Суперлиганинг сўнгги 26-турида бўлиб ўтган “Насаф” – “Динамо” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз устози Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Бугунги ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Биз бугун мухлисларимизни хурсанд эта олмадик. Бу беллашув нафақат Самарқанд жамоаси учун, балки биз учун ҳам муҳим эди. Мавсумни 5 ўринда якунлашда бизда имконият бор эди. Буни йигитларга уқтирган эдим. Бугунги натижа учун йигитларга алоҳида “раҳмат” айтмоқчиман. Футболчиларимдан бу даражадаги футболни умуман кутмаган эдим. Ечиниш хонасида ҳам улар билан жиддий гаплашиб олдик. Агар улар футболда ўсмоқчи бўлишса, ҳаракат қилишлари керак. Бугун кўрсатган ўйинимиз мағлубиятга лойиқ эди. Бугун биз ҳужум чизиғисиз ўйнагандек бўлдик. Бутун мавсум мобайнида бизни қўллаб турган мухлисларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
— “Динамо” жамоаси бугун тартибли ўйин эвазига ғалаба қозонди. Жамоага Тачмурод Агамуродов келгандан сўнг “Динамо” тартибли футбол намойиш эта бошлади. Улар тартибли ҳаракат қилганлари учун биз деярли вазият ярата олмадик. Бугун кўпроқ самарқандликларнинг ғалабасига биз сабабчи бўлдик. Футболчиларимиз бугун суст ҳаракат қилишди. Ёш жамоамиз ғалаба қозониб мавсумни 5-ўринда тугатса, бу биз учун ажойиб натижа бўларди. Биз бугун учун аламли мағлубиятга учрадик, буни ўзимиз ҳам тушуниб турибмиз.
— “Навбаҳор” жамоасидан футболчиларимизга жиддий таклифлар бўлди. Бундан ташқари “Пахтакор” жамоасидан ҳам қизиқишлар бор. Лекин буларни барчасини амалга ошиш-ошмаслигини вақт кўрсатади. Бу ҳақида раҳбарият билан муҳокама қиламиз. Ўйлайманки, бу футболчиларни клуб осонликча қўйиб юбормайди. Ёш футболчиларимиз ўсаябди, уларга таклифлар бўлиши табиий.
— Янги ҳомий ҳақида гап бўлди (Enter-engineering). Бу ишлар амалга ошса, клубимиз жиддий ўзгаришлар қилиши керак бўлади. Бизга савияли футболчилар зарур бўлади. Бу ҳақида раҳбариятга ҳам айтамиз. Чунки ҳар бир ўйинда мукаммал ҳаракат қилиш учун яхши таркибга эга бўлиш керак. Ўзингиз гувоҳи бўлдинглар, ёш жамоа билан мавсум давомида барқарор ўйнамадик. Қайсидир беллашувларда яхши ҳаркат қилдик, қайсидирларида эса аксинча. Мана бугунги баҳсда ҳам футболчиларнинг руҳий тарафдан кучсизлиги таблода ўз натижасини акс эттирди. Ўйлайманки, янги мавсумда ҳаммаси бошқача бўлади. Жамоа олдига катта мақсадлар қўяди. Чунки бизнинг мухлисларимиз жамоа юқори ўринларга курашиб, халқаро турнирларда иштирок этишига ўрганишган.