Бокс бўйича Рио Олимпиадаси финалчиси, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов ҳам айни пайтда терма жамоамиз билан биргаликда Ангрен шаҳри, Янгиобод базасидаги йиғинда иштирок этмоқда. Профессионал боксдаги фаолиятини бироз тўхтатиб турган вакилимиз Риодаги кумуш медални Токио Олимпиадасида олтин медалга айлантириш учун астойдил бел боғлаган. Эътиборингизга Шаҳрам Ғиёсовнинг ўз олдига қўйган режаси ва лицензион мусобақага олиб бораётган тайёргарлиги бўйича қисқа суҳбатимизни ҳавола қиламиз:
— Лицензион мусобақага олиб борилаётган йиғин қандай кечмоқда?
— Ўтиб бораётган йиғинга ҳар бир боксчининг шахсий мураббийлари ҳам жалб этилган. Бу самарадорликни ошириб бериши аниқ. Қолаверса, Марат ака Қурбонов бошчилигидаги мураббийлар штаби машғулотларни диққат билан назорат қилиб бормоқда. Яна ҳам асосийси олдинда бизни спарринг жанглари кутиб турибди. Баъзи вазн тоифаларида якуний таркибни аниқлаб олиш учун йиғиндан сўнг Тошкентда спарринг ўтказилади. Шундан кейин Хитойдаги лицензион мусобақада қатнашувчи якуний таркиб эълон қилинади.
— Хитойга борадиган бўлсангиз, Осиё минтақасида асосий рақибларингиз деб кимларни айта оласиз?
— Вазнимда Қозоғистон, Ҳиндистон ва япониялик боксчилар ҳозирда анча тажриба орттиришган. Аввал улар билан жанг қилиб, ғалаба қозонишга ҳам муваффақ бўлганман. Бироқ фаолиятимнинг охирги 2 йили профессионал боксда бўлиб, ҳаваскор боксдан бироз узоқлашдим. Мана энди яна мураббийларим билан бу йўналишда ҳам астойдил ишлаяпмиз. Насиб бўлса, Риодаги кумуш медални Токиода олтинга айлантирмоқчиман.
— Шундай фикр бор: ҳаваскор бокс профессионалдан кўра қийин. Сиз бунга қандай қарайсиз?
— Тўппа-тўғри. Булар иккиси худди бошқа-бошқа спорт, десаям бўлади. Сабаби ҳаваскор боксда машғулотлар, юкламалар ҳаммаси бошқача. Ҳаваскор боксда жанг 3 раундда якунига етади ва барча эътибор тезликка қаратилади. Профессионал боксда эса учинчи раунддан сўнг темп беришни бошлаймиз. Ичимда Олимпиадада олтин медални қўлга киритиш армони қолиб кетаётган эди. Устозларим шундай ниятимни амалга ошириш учун имкон беришди ва бундан самарали фойдаланган ҳолда халқимизни хурсанд қилишга ваъда бераман.
Маълумот учун, Янгиобод йиғини 14 январь куни ниҳоясига етади ва терма жамоамиз бир неча кун ўтгач Хитойга йўл олади. Ухань шаҳри 2-15 февраль кунлари бокс бўйича Осиё қитъаси учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақага мезбонлик қилади.