
Ҳакамлар: Акобир Шукуруллаев, Руслан Серазетдинов, Андрей Цапенко, Раҳимбек Каримов
Назоратчи: Сайфиддин Эрматов
Комиссар: Диёр Имомхўжаев