Ушбу юрт вакиллари асосан қишки спорт турларлари бўйича пешқадамлар сирасига киришади. Шунга қарамай, сўнгги йилларда совуқ ўлкадан ҳам кучли футболчилар етишиб чиқмоқда. Улар орасида ёш ва иқтидорли футболчиларнинг кўплиги кишини қувонтиради. Бугун ана шу футболчиларнинг бир нечтаси билан танишиб ўтамиз.
Александер Исак
Иккинчи Ибрагимович бўлиши таҳмин қилинган ҳужумчининг иқтидорини алоҳида қайд этиб ўиш лозим. 2017-йилнинг январ ойида “Боруссия Дортмунд” томонидан 8 миллион евро эвазига ҳарид қилинган ҳужумчи АИК клубидаги ўйинлари билан шов-шув кўтарган эди. Ўзининг 17 ёшида “Реал Мадрид” таклифини рад этганча Дормундга кўчиб ўтган ҳужумчининг фаолияти ўзи ўйлаган кўринишда давом этмади. Тинимсиз мураббийларнинг алмашавериши оқибатида унга 2 мавсум ичида 13 бор майдонга тушиш имкони яратиб берилди. Ўзини тўлиқ намойиш этишни уддалай олмаган ҳужумчи кейинги мавсумни Голландиянинг “Виллим II” сафида ижара асосида ўтказган бўлсада, ўз даражасини намойиш этишга муваффақ бўлди. Шветсиялик ҳужумчи 16 та учрашувда майдонга тушган бўлса, 13 та гол ва 3 та ассистни амалга оширишга муваффақ бўлади. Сермаҳсул мавсумдан сўнг, ҳужумчини Испаниянинг “Реал Сосьедат” клуби ҳарид қилди. Айни дамда, ҳужумчи ўйинларга асосан заҳирадан қўшилаётган бўлсада, аллақачон 3 та гол киритишга муваффақ бўлди. Унинг Ёши эндигина 20 да эканлигини инобатга олсак, барчаси ҳали олдинда эканлигига шубҳамиз йўқ.
Мартин Эдегор
Ушбу футболчи ҳақида кўплаб мақолаларда ўқиган бўлсангиз керак. Катта машхурликдан сўнг “Реал Мадрид” сафига бориб қўшилиш, кейин Голландия чемпионатларида ижарада тўп суриш ва айни дамда “Реал Сосиедат”нинг етакчи футболчиси. Айни дамда ярим ҳимоячи ўз фаолиятини қайта ишга туширишга муваффақ бўлгани таҳсинга сазовар. Янги мавсумнинг 15 та учрашувида 3 та гол ва 7 та ассистни амалга оширган Мартиннинг ишлари чакки эмас. Энг муҳими эса, “Реал Мадрид” уни ижара ўз якунига етгач қайтариш ҳақида бош қотирмоқда. Чаққон ва майдонни яҳши кўрувчи ярим ҳимоячига Мадридда эҳтиёж катта. Футболчининг ўзи ҳам ортга қайтишга қарши эмас. Агарда у ўсишда давом этса, кўпи билан 2 йилдан сўнг, “қироллик клуби” етакчисига айланиши мумкин.
Деян Кулусевски
Келиб чиқиши Македониялик бўлган Деян Шветсия пойтахти Стоголмда таваллуд топган ва Шветсия фуқороси саналади. “Аталанта” футбол мактаби тарбияланувчиси саналмуш футболчи учун клуб етарлича ўйин амалиётини тақдим этмади. Оқибатда, қаҳрамонимиз янги мавсумни ижара асосида “Парма” сафида бошлади ва барчанинг эътиборини ўзига қаратишни уддалади. Айни дамда чаққон ярим ҳимоячи учун Италиянин “Ювентус”, “Рома” сингари клублари кўз тикиб турибди. 186 см бўйга эга бўлишига қарамай, унинг тезлигига ҳавас қилиш мумкин. Майдон маркази ва қанотда ҳам бирдек фаол ўйин намойиш этувчи футболчи Шветсия терма жамоасида дебют қилишга муваффақ бўлди. Катта эҳтимол билан 19 ёшлик футболчи 2020-йилда бўлиб ўтувчи қитъа биринчилигида иштирок этади.
Якуб Бруун Ларсен
“Боруссия Дортмунд” жамоаси тарбияланувчиси сифатида деярли барча ёшдаги жамоаларда сардорлик боғичини таққан ярим ҳимоячини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Қанотнинг исталган нуқтасида бирдек фаол ўйин кўрсатишга қодир Ларсен аввалига клуб билан 4 йиллик шартнома имзолади ва асосий таркибга кириш учун уруниб кўрди. Аввалига буни уддасидан чиқа олмаган қаҳрамонимиз ўтган мавсумни ажойиб тарзда ўтказди ва клуб учун 30 та учрашувда майдонга тушди. Бу мавсумда эса, унинг ўрнини Торган Азар эгаллади. Ҳозирда заҳира футболчисига айланган Якуб қишда жамоасини алмаштирилиши таҳмин қилинмоқда. Унинг келажаги борасида ҳеч кимда шубҳа йўқ. Ҳаракатчан ва меҳнаткаш вингер исталган клубни кучайтиришга қодир. Унинг жисмоний холати ҳам аъло даражада бўлиб, исталган чемпионатда тўп суриш имконини беради.
Сандер Берге
2017-йилда норвегиялик футболчи учун 2 миллион евро тўлаган Белгиянинг “Генк” клубига қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Иқтидорларни излаб топиш бўйича етакчи саналган клуб яна бир бор ажойиб ҳаридни амалга оширишга муваффақ бўлди. Ушбу мавсумда ЙЧЛда иштирок этган Бергенинг ўйинлари кўплаб мутахассисларнинг эътиборини тортди. Ёш бўлишига қарамай, майдон марказида жуда ишончли ўйин кўрсатаётган Сандер аллақачон топ клублар эътибор марказида турибди. Майдон марказининг исталган нуқтасида бирдек фаоллик кўрсатишга қодир футболчи Белгия чемпионатида узоқ қолмаслиги аниқ. Миллий терма жамоасида дебют қилишга улгурган ярим ҳимойчи учун “Генк” 25 миллион евро талаб қилмоқда. Агарда, қишда Берге бошқа клубга ўтмаса, келаси ёзда бу нарх янада кўтарилиши аниқ.