Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Онадан сўкиниш оддий ҳолга айланди. Нега?

Баҳо:
+2 | -

Аслида, бу мавзуда олдин ҳам мақола ёзган эдик. Аммо минг афсуски, деярли фойдаси бўлмади.

Она — муқаддас зот. Ҳар биримиз онамизни ҳурмат қиламиз. Она сўзини айтганда қалбимизда илиқ туйғу жўш уриши ҳам бор гап. Лекин...

Нафақат “stadion.uz”, балки бошқа сайтлардаги комментларни ўқиганимда ҳайратдан ёқа ушлайман. Бир-биримизни шунақанги ҳақорат қиладиган бўлиб кетганмизки? Айниқса, онадан сўкишлар шунақанги авж олганки... Бизга нималар бўляпти ўзи?

Сайтга кирадиганлар, коммент ёзадиганлар ақлини билиб, таниб улгурганлар. Улар орасида онанинг муқаддас зот эканлигини, ҳар кимнинг онаси борлигини билмайдиган инсон бўлмаса керак.

Ҳолат шу даражага етиб келдики, бир-биримизга қарши чиқишга устамиз ва дарров онадан сўкинишни бошлаймиз. Ҳатто бу сўкинишларнинг янгидан-янги кўринишларини яратамиз. Айниқса, Месси ва Роналду мавзуси тўқнаш келганда...

Мухлислар “Месси ва Роналду қиёсланган хабарларни камроқ чиқаринглар”, “Провакация қилманглар”, дея эътироз билдиришади. Тўғри, биз шундай хабарларни жойлаймиз, мақсад — ўқувчининг эътиборини тортиш. Ҳар доим талабга қараб таклиф бўлади. Ахборот бозорининг талаби шунақа. Месси ҳақидаги мақолада Роналдуга қиёслашимизнинг сабаби, бугунги кун ўқувчисига шуниси қизиқ. Биз ўқувчи талаб қиладиган мавзуни, ўқувчи хоҳлайдиган мавзуни беришимиз керак. Мақсадимиз, ўқувчиларни кўпроқ жалб қилиш, эътиборни тортиш, керак бўлса комментларни кўпайтириш. Аммо бу сиз сўкининг, дегани эмас-ку! Ҳатто мухлисларнинг онадан сўкинишида сайтни айблаганлар ҳам бўлди “Сиз атайлаб шундай қиласизлар”, деб. Кечирасиз-у, биз “Шуни жойласак, фалонча фалонча билан жанжаллашади, фалонча фалончани онасидан сўкади, зўр бўлади”, деб ният қилмаймиз. Астағфируллоҳ! Бунинг бизга ҳеч бир фойдаси ва кераги йўқ. Аксинча, дилимиз оғрийди. Биз ўқувчиларни баҳс-мунозарага чорлаймиз, қандай баҳс-мунозара қилиш эса ўзингизга ҳавола.

Месси ёки Роналду, “Реал” ёки “Барселона” — бу футболчилар ёки жамоаларнинг кучи, бир-биридан фарқи борасида соғлом фикрлар орқали баҳслашиш мумкин-ку. Йўқ, биз бир-биримизни ерга уришга, ҳақорат қилишга интиламиз. Биров бизнинг онамизни сўкса, жаҳлимиз чиқадию, аммо ўзимиз бировни онадан сўкаверамиз. Кимдир онамизни ҳақоратласа, бу ишни жирканч иш сифатида қабул қилиб, ҳазм қилолмаймиз-у, тағин ўзимиз жавобан худди шундай жирканч ишга қўл урамиз.

Аҳвол шу даражадаки, онадан сўкиш “Яхшимисан, ишларинг яхшими”, дегандек оддий гап бўлиб қолди. Ҳар икки гапнинг бирида “Э онангни...”, “Сани онанг шунақа” ва шунга ўхшаш куракда турмас гапларни келтирамиз.

Биласизми, ана шу мақолага билдирилган комментлар орасида ҳам қўпол сўзлар бўлса, онадан сўкишса, ҳатто менга нисбатан ҳам ҳақоратлар бўлса, ажабланмайман.

Пайғамбаримиз эъзозлаган оналар ҳаққи сиздан илтимос қиламан, оналаримизни ҳақоратламанг. Футбол, Месси, Роналду ва ҳоказолар ўткинчи, гуноҳга ботмайлик. Сиз бировни сўксангиз, у сизнинг онангизга келиб тегади. Шуни унутманг!

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:01, 23.11.2019.
Ўқилди: 9809 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.