Кириш Регистрация

АПЛда кўриниш берган барча япониялик футболчилар

Баҳо:
+ | -

Айни дамда бутун футбол оммаси томонидан Такуми Минаминонинг “Ливерпуль”га ўтгани кенг муҳокама қилинмоқда. Дарҳақиат, ушбу футболчининг имкониятлари чексиз, бироқ АПЛда ўйнаб кетиши учун бироз вақт талаб этилади. Бугун биз Минаминога қадар АПЛ ҳавосидан нафас олган бошқа япониялик футболчиларни ёдга олиб ўтмоқчимиз.

Кадзуюки Тода

Япониялик футболчининг АПЛдаги саргузаштлари жуда эрта якунланди десак, адашмаган бўламиз. 2003-йилда ижара асосида япон клубидан “Тоттенҳем”га келиб қўшилган марказий ҳимоячи “Шпорлар” сафида бор йўғи 4 тагина ўйин ўтказган холос. Ўзи иштирок этган 4 та ўйинда ҳамайтарли ҳеч нарсани уддалай олмаган ҳимоячи ( 170 см бўй билан АПЛда ҳимояда туришдан наф йўқ) Голландия биринчилигига йўл олади. “Ден Хаг” клуби сафида 16 та учрашувда майдонга тушган япониялик футболчи билан клуб шартнома тузишни истамади ва Тода ортга қайтиб кетди. 2013-йилга келиб эса, Япониянинг қуйи лигасидаги жамоалардан бирида бутсаларини михга илди.

Муто

 

Ўтган мавсумда Япониялик ҳужумчи учун “Ньюкасл” жамоаси 10 миллион евродан воз кечгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Германиянинг Майнц клуби сафида 3 та ишончли мавсумларни ўтказган ҳужумчи ҳақли равишда АПЛдан чорлов олган эди. Афсуски, туманли албионда унинг “кетмони учмай қолди”. Ўтган мавсумдан бошлаб то ҳозирги кунларимизга қадар ҳужумчи атиги бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Бу мавсумда ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган ҳужумчи терма жамоадаги ўрнини ҳам йўқотиб қўйди.

Рио Миячи

 

Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган 2009-йилдаги ЖЧдан сўнг, япониялик футболчига бўлган эътибор бирданига кучайиб кетди. Худди бразилияликлар сингари кучли теҳникага эга бўлган Риё Миячи бир йўла бир нечта клублар қизиқишига сабаб бўлган бўлсада, футболчи айнан “Арсенал”ни танлади. Аввалига Англияда ишлаш учун виза ола олмаган ҳужумчи бир мунча вақтдан сўнг жароҳат ортириб олди. Кейин эса, узоқ давом этган ижаралар бошланди. Голландия чемпионатидаги омадли мавсум ҳам уни “Арсенал”да ушланиб қолишига камлик қилди. “Болтон” ва “Уиген” жамоаларидаги ижаралар ҳам Арсен Венгернинг қарорини ўзгартира олмади. Миячи умумий ҳисобда АПЛнинг 11 та учрашувида ишторк этган бўлса, шуларнинг фақат биттасидагина “Арсенал” либосида ҳаракат қилган.

Инамото

 

21 аср бошида харид қилинган япониялик футболчи “Арсенал” томонидан Осиё бозорига кириб бориш учун ўйланган бизнес режа эди холос. Футболчининг ўзи ҳам буни яхши тушуниб тургани боис,асосий таркиб учун курашиб ҳам ўтирмади. 2002-йилда бўлиб ўтган мундиалдан сўнг, Инамотога АПЛнинг “Фулҳем” жамоаси сафига бориб қўшилади. “Арсенал” сафида бирорта ўйин ўтказмаган футболчи “Фулҳем”да “гуллаган” даврларини ўтказади ва жамоа билан “Интертотто” кубогида зафар қучади. Афсуски, кераксиз пайтда ортириб олинган жароҳат футболчини сафдан чиқарди ва у бирин кетиш клуб алмаштиришга тушиб кетди. 2006-йилда Англиядаги фаолиятига нуқта қўйган япониялик футболчи юртига қайтиб кетди.

Ҳидятоши Наката

 

Осиё қитъасининг барча замонлардаги энг яхши футболчиларидан бири Наката ҳам АПЛ ҳавосидан нафас олганлардан бири. Ҳидятоши японияликлар орасида биринчи бўлиб Европа клубларида омадли тўп сурган футболчи саналади. Қаҳрамонимиз “Рома” сафида чемпионликни қўлга киритишни уддалагач, чинакам супер юлдузга айланди. 2005-йилда футболчи ижара асосида “Болтон” клуби сафига бориб қўшилади. Инглиз клуби мавсум сўнггида ярим ҳимоячининг контрактини сотиб олмоқчи эд, бироқ япония футболи афсонаси 29 ёши бутсаларини михга илишга қарор қилади. Унинг энг кучга тўлган пайтида бундай қарор қабул қилганини тушунтириб бера олмади. Футболчининг ўзи эса, шунчаки, эътиборини бизнесга қаратмоқчи эканлигини маълум қилди холос.

Шинжи Кагава

 

Ўзининг “Боррусия Дортмунд”даги фаолияти орқали танилган ярим ҳимоячи шахсан Сер Алекс Фергуссоннинг эътиборини тортгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас. 2012-йилда 16 миллион евор эвазига “қизил иблислар”дан бирига айланган Кагава икки йилдан сўнг 8 миллион эвазига “Боруссия”га қайтариб юборилади.

Мая Ёшида

АПЛда узоқ яшовчилардан бирига айланган ҳимоячи ўзининг туманли албиондаги 8-мавсумини ўтказмоқда. Голланд клубидан 3 миллион евро эвазига ҳарид қилинган Ёшида “Саутгемптон”нинг бир неча йил давомида асосий ҳимоячиси вазифасини ўтаб келаётган эди, бироқ “Лестер”дан қабул қилиб олинган шармандали мағлубиятдан сўнг барчаси бироз ўзгарди. Эндиликда “авлиёлар” Ёшидани заҳира футболчиси сифатида қабул қилишмоқда. Кўрамиз, ҳимоячи бу босимни енгиб ўта олармикан?!

Шинжи Оказаки

 

“Лестер” учун ўзининг энг кучга тўлган 4 йилини тақдим этган ҳужумчи клуб тарихидан муқим ўрин олиши аниқ. Доиммо кулиб турувчи меҳнаткаш йигит инглиз тилини билмаса ҳам жамоа ўйинидан тушиб қолмасликка тришар, бу эса, унга бўлган хурматнинг ошишига сабаб бўлган эди. Ўзининг “тулкилар” сафидаги илк мавсумидаёқ АПЛ чемпионлигини қўлга киритган ҳужумчи голлар борасида мақтана олмайди. Жамоа учун 114 та ўйинда иштирок этган япониялик футболчи ўз ҳисобига 14 та гол ёзиб қўйган холос. Шундай бўлсада, унинг майдонда бажарган қора ишини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Унинг “тулкилар томошаси”даги ролини инобатга олсак, АПЛ тарихидаги энг кучли япониялик футболчи деб эътироф этишга ҳақлимиз.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 22:45, 30.12.2019.
Ўқилди: 3855 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.