Кириш Регистрация

Сирли Пабло Мари

Баҳо:
+ | -

Лондоннинг “Арсенал” жамоаси қишки трансфер ойнасида кутилмаган юриш билан барчани ҳайратда қолдирди. “Кононирлар” трансфер қиймати 1,8 миллион еврога тенг ҳимоячини мавсум сўнггига қадар 5 миллион евро эвазига ижарага олишди. Мари Бразилиядан чиққан  ёш ва иқтидорли футболчи эмас. У иккинчи Маркинос ёки Тиаго Силва бўлиши башорат қилинаётган тинейджер ҳам эмас. У Испания Сегундасида 135 та, Сегунда Б да 73 та учрашувда майдонга тушган 26 ёшли испан. Мақоланинг сарлавҳаси ҳам шу фактлар асосида танланди.

Артетага бегона эмас

Микел ўз мураббийлик фаолиятидаги илк трансфери сифатида айнан Паблон танлади. Мураббий Марини танигани учун балки шу ишга қўл ургандир. Артета ва Гвардиола 2016-йилда Сегундада тўп сураётган ҳимоячини 200 минг евро эвазига жамоага қўшиб олишган эди. Энг қизиғИ шундаки, Мари шу қадар Гвардиолада ёмон таассурот қолдирган экан-ки, ҳимоячи ўша йилиёқ “Жирона”га ижарага бериб юборилади. Шундай бўлсада, мураббийлар штаби ўз футболчисини кузатишда давом этгани аниқ. Артета учун Пабло Мари биз ўйлагандан анча яхши таниш бўлиб чиқмоқда.

Омадсиз ва омадли ижара

Испанияга “Маначестер Сити” футболчиси мақомида борган йигитнинг ишлари сира юришмади. Қаҳрамонимиз бутун мавсум давомида атиги 8 (асосий таркибда 6) ўйинда майдонга тушди. Қайтанга, Голландиянинг НАК клубидаги фаолият анча омадли чиқди. Хатто голландлар ижарадаги футболчига сардорлик боғичини ҳам топширишгача боришди. Мусобақа жон салқаб қолиш учун кураш олиб бораётган жамоа асосан ёшлардан ташкил топгани учун мураббий шундай қарорга келган эди. Қувонарлиси шундаки, Пабло ўша мавсум жамоа билан элитада қолишни (14-ўрин) уддалади. Бундан ташқари, уни Голландия чемпионатининг икки бор ойнинг энг яхшилари қаторида кўрдик.

Сал қолган эди…

Омадли мавсумдан сўнг, Примерога қайтиш учун курашаётган “Депортиво” сафини тўлдирган ижарачи Мари учун ҳаммаси яхши бошланди. Жамоа сўнгги турларга қадар қулай имкониятни сақлаб турди, бироқ ҳал қилувчи плей-офф ўйинларида вазиятни қўлдан чиқариб юборди. Аввалига “Малага” тўсиғидан ўтилди. Ҳал қилувчи баҳснинг биринчисида "Мальорка” 2:0 натижаси билан мағлуб этилди. Барча “Депортиво”нинг “Ла Лига”га қайтиши ҳақида сўзлаб турган бир пайтда, жавоб учрашуви 0:3 натижаси билан якунланди. Бутун мавсум давомида “кўтарилиш”га интилган “Депор” “еттим деганда қоққилиб” Сегундада қолиб кетди. Афсуски, Мари ўша аламли мағлубият билан тугаган ўйиндагина иштирок этди. 193 см бўй эгаси "иккинчи Пике" мақомини бир кунда бой берди.

Ажойиб “Фламенго”

Ўтган йилнинг июл ойидан бошлаб, декабр сўнггига қадар Бразилия клуби сафида 30 та ўйинда майдонга тушган ҳимоячи барча учрашувларни тўлиқ ўтказди. Жоржо Мендеш қўл остида Пабло ўзи сингари бўйдор Родриго Каё билан ажойиб тандем ҳосил қилди. Мураббий ҳимоячиларга ишонган холда рақибларни эрта кутиб олишга мўлжалланган таваккал ўйин услубидан фойдаланишни бошлади. Тактикага катта урғу берилмайдиган Жанубий Америка футболида “Фламенго” чинакам бурулиш ясай олди. Жамоа муросасизлиги борасида Бундеслигадан қолишмайдиган чемпионатда ғолиб чиқибгина қолмай, “Либертадорис” мусобақаси олтин медалларини ҳам қўлга киритди. Шундай бўлсада, жамоа ҳимоясини ортиқча мақташга ҳали эрта. Мари бошчилигидаги ҳимоячилар 30 та учрашув давомида 27 бор гол ўтказиб юборишга мажбур бўлишди.

Ҳеч кимга керакмаслар “Арсенал”да етарлича топилади

Пабло Марининг тўлақонли ўйинларини ҳеч йўқ иккитасини кўрмасдан туриб фикр билдиришга эрта. Яхшиси ушбу трансфер ҳақида “Арсенал” афсонаси Пол Мерсон айтган сўзлар билан чекланамиз.

“Ушбу трансфер айни дамда “Арсенал” нақадар қийинчиликда эканлигни кўрсатиб турибди. Биз жамоанинг аввалги даражаси сабабли грандлар қаторида тилга оламиз, аслида клуб ўртача фаолият олиб бормоқда. Гранд жамоалар ҳимоядаги муаммоларни ёпиш учун 60 миллион евродан воз кечишга қодир бўлиши керак. Ана шундай ҳимоячилар ўйиндаги фарқни белгилаб беришга қодир. Артета ҳимоа оқсоқланаётганини кўрди ва иккита ҳимоячини харид қилди. Қандайдир Соареш ва сегунда қироли Пабло Мари ўйиндаги фарқни белгилаб берадиган футболчилар эмас. Менимча, энди “Арсенал” трансфер ойнасида кураш олиб борадиган жамоа эмас. Улар кўпроқ ҳеч ким кузатмайдиган футболчиларга эътибор қаратидаган клубга айланиб қолишди.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 01:34, 05.02.2020.
Ўқилди: 5591 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.