ЎФА мутахассислар гуруҳи республикамиздаги футбол академиялари, инфратузилма, болалар ва ўсмирлар футболи ҳамда оммавий футболга қаратилаётган эътиборни ўрганиб чиқишмоқда.
Асосий мақсад ушбу йўналишлар бўйича ҳолатни фақатгина қоғозда ёки рақамларда эмас, балки бевосита жойига, чекка худудлар, қишлоқларга бориб ўрганиб чиқиш ҳамда тегишли чораларни кўришдан иборат. Айнан шу ниятда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва масъул мутахассислар Сурхондарёда бўлишди. Ушбу воҳада ўзбек футболининг кўплаб юлдузлари етишиб чиққан. Уларни тарбиялаб берган футбол мактаблари, академиялар, жамоалар фаолияти ўрганиб чиқилди.
Хусусан, Термиз туманидаги футбол академияси, Термиз олимпия захиралари спорт мактаби, Жўрақўрғон туманидаги БЎСМ фаолияти кўздан кечирилди ва футбол секциялари даражасини ошириш ва ривожлантириш режаси тузилди. Бугунги кунда ўзбек футбол юлдузи бўлмиш Элдор Шомуродов ҳам айнан Жарқўрғон туманида вояга етганини ва футболимиз мутасаддилари терма жамоамиз аъзоси хонадонида бўлиб, оила аъзолари билан учрашишди.
Шунингдек, Денов туманида ҳам футбол мактаби барпо этиш бўйича спорт коллежи ҳудуди кўриб чиқилди. ЎФА вакиллари Сурхондарё футбол ассоциациясида ҳам бўлишди ва вилоят футболи борасидаги вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқишди. Шунингдек, футболни ривожлантириш режаларини муҳокама қилиш мақсадида Равшан Эрматов Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Абдиевич Боболов билан учрашди ва худудда футболни янги даражага олиб чиқиш борасида фикр алмашишди.