У хоҳ миллий жамоа бўлсин, хоҳ ёшлар, хоҳ ўсмирлар ва ё бирор клубимизнинг халқаро ўйини — ҳаммасида шукуҳ, кайфият бошқача. Бундай ўйинларни стадиондан томоша қилиш икки карра зўр! Аммо барчасидан ҳам зўри — ўйинни шарҳлаш!
Бугун Ўзбекистон U-23 жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўйинини шарҳлаш менинг чекимга тушган. Бу нафақат хурсандчилик, балки масъулият ҳамдир. Ўйиннинг бориши ва якунда қандай натижа қайд этилишига қараб ҳам ишингизга баҳо берадиган — мағлуб бўлсак, айбдор излаб, шарҳловчига ташланадиганлар етарли. Лекин бу томонини ўйламайман. Бугун мағлуб бўлмасак кифоя. Дуранг ҳам бизни кейинги босқичга олиб чиқади. Яхшисидан умид қилиб, масъулиятли, ҳал қилувчи ўйинни шарҳлашга тайёргарлик кўраман.
Бу ўйин бизни Олимпиада йўлланмасига янада яқинлаштиради. Айтиш мумкинки, энг масъулиятли ўйин(лардан бири)!
Ўзбекистонга омад тиланг! Мен эса ўз вазифамни аъло даражада бажаришга максимум ҳаракат қиламан. Мухлислар учун менинг шарҳим ҳатто аҳамиятсиз бўлиб қолсин! Менинг овозимни-да эшитмай қолишсин мухлислар. Шундай ўйин бўлсин-ки, мутлақо охирги планда қолиб кетай, эътибордан четда қолай. Бунинг учун эса бизга мақбул натижа зарур.
Демак, соат 15:00, СпортТВ. Live
Ўзбекистон – Жанубий Корея
Олға, Ўзбекистон!