Машҳур футболчи бўлиш учун “Реал Мадрид” ёки “Барселона”да тўп суриш шарт эмас. Юлдуз бўлиш учун баъзан кичик клубларда тўп суриш ҳам кифоя қилади десак, адашмаган бўламиз. Бугун ана шундай футболчилар ҳақида сўз боради.
Киллиан Мбаппе
Киллиан “Монако” жамоаси академиясига эрта қабул қилинади ва тенгдошлари билан асосий таркиб футболчиси даражасигача кўтарилади. Леанардо Жардим бошчилигидаги “Монако” сафида гуллаган Мбаппе ПСЖнинг гегемониялигига барҳам беришга муваффақ бўлади. Бундан ташқари, ЕЧЛ баҳсларида француз клуби билан кўрсатган ўйинлари уни тезда машҳур қилиб юборган бўлса, Россия яшил майдонларида ўтган ЖЧ футболчини тарихга абадий мухрлаб қўйди. Қаҳрамонимиз 2 мавсум давомида камтарин жамоада тўп сурган бўлса-да, ПСЖ клуби уни супер юлдуз мақомида 100 миллион евродан ортиқроқ суммага харид қилди. Унинг узоқ масофаларни тўп билан катта тезликда босиб ўтиши, ноодатий дриблинг ва гол сезиш қобилияти кишини ҳайрон қолдирмай қўймайди.
Эдин Жеко
Жуда қийин ўтган болалик Эдиннинг топ-ҳужумчи бўлиб етишишига тўсиқинлик қила олмади. Аввалига Босния биринчилигида дебют қилган ҳужумчи 2 йилдан сўнг Чехия клубига йўл олади. Мавсум олди йиғинлардан бирида Германиянинг “Вольфсбург” клуби скаутлари босниялик ҳужумчини тасодифан кўриб қолади ва у ҳақидаги барча маълумотларни Феликс Магатга жўнатилади.
Қаттиққўл мураббий классик ҳужумчини дарҳол харид қилибгина қолмай, уни асосий таркиб футболчига айлантиради. Германиядаги ўзининг илк мавсумида кўзга ташлаганмаган ҳужумчи кейинги мавсумда чинакамига “порлаш”га муваффақ бўлади. Клуб тарихида илк бор чемпионликни қўлга киритишни уддалаган жамоа сафида Жеко 26та гол киритади мавсум кашфиётига айланади. Кўплаб таклифларга қарамай, ҳужумчи яна 2 мавсум давомида “Вольфсбург” клуби шарафини ҳимоя қилади. 2010-йилга келиб “Манчестер Сити” таклифини қабул қилган футболчи “шаҳарликлар” сафида янги тарих яратиш учун туманли альбионга йўл олади.
Самуел Этo'О
“Реал Мадрид” сафида яроқсиз футболчи деб эътироф этилган ҳужумчини “Мальорка”дан бошқа бирорта клуб харид қилишни истамайди. Ўша пайтлари Примерода жон сақлаш учун кураш олиб борувчи жамоа сафига келиб қўшилган камерунлик футболчи қисқа муддатда омма эътиборига тушади.
Этo'О янги жамоасидаги иккинчи мавсумида барчани ҳайратда қолдириб жамоасини чемпионат ўйинларида бронза медал эгасига айлантиради. Мавсум давомида 12 та гол ва 17 та ассистни амалга оширган ҳужумчи, нафақат Испания балки, бутун Европани ҳайратда қолдирибгина қолмай, Католония жамоасини 4-поғонага тушириб юборган голга муаллифлик қилади. Қаҳрамонимиз кичик бюджетли жамоада тўп суришига қарамай, чинакам супер ҳужумчи мақомида Каталониянинг “Барселона” жамоаси томонидан харид қилинади ва келажакда Месси ва Роналдиньо билан фантастик учликни ҳосил қилади.
Алан Ширар
Британия футболи тарихидаги энг машҳур футболчилардан бири бўлишига қарамай, Алан Ширар бирор маротаба гранд клубларда тўп сурмаган. Ўз фаолияти давомида бир йўла икки клубнинг афсонасига айланган ҳужумчи 1993-йилга қадар АПЛдаги ўртамиёна ҳужумчилардан бири эди. “Блекберн Роверс” сафида 1994 ва 1995-йилги мавсумларда порлаган ҳужумчи жамоаси учун АПЛ бош совринини қўлга киритишда катта хизмат кўрсатади. Ўзининг 25 ёшида клуб учун 138 та ўйинда иштирок этган Ширар 112 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлади ва клубни чинакам юлдуз сифатида ўша даврлар учун фантастик сумма эвазига тарк этади.
Жейми Варди
Футболни кеч бошлашига қарамай, ҳаваскор клуб футболчисидан “Лестер”нинг асосий снайпери даражасига кўтарилган ҳужумчи ҳақида алоҳида филм суратга олиш мумкин. “Лестер эртаги”нинг бош қаҳрамонларидан бири, собиқ жамоадошлари сингари гранд клубларга ўтиб кетиш ўрнига, клуб шарафини охиригача муносиб ҳимоя қилишни авзал кўргани эътиборга молик.
Клаудио Раньери бошчилигидаги “Лестер”нинг фантастик чемпионлиги Жейми учун мисли кўрилмаган машҳурлик олиб келди. Терма жамоа ҳақида орзу ҳам қилмаган ҳужумчи кўп ўтмай миллий жамоа либосини кийди. Айни дамда эса “Лестер” жамоаси учун катта наф келтиришда давом этмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида АПЛдек шиддатли биринчиликда ўртамиёна жамоа билан машҳурликка эришган ҳужумчига қойил қолмасдан иложимиз йўқ.