Одатда "Реал" учун қишки таътилдан кейинги биринчи ўйин қийин бўлиб келган. Жамоа сўнгги бешта мавсумнинг 4тасида янги йилни ғалаба билан бошлай олмаган. Зидан жамоаси бугун бўлиб ўтган «Хетафе»га қарши ўйинда ёрқин ўйин намойиш қила олмади. Шунга қарамай, "Қироллик клуби" 3 очкони қўлга киритди.
Тибо Куртуа биринчи бўлимда 3 марта ажойиб сэйв намойиш қилиб, ўз жамоасини муқаррар голлардан қутқарди. "Мадрид" жонига эса "стандарт"лар ора кирди. 34-дақиқада Менди қанотдан етказилган узатмага Варан сакради, дарвозабон эса мувафақиятли чиқа олмади. Натижада тўп "Реал" ҳимоясининг боши ва посбоннинг қўллари аралаш тўрга бориб тушди. Гол Давид Сория автогол сифатида ёзилди.
Иккинчи бўлимда эса Варан барибир гол урди. Кроос томонидан етказилган узатмани ҳимоячи бош билан мезбонлар дарвозасига жойлаб қўйди. Видеоёрдамчи ҳакам ушбу вазиятни узоқ таҳлил қилиб, якунда голни инобатга олди.
Мазкур гол амалда ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди. Мадридликлар қолган дақиқаларда ишончли ҳимояланишди. Боз устига, ўйин қўшиб берилган 6 дақиқанинг сўнггисида меҳмонлар қарши ҳужумга чиқиб кетишди ва Вальверденинг узатмасидан кейин Модрич бўш дарвозани ишғол қилди.
Шу тариқа, "Реал" 2020 йилни ғалаба билан бошлаб, ўз очколарини 40тага етказиб олди.
Испания Ла лигаси, 19-тур
Хетафе – Реал Мадрид 0:3 (0:1)
Голлар: 0:1 – 34, автогол Сория, 0:2 – 53 Варан, 0:3 – 90+6 Модрич.
Хетафе – Сория, Кукурелья, Джене, Кабрера, Ньом (Ндиайе, 81), Арамбарри, Максимович, Фажр (Молина, 60), Суарес, Анхель Родригес, Мата (Портильо, 80).
Реал Мадрид – Куртуа, Милитао, Менди, Карвахаль, Варан, Каземиро, Кроос (Вальверде, 71), Иско (Винисиус Жуниор, 71), Модрич, Бэйл, Бензема (Йович, 81).
Огоҳлантиришлар: Ньом (34), Суарес (39), Йович (82), Портильо (90), Менди (90).